Тенглик — адолат ва демократиянинг энг устувор талаби

09:55 14 Июнь 2022 Жамият
2317 0

Дунё мамлакатларининг конституцияларида давлат ва жамият ҳаётининг энг муҳим масалалари, давлатнинг асосий функциялари, жамият шаклланиши ва давлат қурилишининг асосий йўналишлари, шахс ҳуқуқлари ва эркинликлари каби энг муҳим қоидалар расман мустаҳкамланган. Ўз конституциясига эга давлатларда ушбу қоидаларни ўзида акс эттирган Конституция асосий ҳуқуқий манба, қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишнинг асосий пойдевори ва ҳуқуқнинг устувор тамойилларни белгиловчи Асосий қонун сифатида эътироф этилади.

Мустақил Ўзбекистонимизнинг Асосий қонуни ҳақида фикр юритар эканмиз, беихтиёр қадимий аждодларимизнинг эзгу ғоялари “Авесто” китоби, буюк соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг “Тузуклари” ҳамда Шарқда “Муаллими Соний” деб ном қозонган улуғ қомусий олим Абу Наср Фаробийнинг“Фозил одамлар шаҳри” ҳамда бошқа улуғ алломаларимизнинг бебаҳо асарлари ёдга тушади. Зеро, бу асарларнинг барчаси халқимизни эзгулик ва улуғлик сари чорловчи, истиқболга ва бахт-иқболга бошловчи муқаддас ва қутлуғ китоблардир.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида инсон ҳуқуқига содиқлик, республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечириши, фуқаролар тинчлигини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланиб, унинг 13-моддасида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши назарда тутилди. Шунингдек, Конституциянинг иккинчи бўлими тўла инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчларини тартибга солишга бағишланди.

Ислоҳотларимизнинг узвийлиги ҳамда давомийлигини таъминлаш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан тақдим этилган Тараққиёт стратегияси доирасида амалга ошириладиган энг устувор вазифаларнинг биринчи ва иккинчи йўналишлари ҳам айнан инсон ҳамда фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги ишларимизни фаол давом эттиришга ҳамда адолат ва қонун устуворлиги — халқчил давлат қуриш, инсон қадр-қимматини таъминлашнинг энг асосий ва зарур шарти эканини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

Дарҳақиқат, жамият ва давлатнинг бугунги кунда эришаётган ютуқларида, хусусан инсон ҳуқуқларига доир қонунчилик тизимини такомиллаштиришда ҳамда келажак учун ишлаб чиқилаётган режа ва дастурларнинг ҳаётийлигини таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг тутган ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.

Айниқса, кишилик жамияти вужудга келган вақтдан бошлаб, инсонлар тенглик ҳақида, давлатчилик муносабатлари келиб чиққан вақтдан бошлаб эса, ҳурлик ва озодлик ҳақида фикрлай бошлаганлар. Тарихий манбаларнинг маълумот беришича, инсонлар ўртасида лозим бўлган тенглик гоҳида тўлиқ, гоҳида фақат расман, гоҳида айрим табақа вакиллари ўртасида, гоҳида барча инсонларга тегишли бўлиши ғоялари илгари сурилган. Ўрта Осиёга ислом дини кириб келгунига қадар асосий кўпчилик инсонлар эътиқодига айланган зардуштийлик, манихеизм ва маздакийлик каби дин ва ғоявий оқимлар бунга яққол мисол бўла олади. Масалан, қадимги мутафаккирлар: юнон файласуфлари Протогор ва Алкидамант барча инсонларнинг тенг бўлиб туғилганлиги ҳақида фикр билдирган.

Тарихдан маълумки, ижтимоий тенглик, жамиятда инсонлар имкониятларининг тенглигини таъминлаш мақсадида қўзғолонлар ва бошқа фаол ҳаракатлар амалга оширилган. Масалан, бунга Қадимги Римдаги Спартак қўзғолони, Муқанна қўзғолони, Англиядаги 1381 йилги Уот Тайлер қўзғолони, Чехиядаги Ян Гус ҳаракати ва бошқа кўплаб мисолларни келтириш мумкин.

XVII асрда Ғарбий Европадаги инқилобий ҳаракатлар тенглик ғоясини ёқловчиларнинг чинакам ғалабаси бўлганлигини бемалол айтиш мумкин. Шу пайтдан бошлаб, сиёсий ҳуқуқий таълимотлар соҳасидаги ғоялар дастлабки демократия қонунчилигини шакллантиришга асос бўладиган индивидуализм ва тенгликнинг аниқ идеологиясини вужудга келишига олиб келган. Бу жараёнларда асосий ролни албатта ҳуқуқ ўйнаганлигини таъкидлаш лозим.

Шундан кейинги йирик назариётчилар Гуго Гроций табиий ҳуқуқ тушунчаси орқали тенгликни таъминлаш ҳақида фикрлар билдирган бўлса, Томас Гоббс ҳуқуқий тенглик атамасини кенг қўллаганлиги билан ажралиб туради. Француз мутафаккири Монтескье эса, эркинлик барчага бериладиган ҳуқуқ деган ғояни илгари сурган ва бошқа кўплаб ўша замон олимлари томонидан инсонлар ўртасида тенглик, биродарлик ва эркинлик ғояларининг назарий асослари кўрсатиб берилган.

Ҳуқуқ манбалари тарихидаги кейинги ҳужжатларда ҳам тенглик қоидалари баён қилина бошланган. Бироқ инсоният тенгликни таъминлаш асносида кўплаб инқирозларни ҳам бошдан кечирган. Барча одамларнинг бир-биридан фарқли равишда дунёга келиши ва ривожланиши, ақл ва тафаккурда, истеъдодда ҳам тенг эмаслигини инобатга олиш тақозо этилган.

Тенглик инсоният цивилизияциясида бир неча асрлар давомида шаклланган муҳим қадрият, демократиянинг тамал тоши, башарият тамаддунининг ютуғи ва барча халқлар учун қадрли бўлган эзгу ғоя ҳисобланади. Тенглик ҳар бир фан тармоғи учун энг асосий тамойиллардан бири саналади ва бунинг энг ёрқин намунаси Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳамда Бош Қомусимиз бўлган Конституцияда ифодаланганлигидир.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 7-моддасида “Барча одамлар қонун олдида тенгдир ва ҳеч бир тафовутсиз қонун билан тенг ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эгадир. Барча одамлар ушбу Декларацияга зид бўлган ҳар қандай камситишдан ва шундай камситишга ундайдиган ҳар қандай гиж-гижлашдан тенг ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эгадир” дейилган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасида ҳам “....қонун олдида тенгдирлар” деган мантиқан тўғри қоида мустаҳкамланган. Ушбу ҳужжатлардаги умумий маънодада қўлланилган “қонун” сўзи билан қамраб олинган ҳуқуқ олдидаги тенгликни таъминлаш қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйилган қоидаларни барча шахсларга бирдек қўллашни талаб этади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасида: “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатьи назар, қонун олдида тенгдирлар”, деб мустаҳкамлаб қўйилгани, юртимизда истиқомат қилаётган бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элат вакилларининг худди бир онанинг фарзадларидек аҳил-иноқ бўлиб яшашлари қонун билан мустаҳкамлаб қўйилганлигининг ўзи бу юртда ҳар бир инсоннинг бахтли-саодатли бўлиб яшашларига очиб берилган кенг имкониятлар эшигидир.

Аслида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг қонун олдида тенглиги қоидаси одатда, қуйидагиларни қамраб олишини кўрсатиб ўтиш ўрили:

биринчидан, у нафақат фуқароларнинг, балки улар фаолияти натижаси бўлган ҳуқуқ субъектлари - юридик шахсларнинг ҳуқуқ олдида тенглиги;

иккинчидан, қонун олдида тенглик гарчанд конституциявий ғоя бўлсада, фуқароларнинг нафақат конституциявий ҳуқуқ ва мажбуриятда тенгликни, балки бошқа субъектив ҳуқуқларда ҳам тенглигини англатади;

учинчидан, қонун олдидаги тенглик маъсулият ва ҳуқуқ бузилганда бир хил жавобгарликни назарда тутади.

Умуман олганда, тенглик – аҳамияти, тутган ўрни, мавқеи нуфузи, ҳақ –ҳуқуқлари жиҳатидан ўхшаш, бир хил баравар, бир биридан қолишмайдиган бўлишдир. Тенглик нафақат маълум бир ҳаёт соҳасини балки ижтимоий муносабатларнинг ҳамма босқичларини қамраб олган бўлиши керак. Мазкур тенгликнинг бузилиши эса ўз навбатида дискриминацияга олиб келиши ва мазкур ҳолатдан маълум бир инсонлар тоифаси жабрланиши мумкин ҳисобланади.

Қонун олдида тенглик принципи Ўзбекистон Республикасининг асосий, бош қомуси, қонуни ҳисобланган Конституциядан ташқари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 5-моддаси “Фуқароларнинг қонун олдида тенглиги принципи” деб номланиб, унда жиноят содир этган шахслар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, бир хил ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлиб, қонун олдида тенгдирлар дейилган.

Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ва халқаро ҳужжатларда белгиланган фуқароларнинг қонун олдида тенглиги қоидасини бузиш ҳуқуқий жавобгарликка тортишга сабаб бўлади, ҳаттоки фуқароларнинг қонун олдида тенглигига дахл қилиш жиноят сифатида таъқиб қилинади. Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 141-моддаси «Фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини бузиш» деб номланган бўлиб, унга кўра, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ёки ижтимоий мавқеидан қатъи назар, фуқароларнинг ҳуқуқларини бевосита ёки билвосита бузиш ёки чеклаш ёхуд фуқароларга бевосита ёки билвосита афзалликлар бериш жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлиши белгилаб қўйилганининг ўзи фикримизнинг исботидир.

Бир сўз билан айтганда, республикамизнинг амалдаги барча қонун ҳужжатларида қонун олдида тенглик принципининг қуйидаги муҳим элементларини кўришимиз мумкин:

биринчидан, шахслар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, бир хил ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга эканлиги;

иккинчиданодил судлов фуқароларнинг, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар барча учун бир хилда амалга оширилиши;

учинчидан, суд ва давлат органлари иш юритувида барча фуқаролар тенг нуқтаи назаридан кўрилиши;

тўртинчидан, барча фуқаролар меҳнат ҳуқуқларига эга бўлиш ва улардан фойдаланишда тенг имкониятларга эгалиги;

бешинчидан, жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати ва мансаб мавқеи, динга бўлган муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублиги, шунингдек ходимларнинг ишчанлик қобилиятларига ва улар меҳнатининг натижаларига алоқадор бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб меҳнатга оид муносабатлар соҳасида ҳар қандай чеклашларга ёки имтиёзлар белгилашга йўл қўйилмаслиги;

олтинчидан, аёл ва эркакнинг, шу жумладан, оилавий муносабатларда тенг ҳуқуқлилиги, ички оилавий масалаларни биргаликда ҳал этиши кабилардир.

Хулоса қилиб айтганда, тенглик – демократиянинг энг устувор талаби, адолатнинг муҳим мезони бўлиб, демократик-ҳуқуқий давлатнинг ажралмас шартидир. Бу орқали фуқароларга ижтимоий, иқтисодий, меҳнат, оилавий, суд соҳасидаги ва бошқа муносабатларда тенг ҳуқуқларга, имкониятларга эга бўлишни, шунингдек уларга жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳуқуқларни муайян тарзда чеклашга ва ёки афзалликлар белгилашга йўл қўймасликни назарда тутади.

Муқаддасхон АҲМЕДОВА,

Ўзбекистон Республикаси Жамоат

хавфсизлиги университети профессори,

юридик фанлар доктори, доцент.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?