Сурхондарёда Усмон Азимнинг 75 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди

09:46 17 Ноябрь 2025 Жамият
186 0

Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон халқ шоири, драматург ва таржимон Усмон Азим таваллудининг 75 йиллиги муносабати билан қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Термиз шаҳридаги «Санъат саройи»да ўтган тантанали кеча адабиёт ва санъат ихлосмандлари, таниқли ижодкорлар, зиёлилар, олимлар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчиликни бир майдонга жамлади.

Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид ва бошқа зиёлилар сўзга чиқиб, сўзнинг сеҳри билан миллионлар қалбини ром этган Усмон Азим шахсияти ва ижоди ҳақида самимий мулоҳазалар баён этдилар.

— Усмон Азим сўзга масъулият билан ёндашган, миллат қалби ва руҳини сатрлар орқали жонлантирган сўз санъаткори, — деди Сирожиддин Саййид. — Унинг шеърлари юртимиз табиати, халқимиз ҳаёти ва ҳис-туйғуларини бутун реаллиги билан акс эттиради. Шунинг учун ҳам ҳар бир мисра китобхон қалбида ҳаёт бўлиб яшайди.

Тадбирда санъаткорлар шоир шеърларига асосланган қўшиқларни ижро этдилар. Усмон Азим ҳаёти ва ижодига бағишланган видеоролик намойиш этилди, «Алпомишнинг қайтиши» спектаклидан парчалар саҳналаштирилди.

Маънавий-маърифий тадбирлар шоир таваллуд топган Бойсун туманида ҳам давом эттирилди.

Фарҳод ЭСОНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер