Сурияликларга ташлаб кетилган 2 ёшли бола Ўзбекистонга қайтарилди

12:30 25 Декабрь 2025 Жамият
316 0

Ўзбекистон элчихонаси томонидан Маскатдаги сурияликлар хонадонида ҳеч қандай ҳужжатларсиз қолдириб кетилган, 2023 йилда туғилган ўзбекистонлик болакайга тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақида «Дунё» ахборот агентлиги маълум қилди.

Билдирилишича, ушбу бола туғилганида унинг онаси томонидан туғруқхонага никоҳ тузилганлиги ҳақида гувоҳнома тақдим этилмагани сабабли, чақалоққа ҳеч қандай ҳужжат расмийлаштиришнинг имкони бўлмаган. Шунингдек, боланинг онасига нисбатан Ўмонда жиноий иш очилгани боис, у туғруқхонани яширин равишда тарк этган.

Маълум бўлишича, она боласининг суриялик оилага вақтинча қараб туриш баҳонаси билан қолдириб, Ўзбекистонга қочиб келган. Суриялик оила болага яхши муносабатда бўлиб, икки йил давомида парваришлаган. Ҳозирда Сурияда тинчлик ўрнатилгани сабабли, улар ўз ватанларига қайтишга қарор қилган. Шу сабабли, Сурия фуқаролари болани Ўзбекистон элчихонасига топшириб, ўз ватанига қайтиб кетган.

Таъкидланишича, 2023 йилда Ўмондан Ўзбекистонга қочиб кетган она бошқа қилган жиноятлари учун 2024 йилда Ўзбекистонда ҳибсга олиниб, ҳозирда жазо муддатини ўтамоқда.

Элчихона томонидан боланинг ҳужжатларини тўғрилаш мақсадида Ўмоннинг тегишли идоралари олиб борилган музокаралар натижасида ватандошимизга туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома расмийлаштирилиб, 18 декабрь куни элчихона ходими ҳамроҳлигида Маскат–Дубай, Дубай–Тошкент йўналишида Ўзбекистонга қайтарилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер