«Ташаббусли бюджет»нинг овоз бериш босқичида Андижондан иккита туман иштирок этмайдиган бўлди

11:10 22 Август 2025 Жамият
125 0

Фото: ChatGPT

Андижон вилоятининг Олтинкўл ва Улуғнор туманлари «Ташаббусли бюджет»нинг 2-мавсуми овоз бериш босқичида иштирок этмайдиган бўлди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар қилди.

Қайд этилишича, лойиҳанинг 2-мавсуми доирасида фуқаролар томонидан жами 22 263 та лойиҳалар келиб тушган бўлиб, шулардан 18 656 таси овоз бериш босқичига ўтказилган.

Олтинкўл ва Улуғнор туманларида эса лойиҳалар ишчи комиссия томонидан асоссиз равишда рад этилганлиги тўғрисида ишонч рақамига шикоятлар келиб тушган.

Маълум бўлишича, Улуғнор туманида жами 73 та лойиҳа келиб тушиб, шундан фақат 13 таси овоз бериш босқичига ўтган. Аммо 60 та лойиҳа ҳеч қандай асоссиз ёки сабаблари тушунтирилмаган ҳолда рад этилган.

Олтинкўл туманида ҳам шу каби ҳолат кузатилган. Ушбу ҳудуддан 116 та лойиҳа келиб тушган бўлса, шундан 22 таси овоз беришга ўтказилган, 94 та лойиҳа эса асослантирилмаган ҳолда рад этилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан вазирлик томонидан амалдаги қонунчиликда белгиланган мезонларга асосан лойиҳаларни қайта кўриб чиқиш юзасидан хатлар юборилган бўлсада, тегишли туман ички комиссиялари томонидан лойиҳалар қайта кўриб чиқилиши таъминланмаган.

Лойиҳаларни саралаш босқичида амалдаги мезонларга риоя этилмаганлигини инобатга олиб, фуқаролардан келиб тушган шикоят ва эътирозлар асосида Улуғнор ва Олтинкўл туманларида ташаббусли бюджетнинг 2-мавсуми доирасида лойиҳаларга овоз бериш босқичи ўтказилмайди.

Эслатиб ўтамиз, «Ташаббусли бюджет»нинг 2025 йилги 2 мавсуми доирасида овоз бериш босқичи бугун, 22 августдан бошланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?