Сўхнинг тилло қўлли деҳқони

12:42 19 Ноябрь 2025 Жамият
166 0

Сўхлик уста деҳқон Мулложон Сармисоқов учун тупроқ – ҳаёт, умид ва бараканинг манбаи. Қўли тупроққа теккан ҳар онида гўё она заминнинг нафасини эшитгандек бўлади. Кўкламда экин сочиб, йили билан елкасида кетмон, дилида меҳнат қувончини асраб яшайди. Мулложон ака қарийб 40 йилдирки “Сўх” ширкат хўжалигида ижарада ер олиб деҳқончилик қилади. Унга бир вақтлар 80 сотих ер ажратилган. У ғалла, картошка ва турли сабзавотлар етиштириб, оиласи рўзғорини тўкин қилиб келмоқда. Жорий йилда хўжалик томонидан 129 гектарга буғдой, 54 гектарга картошка, 21 гектарга сабзавот ва 20 гектарга чорва озуқаси экилди. Буғдойдан қарийб 1000 тонна, картошкадан 1350 тонна, пиёздан 600 тонна, чорвага мўлжалланган озуқадан эса 840 тонна маҳсулот жамғарилди.

– Кўплар Сўх картошкаси нега бунча ширинлигини сўрашади, – дейди қаҳрамонимиз. – Бу аввало еримизнинг табиий таркиби, тоза ҳаво ва Сўх дарёси ирмоқларининг мусаффо сувига боғлиқ. Туманимизнинг ҳавоси Чашма булоғидек тиниқ. Бу ернинг одамлари ҳам меҳмондўст ва саховатли.

Мулложон ака бу йил буғдой ва картошкадан мўл ҳосил олди. Ғаллaдан бўшаган ерларга ҳар йили такрорий экин сифатида сабзи ва бошқа сабзавотлар экади. Ҳозир фарзандлари билан бирга кузги ҳосилни йиғиштириш билан банд. Оила аъзоларининг ҳамжиҳатлиги, меҳнатсеварлиги туфайли улар бозордан деярли ҳеч нарса сотиб олмайди — барчаси ўз меҳнатининг баракаси.

– Деҳқончилик энг баракали касб, – дейди уста деҳқон. – Ерга меҳр берсангиз, у икки баравар қилиб қайтаради. Кузги ҳосил яхши. Ҳосилни ёғинга қолдирмай йиғиб олсак, шукрли кунлар янада кўпаяди, хурсандчилик тўйларга уланаверади. Она ер билан ҳамнафас бўлган инсоннинг доим дастурхони тўкин бўлади.

Уста деҳқон бир лаҳза осмонда сузиб бораётган булутларга қараб тўхтайди. Тоғ ҳавосининг ўзгарувчанлиги унинг учун ажабланарли эмас: бир дам шамол эсади, бир дам ёмғир ёғади. Ёмғирдан кейинги мусаффолик – барча чарчоқни тарқатиб юборади. Тоғнинг кенгликларидан чуқур нафас олганда бутун ғуборлар гўё ювилиб кетгандек бўлади.

Сўхликлар остонадан яхши ният билан кирган ҳар бир меҳмонга қалбини пойандоз қилади. Мулложон аканинг ҳам хонадонидан меҳмон аримайди.

Ботир МАДИЁРОВ

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер