Сурхондарёда ёши катта ва соғлом арчалар кесиб ташлангани аниқланди

16:08 18 Декабрь 2025 Жамият
172 0

Ижтимоий тармоқларда Бойсун туманида жойлашган давлат ўрмон фонди ҳудудида кўп йиллик арча дарахтлари ноқонуний кесиб ташлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилганини маълум қилди.

Қайд этилишича, текширув жараёнида «Turon Gold Business» масъулияти чекланган жамиятига бириктирилган Бойсун давлат ўрмон хўжалиги «Олачопон» ўрмон бўлимининг кўмир массивида оғир техникалар ёрдамида кўмир қазиш ишлари олиб борилгани ҳамда ушбу жараён давомида дарахтларнинг ноқонуний кесилиши ва шикастланишига йўл қўйилгани аниқланган.

Маълум бўлишича, мазкур ҳудудда жами 33 туп дарахтга зарар етказилган, жумладан 30 туп Зарафшон арчаси, 1 туп Заранг, 1 туп Учқат дарахти таг қисмидан кесилган ҳамда 1 туп Зарафшон арчасининг ён шохлари ўсишдан тўхтайдиган даражада шикастлантирилган.

Таъкидланишича, кесилган дарахтлар ёши катта ва соғлом ҳолатда бўлган. Ушбу ҳолатда Ўзбекистон Республикасининг «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги, шунингдек, «Ўрмон хўжалиги тўғрисида»ги қонун талабларига зид ҳаракатлар содир этилган.

Ҳозирда етказилган экологик зарар миқдори катта эканлигини инобатга олган ҳолда, мазкур вазият юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер