Таълим — Янги Ўзбекистоннинг бутун тизимини ҳаракатга келтирадиган асосий куч

18:16 17 Январь 2026 Жамият
318 0

Архив сурат

Баъзан бир нутқ бутун бир тизимнинг руҳини очиб беради, бир мурожаат эса миллат келажагининг йўналишини белгилаб қўяди. 2025 йилнинг 26 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси айнан шундай маънавий-сиёсий ҳужжат сифатида, айниқса, таълим соҳаси ва унинг эртанги куни ҳақида чуқур ўйлашга ундайди. Айни пайтда ушбу дастурий ҳужжат чуқур ўрганилмоқда, унинг мазмуни кенг тарғиб этилмоқда.

Мурожаатномада таълим масаласи алоҳида мавзу сифатида эмас, балки давлат тараққиётининг пойдевори, барча ислоҳотларнинг пойдевори сифатида намоён бўлди. Чунки Президентимиз таъкидлаганидек, иқтисодиётдаги технологик ўсиш ҳам, янги касблар архитектураси ҳам, рақамли давлат бошқаруви ҳам аввало билимли, замонавий фикрлайдиган инсонга таянади. Демак, таълим — бу алоҳида соҳа эмас, балки Янги Ўзбекистоннинг бутун тизимини ҳаракатга келтирадиган асосий кучдир.

Мурожаатномада келтирилган рақамлар ортида жонли ҳаёт, реал эҳтиёж ва катта мақсадлар мужассам. Техникумларни тубдан янгилаш, уларни Германия, Швейцария, Буюк Британия, Корея Республикаси каби давлатлар таълим дастурлари билан уйғунлаштириш — бу шунчаки таъмир ёки жиҳозлаш эмас. Бу — таълим тафаккурини ўзгартириш, ёшларнинг қўлига замон билан ҳамқадам бўлган касбни, қалбига эса ишончни бериш демакдир. Ҳар йили камида 100 та техникумни замонавий касблар асосида қайта жиҳозлаш режаси — меҳнат бозорига жавоб берадиган таълим модели шаклланаётганидан далолат.

Айниқса, “меҳнат бозорининг янги архитектураси” ҳақидаги фикрлар ҳар бир педагогни ўйлантириши керак. Энди таълим фақат диплом бериш билан чекланмаслиги, балки касб, малака, технология ва ҳаёт эҳтиёжи ўртасида тирик боғланиш яратиши шарт. Бу эса ўқитувчидан ҳам янгича ёндашув, доимий ўз устида ишлаш, таълим мазмунини замон билан уйғунлаштиришни талаб қилади.

Сунъий интеллект лабораторияларининг олийгоҳларда ташкил этилиши, дата-марказлар ва суперкомпьютерлар фаолияти — таълим тизимини келажак технологиялари билан бевосита боғлаб қўяди. Бу шароитда университетлар энди фақат билим тарқатувчи эмас, балки инновация яратувчи маконга айланиши керак. Талаба тайёр билим истеъмолчиси эмас, балки илмий-тадқиқот жараёнининг фаол иштирокчиси бўлиши лозим.

Мурожаатномада тиббиёт таълимига ҳам алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас. Халқаро стандартлар асосида ҳамширалар тайёрлаш, хорижий таълим дастурларини жорий этиш — бу инсон саломатлиги билан боғлиқ соҳада таълим сифати ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини кўрсатади. Бу орқали нафақат ички эҳтиёж, балки халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош кадрлар тайёрлаш мақсади кўзланмоқда.

Эътиборли жиҳати шундаки, Мурожаатномада таълим маҳалла билан, жамият билан узвий боғлиқ ҳолда талқин қилинди. Маҳалла — тарбия маскани, таълим эса унинг мантиқий давомидир. Ёш авлодни билимли қилиб тарбиялаш фақат мактаб ёки университетнинг иши эмас, балки бутун жамиятнинг масъулияти экани яна бир бор таъкидланди.

Президентнинг “Янги Ўзбекистонни барпо этишда ҳал қилувчи босқичга қадам қўймоқдамиз”, деган сўзлари таълим соҳаси вакиллари учун ҳам даъватдир. Чунки бу босқичда эски қолиплар билан эмас, янгича фикр, янгича метод ва юксак масъулият билан ишлаш талаб этилади. Таълим тизими бугун ислоҳотлар ортидан эмас, балки уларнинг олдидан бориши керак.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, ушбу Мурожаатнома таълимга муносабатни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди. У биздан фақат қувонишни эмас, балки ҳаракатни, фақат мақтанишни эмас, балки чуқур масъулиятни талаб қилади. Зеро, Янги Ўзбекистоннинг эртанги қиёфаси бугун синфхонада, аудиторияда, лабораторияда шаклланмоқда.

Дилрабо ШОДИЕВА, ўқитувчи.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер