Сурхондарёлик ибратли ёшлар

13:54 09 Июль 2025 Жамият
108 0

Гулрухсорабегим — дунёнинг нуфузли университети талабаси

Сурхондарёлик иқтидорли ва фаол ёшлардан бири Гулрухсорабегим Абдусаидова Америкадаги нуфузли “UC Berkeley School of Law” олийгоҳининг LL.M. магистратура дастурига расман қабул қилинди.

Шу йилги QS рейтингида дунёнинг энг яхши 10 университети қаторига кирган “UC Berkeley”да ўқиш жаҳон миқёсида ёшлар орзуси саналади. Бу олий таълим муассасасида Стев Возняк, Эрик Шмидт, Женнифер Дудна, Гордон Мур ва Крис Пайн каби машҳур шахслар таҳсил олган.

Эътиборлиси, Гулрухсорабегимга шу пайтгача “PENN State” ва “Boston University”дан ҳам тўлиқ грант асосида таклифлар билдирилган.

Дарвоқе, бу йил энг иқтидорли қизлар қаторида Гулрухсорабегим Абдусаидова ҳам Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлганди. Унинг навбатдаги ютуғи нафақат шахсий муваффақият, балки илмга чанқоқ ёшларимиз учун дунё эшиклари кенг очиқлигини англатади.

Пуллик ўқув курсларисиз эришилган ютуқ

Абдурашидхон Маликов Термиз шаҳридаги 16-мактабнинг 8-синф ўқувчиси. У мустақил ўқиб-ўрганиш орқали халқаро даражадаги ютуққа эришди, интернетдан, асосан, билим олиш мақсадида фойдаланиб, IELTS имтиҳонида 7 баллни қўлга киритди ва инглиз тили бўйича (“C1” даража) сертификатга сазовор бўлди.

— Айрим тенгдошларим онлайн ўйинларга ва ижтимоий тармоқларда вақт сарфлаётганини кўриб ачинаман, — дейди Абдурашидхон. — Интернет, бу — биз, ёшлар учун чексиз имконият. Ундан унумли фойдалансак, оиламиз иқтисодиётига ҳам ёрдам берган бўламиз. Интернет кўмагида мен ўз она тилимни тарғиб қилган ҳолда, пуллик ўқув курсларига ҳеч қандай маблағ сарфламасдан хориж тилини ўргандим.

Интернет олами кенг. Ундан ўзингга кераклисини топсанг, омад сеники,— дейди Абдурашидхон. Унинг изланиши ва интилиши бошқа ёшларга намунадир. Ўрнак олган кам бўлмайди.

Она тилим — жону дилим,

хориж тили ҳам бераркан илм

Шодия Хушбоқова айни пайтда таътилда бўлса ҳам вақтини беҳуда совурмайди. У сентябрь ойида Термиз туманидаги 16-мактабнинг 5-синфда ўқишни давом эттиради. Шодия тенгдошлари орасида ўз она тилида бурро гапириб, саводли ёзиш билан бир қаторда хориж тилини ҳам мукаммал ўрганиб, инглиз тилидан “B2” даражадаги миллий мультилевел сертификатини қўлга киритди.

—Бунинг сири нимада деб сўраяпсизми? Мен шундай жавоб бераман, она тилини мукаммал билган, бошқа тилларни ҳам тезда ўрганар экан. Буни мен ўз ҳаётимда бошимдан кечирдим. Етти ёшимдан ота-онамнинг меҳрибонлиги ва менга устозларча берган маслаҳатлари билан ана шундай ютуққа эришдим, — дейди Шодия. —Яна бир нарсани айтиб қўйишим керак, Ирода опа каби менга маслаҳат берган, тўғри йўл кўрсатганларидан бениҳоя шодман. Келгусида қайси касбда танлашимдан қатъи назар зўр мутахассис бўлишни ният қилганман.

Айни чоғда Шодияга ҳавас қилиб, унинг олти ёшли синглиси ва қўни- қўшниларининг фарзандлари ҳам хориж тилини ўрганишмоқда.

Фарҳод ЭСОНОВ

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?