Ташаббус маҳалладан чиқди: ички йўллар равон бўлди

13:39 27 Ноябрь 2024 Жамият
361 0

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Эл-улусни бирлаштириб, аҳиллик ва меҳр-оқибат қўрғонига айланган маҳалла кўп ишларга қодир. Хайрли ташаббусларнинг аксарияти шу гўшада туғилиб, илдиз отади. Буни, масалан, Тўрақўрғон туманининг уч мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган Тошлоқ маҳалласида амалга оширилаётган эзгу ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Тарихи асрларга бориб тақаладиган масканда авлоддан-авлодга ўтиб келаётган анъаналар орасида, айниқса, умумхалқ ҳашари мустаҳкам сақланиб қолган. Дейлик, тошлоқликлар янги уй қуриш чоғида деворларни сувоқдан чиқариш, томга лўмбоз босишга уста чақиришни ор билишади. Боиси бундай кўламли ишларга қўни-қўшни, қариндош-уруғлар ёрдамга келишади. Ана шу тажриба маҳалланинг анчадан буён таъмир кўрмаган ички йўлларига асфальт ётқизишда ҳам қўл келди.

— Ўтган йили мақсадли дастур асосида ҳудуддаги ичимлик суви тармоғи бутунлай янгиланди, — дейди меҳнат фахрийси Ғуломжон Худойберганов. — Давлат томонидан ажратилган катта маблағ эвазига беш юзга яқин хонадоннинг кафолатланган обиҳаёт билан таъминланиши кўпчиликда шукроналик ҳиссини кучайтирди. Сувимиз ҳал бўлди, энди анчадан буён таъмир кўрмаган ички йўлларимизни созлашга ўзимиз ҳаракат қилиб кўрмаймизми, деган фикр айланди давраларда. Катта ёшдагилар томонидан ўртага ташланган таклифни ёшлар қўллаб-қувватлашди, ташаббус ҳашар йўли билан ижросини топадиган бўлди.

Йўлларни тайёрлаш ва асфальт ётқизиш билан боғлиқ ишлар учун ҳомийлик асосидаги маблағни шакллантиришга маҳалла тадбиркорлари биринчилардан бўлиб қўл чўзишди. Чорвачилик билан шуғулланиб келаётган Абдумажид Қорабоев, Ҳайдарали Мирзақулов, ака-ука Турдимамат ва Неъматилла Нуридлиновларнинг ҳар бири 50-60 миллион сўмдан ташлашди, ўзига тўқ кўплаб хонадонлар улар сафига қўшилди. Хўжалик моллари дўконида иш юритаётган Муҳибилло Пўлатов йўл четларини текислаш ва ариқларни бетонлашга ўз ҳисобидан 24 тонна цемент ажратди. Пудратчи ташкилот – “Фарғона обод йўллари” хусусий корхонасининг техника ва йўлсозларига маҳалла ёшлари ёрдамга чиқишди. Кўпдан қуён қочиб қутулмас, деганлари ҳақ гап, иш бир ҳафтада поёнига етди.

— Катта юмуш билан маҳалладошларимизнинг аҳил-иноқлиги яна бир карра синовдан ўтди, — дейди жамоатчилик лойиҳаси ташаббускорларидан бири Қосимжон Юсупов. — Қисқа вақт ичида ҳудудимиздаги 3,2 километр ички йўлларга тўла асфальт ётқиздик. Кексалар дуода, иккита мактабимизга равон йўлдан ўқишга қатнаётган фарзандларимизнинг қувонганини айтмайсизми?! Дарвоқе, бизнинг ҳаракатларимиздан илҳом олиб қўшни Сарой маҳалласида ҳам йўлларни ҳашар орқали асфальтлашни бошлашди.

Баъзан ўзаро суҳбатларда одамлар ўртасида оқибат бирмунча сусайгани ҳақидаги гапларни эшитамиз. Бунда жон борлигини инкор этиб бўлмайди. Лекин ҳаётга ўзгача мазмун бағишловчи инсоний фазилатлар маънавий бойлигимиз бўлиб қолади. Зеро, уларни маҳкам тутиш билан турмушимизга файз киради, хайрли мақсадлар ижобатини топади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер