Сурхондарёда илк жигар кўчириш амалиёти муваффақиятли ўтказилди

11:08 13 Октябр 2025 Жамият
178 0

Термиз тиббиёт кластерида илк маротаба жигар кўчириш жарроҳлик амалиёти муваффақиятли амалга оширилди. Бу юртимизда соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.

Жарқўрғонлик 50 ёшли Юсуфжон Омонов тўрт йилдан буён оғир жигар хасталигидан азият чекарди. Унинг шифо топишга бўлган умиди деярли сўна бошлаган эди. Бироқ бугунги кунда тиббиётга қаратаётган алоҳида эътибор, тизимдаги янгиланиш ва замонавий имкониятлар туфайли у оғир дарддан халос бўлиш имконига эга бўлди.

Яқин қариндошлар ўртасида амалга оширилган ушбу биринчи жигар кўчириш амалиёти Сурхондарёда тиббиёт соҳасида қўйилган тарихий қадам ҳисобланади.

Жигар трансплантацияси каби мураккаб жарроҳлик амалиёти авваллари фақат пойтахтда ёки хорижда ўтказилар эди. Эндиликда бундай юқори технологияли операциялар вилоят марказларида ҳам, аҳамиятлиси, маҳаллий шифокорлар томонидан амалга оширилмоқда.

— Беморнинг ҳаётини сақлаб қолган бу амалиёт саккиз соат давом этди, — дейди вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Ботир Мамасоатов. — Эътиборли томони шундаки, операция давлат тиббий суғуртаси асосида, бемор учун имтиёзли равишда амалга оширилди. Бу эса соҳадаги ислоҳотлар, моддий-техника базанинг мустаҳкамланиши, маҳаллий шифокорларнинг салоҳияти ўсиб бораётганидан далолатдир.

Бу муваффақиятли операция жигар касалликлари билан оғриган минглаб беморлар учун умид шуъласи. Айни пайтда Сурхондарё вилоятида 2 минг 500 нафардан ортиқ шундай беморлар рўйхатга олинган. Келгусида уларда ҳам операцияларни шу ернинг ўзида, маҳаллий мутахассислар томонидан ўтказиш режалаштирилган.

Фарҳод ЭСОНОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?