Сардобанинг сири нимада?

Қоровулбозор тумани марказига кираверишда кўзингиз гумбазсимон иншоотга тушади. Ён – атрофи обод қилинган бу қадимий обида қаршисидаги лавҳда “Сардоба архитектура ёдгорлиги ХVI аср” ёзуви битилган. Бу Буюк Ипак йўли ёқасида жойлашган Қоровулбозордаги икки сардобанинг бири. Иккинчиси Бўзачи деб аталади.
Даврнинг 400 йиллик чиғириғидан эсон – омон ўтган, суяги бутун бу сардобада хорижий сайёҳларни тез-тез учратиш мумкин. Аждодларимизнинг ақл – заковати билан қақраб ётган саҳро бағрида қурилган бу иншоот, ундаги нозик меъморий ечимлар улар ҳайратига сабаб бўляпти. Диаметри 16 метрдан сағал зиёд, деворларининг қалинлиги 1,5 метргача бўлган сардобада сув муздай сақланган. Тепадаги туйнуклар орқали ҳаво алмашиниб турган. Сув сардобанинг ичига силлиқ тошли тешиклар орқали тушган.
– Тарихий маълумотларга қараганда, Мовароуннаҳрда 44 та шундай сардоба бўлган, – дейди юртимиздаги осори атиқалар, зиёратгоҳлар, турли маросимлар, кўҳна манзиллар тарихини чуқур ўрганиб, самарали тадқиқотлар олиб бораётган бухоролик ёш олим Шавкат Бобожонов. – Улардан 29 таси Қарши чўлида, 3 таси Мирзачўлда, 3 таси Тошкент билан Фарғона ўртасидаги қадимги савдо йўлида, 1 таси Кармана яқинида – Чўли Маликда қурилган.
Бухоро ҳукмдорларининг барчаси сардобалар қуришга алоҳида эътибор қаратган. Бу юмушга ҳаётий зарурат сифатида қараган. Дейлик, Абдуллахон ҳукмдорлиги даврида кўплаб сардобалар бунёд этилган. Бу хайрли юмушга савобталаб, бадавлат инсонлар ҳам бош қўшган. Шу тариқа Буюк ипак йўли бўйлаб сафарга чиққан савдо карвонларига қулайлик яратилган. Негаки, кимсасиз чўлу биёбонлар, чеки кўринмас саҳролар оша манзилга етиб келмоқни об-ҳаётсиз тасаввур этиб бўлмасди.
Мутахассисларнинг таъкидлашларича, иншоот қурилишида саксовулдан тайёрланган кўмир қатлами, таркиби туя жунидан иборат кигиз, обдан пардозланган қорамол терисидан фойдаланилган. Саксовулга алоҳида урғу бераётганимиз бежиз эмас. Сув таркибини туздан тозалашда айнан у энг яхши восита саналган.
– Ота-боболаримизнинг иморатсозлик борасидаги билими, салоҳиятига ҳар қанча таҳсин айтсак арзийди, – дейди бухоролик реставратор Ғуломризо Ғуломов. – Улар қурилишда фойдаланган ҳар бир хом ашё маълум бир вазифани бажариб, иншоотнинг умрига умр қўшиб турибди. Яқинда биз қадимий уйлардан бирини реконструкция қилаётиб, айнан шу тажрибага таяндик. Уй пойдеворига зах зиён етказмаслиги учун унинг остига қамиш тўшадик. Сардобалар пойдевори ҳам шу йўсинда пишиқ-пухта қилинган.
Табиий офатлар ва қаровсизлик қадимий ёдгорликларнинг қаттол душманидир. Улар сардобалар тақдирида ҳам ўз тамғасини босиб улгурди. Бугунги кунда бу ўзига хос сув иншоотларининг айримлари сақланиб қолган, холос. Эшони Имло, Халифа Худойдод, Бўзачи, Қоровулбозор, Хожа Уббон, Чўли Малик сардобаларини мисол тариқасида келтириш мумкин. Уларнинг давлат муҳофазасига олиниб, сайёҳлар бажонидил ташриф буюрадиган гўшага айлантирилгани эса кўнгилга таскин беради.
Истам ИБРОҲИМОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг