Уйғониш фаслининг фарзандлари

“Субҳидам чоғи уйғонишда барака бор”, дейди халқимиз. Бу бежиз эмас. Тонгнинг сокин ва соф табиати киши руҳини поклайди, диққатини жамлайди. Осмон қопқасини ёрита бошлаган қуёшнинг заррин нурлари қалбнинг, онгу шуурнинг энг чуқур пучмоқларини-да зиёга чулғайди.
Поклик, софлик, руҳий тетиклик, хотиржамлик, диққатни бир нуқтага қарата олиш, очиқ фикрлилик, теран тафаккур, фидойилик эса инсон учун чинакам куч-қудрат манбаидир.
Демак, ҳамма гап эрта уйғонишда! Бу одат қалб бедорлиги билан чамбарчас. Яъни маънан уйғоқ инсоннинг бошига юмшоқ болиш ҳам ботади. Чунки у нафақат ўз орзу-мақсадлари йўлида тиришқоқ бўлади, балки ўзгаларнинг ҳам муаммоларини худди ўзиники каби билиб, уларни ҳал этиш устида қайғуради, тинмай бош қотиради. Бунёд қилиш, яратиш, яшнатиш мақсадида ором билмайди. Қисқача айтганда, доим эл-юрт ғамида яшайди, дўсту яқинлари, маҳалладошлари, ўзи яшаётган туман, вилоят, бутун мамлакат тақдирига дахлдорлик, масъуллик ҳис этади.
Маънан уйғоқлик — фақат огоҳлик, ҳар бир воқеликка тийрак назар билан умр ўтказиш эмас, ҳаётни теран тушуниш, олам ва одам сир-синоатларини англаш, ўзгаларга яхшилик қилиш, бу дунёда ўзидан эзгу ном қолдиришга интилишдир. Шу маънода, қалб кўзи очиқ инсон ҳавойи орзу-истакларга берилмайди, нафсини жиловлай билади. Қонунбузарликка, адолатсизликка йўл қўймайди. Инсонни қадрлайди, миллат дардини аритишга, Ватан шаънини улуғлашга бел боғлайди.
Маънавий бедорлик касб, ёш ва жинсга, диний эътиқодга боғлиқ эмас. Мактабдаги муаллимлар ҳам, шифохонадаги оқ халатли нажоткорлар ҳам, ёки дейлик, ишлаб чиқариш вакиллари, тадбиркору ҳунармандлар, даладан барака ундираётган фермеру деҳқонлар ҳам ана шу толега мушарраф бўлса, ўз ишини сидқидилдан, ғоят моҳирлик билан қилади. Бу орқали мамлакат тараққиётига, жамиятдаги барқарорликка, фаровонликка ҳисса қўшади.
Шу билан бирга, катта ҳаётга энди қадам қўйган ёш йигит-қизлар ўз тақдири шу Ватан тақдири билан чамбарчас эканини чуқур тушуниб, унинг эртаси бугунидан-да обод бўлиши йўлида бутун борлиғини бағишлаши мумкин. Кўпни кўрган, ёши улуғ инсон умрнинг ўткинчилигини, мамлакат фидойилик, қатъият ва курашувчанликсиз ривожлана олмаслигини англаган ҳолда бор билим ва тажрибасини умуммиллий тараққиётга сафарбар этаётганига кўп-да гувоҳ бўламиз.
Ёки аксинча, ён-беримизда ҳар дақиқаси олтинга тенг вақтдан, ёшлик қувватидан самарали фойдаланмай, умрининг баҳорини ҳуда-беҳуда ишларга сарф қилиб юбораётганлар ҳам, “мен шунча ишлаб қўйдим, энди ҳордиқ чиқариб юрсак ҳам бўлаверади” қабилида чойхонама-чойхона юриб, гап-гаштакдан бўшамаётганлар ҳам учрайди.
Кўнгил кўзи очиқ бўлса...
Дарҳақиқат, ҳаётда оқ ва қора, эзгулик ва ёвузлик, камтарлик ва кибр, бунёдкорлик ва вайронкорлик каби тушунчалар доим ёнма-ён бўлганидек, маънавий бедорлик билан бепарволик, боқимандалик, лоқайдлик, дангасалик, танбаллик, боқибеғамлик ҳамиша бақамти юради.
Тарихда миллатпарвар султонлар, олимлар, мутафаккирлар, шоиру наққошлар, боғбону соҳибкорлар — умуман, касб-коридан қатъи назар, фикри уйғоқ инсонлар башарият тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб, қатор тамаддунларни юзага келтирган бўлса, қалб кўзи басир каслар ушбу цивилизацияларнинг емирилишига, иқтисодий-ижтимоий, маънавий таназзулга, эзгу тушунчалар заволига сабабчи бўлган.
Шу боис соҳибқирон Амир Темур бобомиз ўз тузукларида “Тажрибамда кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, жанг кўрган, мард, шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир”, дея улуғвор мақсадлар рўёби йўлида кимларга таяниш мумкину кимлардан узоқроқ бўлиш зарурлиги ҳақида ўгит беради.
Инчунин, собиқ иттифоқ даврида халқимизнинг тадбиркор, бой, чинакам илм-маърифатли бўлишига йўл қўйилмади. Ўзликни англашга, тарихни холис ва ҳаққоний ўрганишга, дунёга чиқишга, жаҳон билан интеграциялашишга тўсқинлик қилинди. Инсон қадри, ҳуқуқ ва манфаатлари, миллий-маънавий фазилатлари, ғурури топталди. Одамларнинг фикри, тафаккури, дунёқараши, қадриятлари мафкуравий қолипларга солинди. Халқимизнинг туриш-турмуши, эрку озодлиги, истак-интилишлари собиқ марказ ҳукмига бўйсундирилди.
Ватанимиз мустамлака бўлган даврда халқимизнинг зиёли вакиллари, истиқлол тарафдорлари, маърифатпарвар, фикри уйғоқ инсонлар турли айбловлар билан тинимсиз қатағон этиб турилгани бежиз эмас. Чунки ҳукмрон кучларга мустақил мулоҳаза юритадиган, эл-юрт эртасини ўйлайдиган, ватанпарвар, миллатсевар инсонлар керак эмас эди. Жамиятдаги кўзбўямачиликларни, қабиҳликларни, зулм ва зўравонликни кўнгил кўзи билан кўриб, қарши турадиганлар уларга фақат халал берарди.
Бундан ташқари, хусусий мулкнинг йўқотилиши, ҳаммани тенг қилишдек сохта мафкура сабаб алалоқибат одамларда ташаббускорлик, ғайрат-шижоат сўнди. Жамиятда боқимандалик кайфияти кенг ёйилди, лоқайдлик, суиистеъмолчилик, ҳафсаласизлик илдиз отди.
Таассуфки, бу иллатлар миллий зеҳниятимизга, феълу сажиямизга шу қадар чуқур сингиб кетган эканки, халқимиз ўз мустақиллигини қўлга киритганидан кейин ҳам айрим юртдошларимиз ўтмиш асоратларидан ҳали ҳам тўла қутула олгани йўқ. Улар уззукун қорин ғамида, умрим роҳат-фароғатда, айш-ишратда ўтса бўлди, деган тушунчада. Бундай кимсаларга бирор давлат идорасида мансаб тегиб қолса борми, халқ мулкини талашдан, чўнтагини қаппайтиришдан, қай йўл билан бўлмасин, етти пуштига етадиган бойлик тўплашдан бошқасини билмайди. Ўзига юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажариш, халққа хизмат қилишни унутади. Оқибатда тезда одамларнинг ғазабига, нафратига учрайди. Бу билан кишиларда нафақат ўзи ишлаётган идорага, балки давлатга, олиб борилаётган ислоҳотларга нисбатан ҳам ишончсизлик уйғотади.
Янгиланишлар ибтидоси
Президент Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида фаолият бошлаган илк кунларданоқ мамлакатимизда иқтисодий-ижтимоий, маънавий-маърифий ҳаётни, халқнинг турмуш тарзини янгилаш билан бирга, одамларнинг тафаккурини ўзгартиришга, дунёқарашини ислоҳ этишга алоҳида эътибор қаратиб келяпти. Бинобарин, инсон ўзгармас, унинг фикр ва қарашлари ислоҳ қилинмас экан, жамиятда бирор янгиланиш юз бериши мушкул. Ислоҳотлар ижроси онгли тарзда бажарилсагина кўзланган мақсадларга нисбатан осон ва мукаммал эришилади.
Давлатимиз раҳбарининг бутун жамиятни янгилаш, одамларнинг дунёқарашини ўзгартириш, халқимизнинг руҳини уйғотиш, бутун куч-қудратини рўёбга чиқаришга қаратилган улуғвор мақсадлари Янги Ўзбекистонни бунёд этиш ҳамда учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш ғояларида мужассам топди.
Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон стратегияси” асарида таъкидлаганидек, “Янги Ўзбекистонни барпо этиш — бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий орзу-интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир.
Биз бу йўлда ислоҳотларимизнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлган жамиятимиз аъзоларининг бор билим ва салоҳияти, куч ва имкониятларини, бутун азму шижоатимизни ишга солишимиз зарур. Шундагина Янги Ўзбекистон жаҳон майдонида кучли салоҳият, муносиб обрў-эътиборга эга бўлган, ҳар томонлама обод ва фаровон мамлакатга айланади”.
Президентимиз бу эзгу мақсад йўлида тўққиз йилдан буён қандай оламшумул ишларни амалга ошираётганини, уларнинг ҳаётбахш самараларини бугун барчамиз кўриб, билиб турибмиз. Бу ўзгаришлар тинч-тотув, фаровон ҳаётимизда, орзу-истакларимиз рўёбида ўзининг ифодасини топмоқда. Ўзбекистонда янги уйғониш фасли бошланганини дунё аҳли ҳам, халқаро эксперт ва мутахассислар ҳам бирдек эътироф этмоқда.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон уйғониш фаслига қадам қўйди. Бу шундай фаслки, унда атроф-муҳит жонланиб, шаҳару қишлоқларимизнинг кўрку жамоли янгиланмоқда, ҳаётимизда сифат ўзгаришлари юз бермоқда, инсонлар онги, дунёқараши, миллат руҳи ҳам уйғонмоқда.
Чинакам озодлик, эркинлик, ҳурлик нафаси одамларимиз узоқ йиллар орзиқиб кутган бахтни — эмин-эркин яшаш, адолатли жамият қуриш, мустақил ҳаракатланиш, ҳеч нарсадан чўчимай сўз айтиш, хоҳиш-истакларини бошқаларга билдириш, худди озод қуш каби кўкда парвоз қилишдек саодатни туҳфа этмоқда.
Жамиятда очиқлик, ошкоралик, демократик тамойиллар мустаҳкамланиб боряпти. Президентимизнинг қатъий сиёсий иродаси боис давлат органлари халққа хизмат қиладиган идораларга айланди. Бир вақтлар оддий инсонларга ҳатто соясини ҳам кўрсатмайдиган турли идоралар раҳбарлари, ҳокимларни бугун ҳамма таний бошлади. Улар ўз фаолияти бўйича оддий халққа, уларнинг парламент ва ҳудудий кенгашларга сайлаб қўйган вакилларига ҳисоб беришга мажбур бўлмоқда.
Кишилар ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилишни ўрганди. Халқ билан мулоқотнинг самарали механизми яратилгани туфайли юртдошларимизга ўз фикр-мулоҳазаларини, таклиф ва ташаббусларини, муаммоларини мутасаддиларга оворагарчиликларсиз етказиш имконияти пайдо бўлди.
Халқ қабулхоналари, Президентнинг виртуал қабулхонасига келиб тушаётган мурожаатлар таҳлил қилинганда маълум бўлдики, одамлар таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт йўналишларида аниқ-аниқ масалаларни кўтариб, улар бўйича тизимли ечимларни ҳам таклиф этмоқда. Аҳоли мактаб, боғча ва шифохоналарнинг кўпайтирилишини, таълим ва тиббиёт сифати оширилишини, маҳаллада йўл, сув, электр, транспорт муаммоларининг ҳал қилинишини, иш ўринлари яратилишини, тадбиркорларга янги имкониятлар берилишини, адолат таъминланишини, бюрократия ва коррупциянинг йўқ қилинишини талаб этмоқда.
Давлатимиз раҳбари эса бу масалаларнинг ҳеч бирига бефарқ эмас. Турли йиғилишларда, ўз чиқишларида бу каби муаммоларни ҳеч ким четдан келиб, ҳеч қачон ҳал қилиб бермаслигини, инсонларнинг дарду ташвишларини аритиш одамийликнинг энг олий мезони эканини таъкидламоқда. Мутасаддилардан уларнинг ижросини қатъий талаб этмоқда. Одамларимизнинг ташаббуси, шижоати ва салоҳиятини ишга солиш учун барча шароитни яратиб беришга ҳаракат қилмоқда.
Раҳбарлик — Ватан олдидаги масъулият
Ҳақиқатан ҳам, маънавий уйғонишда — ислоҳотларни ҳамжиҳатликда, юксак салоҳият ва қунт билан рўёбга чиқаришда янги тафаккурга эга фидойи инсонлар ва масъулиятли раҳбарлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Бугун юртимизда қадриятлар, мезонлар, ўлчовлар ўзгарган. Илгари кишининг обрў-эътиборини, қадр-қимматини унинг лавозими, мавқеи белгилаган бўлса, бугунги кунда фидойилик ва меҳнат асосий мезонга айланди.
Энди раҳбарлик — бу имтиёз эмас, Ватан олдидаги масъулият, синов ва хизмат мактаби.
Зотан, ҳақиқий уйғониш ана шу фидойи меҳнатдан бошланади. Кечаги даврда катта амал деганда ҳашамат, нутқ ва кўргазмали йиғилишлар тушуниларди. Аммо бугунги замонда раҳбар — халқ билан, халқ орасида бўлиши керак. Шиддатли ўзгаришлар даври раҳбардан фақат бошқарув эмас, балки бунёдкорлик, меҳнатсеварлик ва виждон талаб этади. Ким халққа хизмат қилса — ўша чинакам етакчи. Масъулиятдан қочган эса амалдан ҳам айрилади.
Собиқ иттифоқдан қолган “ҳар вилоятнинг раҳбари ўзидан бўлсин” деган қараш анча йил яшади. Аммо бугунги ҳаёт исботладики, салоҳият, билим ва фидойилик ҳеч қандай географик чегарани тан олмайди.
Президентимиз изидан бориб, бу инсондан ўрнак, ибрат олиб, бутун Ўзбекистоннинг ҳар қарич ери менинг Ватаним дея яшаётган, унинг ободлиги учун бор билим ва иқтидорини сафарбар этаётган жонкуяр раҳбарлар орамизда кўп.
Масалан, Самарқанд вилоятида туғилиб Навоий, Сурхондарё ва Самарқандда фаолият кўрсатган, ҳозир эса Сирдарёда қувонарли натижаларга эришаётган раҳбарнинг тажрибаси — ҳақиқий етакчилик қудрати туғилган жойда эмас, виждон ва садоқатда эканини намоён этади.
Ёки сўнгги йилларда Тошкент вилоятининг ислоҳотлар марказига айлангани ҳам бу ҳудуднинг раҳбари қандай инсон эканининг барометридир. Бу киши жонкуяр, ташаббускор, меҳнатсевар, ватанпарвар бўлмаса, давлат раҳбари қўяётган талабларни сидқидилдан бажармаса, ҳудуднинг кўрки, иқтисодиёти, ижтимоий ҳаётидаги бугунги мисли кўрилмаган янгиланишлар қаёқда эди?!
Яқинда ушбу вилоятда бўлиб ўтган бир тадбирда иштирок этган ёши улуғ инсон Абдусамат Носиров шундай деди:
“Президентимиз ҳамма соҳада — иқтисодиётда, ижтимоий ҳаётда, кадрлар сиёсатида янги даврни бошлаб берди. Вилоятимиз мисолида бу яққол кўринади. 40 йил муҳокама қилинган масала — вилоят марказини Нурафшонга кўчириш амалга ошди. Энди 22 туманда ҳам катта ўзгаришлар кўзга ташланмоқда”.
Бу сўзлар халқнинг қалбидан чиққан самимий баҳо. Вилоятнинг қиёфаси ўзгарди, янги корхоналар, янги инфратузилмалар пайдо бўлди.
Бундай натижа тасодиф эмас — бу Президентимизнинг қатъияти, фидойи раҳбарларнинг меҳнати самарасидир.
Ғайрат ва ҳиммат меваси
Ўзбекистон замини — Яратганнинг назари тушган, муқаддас замин. Бу тупроқда не-не алломалар камолга етган, жаҳон тамаддунига улкан ҳисса қўшилган. Аммо қарийб бир аср давомида бу юрт мустамлакачилик остида яшади, миллий ғурур ва озодлик ҳисси босимга олинди.
Энди эса истиқлол шабадаси ва янги тафаккур уни қайта тирилтирди. Миллат ўз куч-қудратини англади, ўзлигини таний бошлади. Бу улуғ дарғаларимиз — жадидлар орзу қилган кунларнинг рўёби.
Меҳнат, фидойилик ва садоқат — бу уйғонишнинг асосий устунларидир. Фидойилик фақат сўз эмас, балки ҳаёт фалсафаси. Инсон киндик қони томган тупроқни севса, унинг ҳар ҳовучини муқаддас билса, ана ўша муҳаббат уни яратишга ундайди.
Бу ҳақда Навоий ҳазратлари беш аср аввал ёзган сатрлар ҳануз долзарб:
“Тухм ерга кириб чечак бўлди,
Қурт жондин кечиб ипак бўлди.
Лола тухмича ғайратинг йўқму?
Пилла қуртича ҳимматинг йўқму?”
Ҳа, бугун ҳар бир инсондан ана шундай ғайрат, шундай ҳиммат талаб қилинади.
Фидойилик — меҳнатга садоқат, виждонга суянган хизматдир.
Ёши улуғ отахон Атамурод Давлетмуратов шундай ёдга олади:
“Авваллари кўплаб раҳбарлар фақат мансаб учун ишларди. Улар кетгач, халқ орасида яхши гап эшитилмасди. Аммо ҳалол ва пок инсонлар ҳам бор эди. Бугун шундай раҳбарлар кўпаймоқда”.
Нуроний отахон сўзини давом эттириб ўз кузатувини шундай изоҳлайди:
“Илгариги сиёсатда раҳбарлик иши вақтинча деб қараларди. Энди эса Президентимиз раҳбарликни фидойилик асосига қурди. Шу сабаб юртимизда ҳақиқий ўзгаришлар юз бермоқда”.
Бу фикрлар — халқ онгидаги ижтимоий бурилиш намунаси. Янгиланиш руҳи энди ҳар туманда, ҳар шаҳарда сезилмоқда. Бугун раҳбарлар ҳам, халқ ҳам уйғонмоқда. Улар юртини олдингидан ҳам кўпроқ севмоқда.
Инсон юртига муҳаббат қўйса, виждон билан хизмат қилса, ана шу одам — ҳақиқий уйғониш фаслининг фарзанди. Бундай инсонлар кўп бўлса, юртнинг келажаги ёруғ бўлади.
Ана шундай меҳр-муҳаббат билан яшаган инсон — энг бахтиёр ва энг юксак инсондир.
Тўғри, бугун мамлакатимизда ҳали ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар бисёр. Энг муҳими, улар тан олиниб, ечими қидирилмоқда. Муаммоларни бартараф этиш ўз қўлимизда эканини англаб турибмиз.
Ҳозирги кунда халқаро экспертлар томонидан Янги Ўзбекистонга “Уйғонаётган арслон”, дея таъриф берилаётгани бежиз эмас. Юртимиз ўзининг беқиёс куч-қудратини намоён этиб, жаҳонда ўз сўзи, ўз овозига эга бўлиб бормоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг яқинда бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида, Туркий давлатлар ташкилоти саммитида, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида билдирган таклиф ва ташаббуслари халқаро жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан кутиб олингани сўзимизнинг исботидир.
Халқимиз ўзлигини, қандай буюк аждодларнинг вориси эканини англаб, нурафшон манзиллар сари дадил одимлаётгани — одамларимизнинг тафаккуридаги уйғоқлик, фикр-мулоҳазаларидаги некбинлик ёруғ истиқболимиздан дарак. Булар — Президентимиз илгари сурган учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш ғояси рўёбининг қутлуғ нишоналаридир.
Шубҳасиз, уйғониш фаслининг фарзандлари — эртамизнинг ишончи, келажагимиз бунёдкорларидир. Бугун ислоҳотларга камарбаста бўлаётган, замон талабини англаган ва уларга жавоб беришга интилаётган, қалби бедор бу инсонлар ҳар биримизда фахр-ифтихор уйғотади. Қувонч ва ҳаяжон юракларни тўлқинлантириб, қўлга қалам тутади:
Фасллар ичида фасл кўп аъло,
Бир фасл бор бунда аммоки танҳо,
Умиду ишончи кўнгилларга жо,
У билан ҳамнафас бўлинг доимо,
Истиқлол нурининг дилбандларисиз,
Уйғониш фаслининг фарзандларисиз!
Ҳавас уйғотади шижоатингиз,
Истеъдод, билиму маҳоратингиз,
Дунёни лол қилсин жасоратингиз,
Сўнмасин сира қалб ҳароратингиз,
Истиқлол нурининг дилбандларисиз,
Уйғониш фаслининг фарзандларисиз!
Меҳнату заҳматда яшаб эрта кеч,
Кўрмадим бир лаҳза тинганингиз ҳеч,
Сиз мудом интилиш, иштиёққа эш,
Эҳтимол, шундадир ҳар ишингиз беш,
Истиқлол нурининг дилбандларисиз,
Уйғониш фаслининг фарзандларисиз!
Хизматим шу Ватан, эл учун дейсиз,
Нурафшон ва порлоқ йўл учун дейсиз,
Баланд кўтарилган қўл учун дейсиз,
Юрак учун дейсиз, дил учун дейсиз,
Истиқлол нурининг дилбандларисиз,
Уйғониш фаслининг фарзандларисиз!
Ахир мудраганнинг эртаси йўқ-ку,
На боши, охири, ўртаси йўқ-ку,
Юрт шонин иларга елкаси йўқ-ку,
Сиз эса ўктамсиз, дил тўла чўғ-ку,
Истиқлол нурининг дилбандларисиз,
Уйғониш фаслининг фарзандларисиз!
Ўзга юрт бойлиги — кўринмас бир чанг,
Кўзингни алдайди кўнглингга солсанг,
Дейман, шу Ватанда яшангиз, толманг,
Биттангиз ҳам асло қатордан қолманг,
Истиқлол нурининг дилбандларисиз,
Уйғониш фаслининг фарзандларисиз!
Ўзликнинг руҳи бор кенту воҳада,
Сиз жавлон урасиз барча жабҳада,
Илғор ва абжирсиз ҳар бир соҳада,
Ким қолмоқ истайди сиздан орқада?!
Истиқлол нурининг дилбандларисиз,
Уйғониш фаслининг фарзандларисиз!
Аждодлар уйғонмоқ йўриғин билган,
Сизга унинг илмин чин мерос қилган,
Турғазинг, кимки бор бунда қоқилган,
Замон бугун сиздай мардни соғинган,
Истиқлол нурининг дилбандларисиз,
Уйғониш фаслининг фарзандларисиз!
Дунё минбарида юртим овози,
Чорлайди дилларга тинчлик ҳавосин,
Ортадир жаҳоннинг ишонч, ҳаваси,
Унга бахш этасиз илҳом нафасин,
Истиқлол нурининг дилбандларисиз,
Уйғониш фаслининг фарзандларисиз!
Олға юринг доим шаҳд билан бирга,
Сергак туринг доим аҳд билан бирга,
Яшнанг, кулинг доим бахт билан бирга,
Юксалинг замону вақт билан бирга,
Истиқлол нурининг дилбандларисиз,
Уйғониш фаслининг фарзандларисиз!
Бу замин, бу тупроқ эту тирноқдир,
Не-не заҳматларга асл гувоҳдир,
Уни сизга сийлаб берди бу тақдир,
Ишингиз диллашмоқ ва бирлашмоқдир,
Истиқлол нурининг дилбандларисиз,
Уйғониш фаслининг фарзандларисиз!
Ёруғ кунда эрта нишонаси бор,
Келажак умиди қалбларда пойдор,
Бирингиз бургутсиз, бирингиз-чи сор,
Мен эса дегайман такрор ва такрор:
Истиқлол нурининг дилбандларисиз,
Уйғониш фаслининг фарзандларисиз!
Ўткир РАҲМАТ.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Туман ва шаҳар ҳокими ўринбосарлари сони қисқартирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг