Соғлиқни сақлаш коррупциядан холи ижтимоий соҳа бўлиши шарт
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 48-моддасига кўра, “ҳар ким соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини қонунда белгиланган тартибда давлат ҳисобидан олишга ҳақли”. Мазкур норма Қомусимизнинг муқаддимаси ва 1-моддасида ўз аксини топган “ижтимоий давлат” тамойилига тўла мос тушади ва уни ўзида ифодалайди. Зеро, ижтимоий давлат тамойилининг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида соғлиқни сақлаш тизимини айтиш лозим. Таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда мамлакатимизда тиббиёт соҳасидаги алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, мамлакатимиз аҳолисига тиббий ёрдам кўрсатишнинг сифати ошириш, тиббий суғурта тизимини жорий этиш, тиббиёт соҳаси ходимларини ойлик иш ҳақларини ошириш, доимий рағбатлантириш чораларини кўриш кабиларни мисол сифатида келтириш мумкин. Агарда рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак интернет маълумотларига кўра, 2024 йилда Давлат бюджети харажатларининг 50 фоизи ижтимоий соҳага йўналтирилган. Хусусан, таълим, фан, соғлиқни сақлаш соҳаларига ижтимоий харажатларнинг 72 фоизи йўналтирилди. Аҳолига сифатли тиббий хизматлар кўрсатилишини таъминлаш мақсадида соҳага ажратилган маблағлар миқдори 2023 йилга нисбатан 5 триллион сўмга оширилиб, 36 триллион сўмга етган ва болалар вакцинацияси учун 240 миллиард сўм, дори-дармон, тиббиёт воситалари учун 3 триллион сўм ажратилган.
Юқорида қайд этилган маълумотлар ва келтирилган рақамлардан мамлакатимизда “ижтимоий давлат” тамойилини тўлиқ амалга ошириш ва унинг натижасини халқимизнинг “розилиги ифодаси”да кўриш мақсад қилинган. Тиббиёт соҳаси учун ажратилаётган маблағлар сарфланиши ва ислоҳотларни очиқ, шаффоф ҳамда самарали амалга ошириш бугунги кунда давлатимиз олдида турган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Зеро, мазкур ислоҳотларни тўлиқ амалга ошириш жараёнига соҳада учраб турадиган коррупция ҳолатлари ўзини салбий таъсирини кўрсатади. Таассуфи, “маиший коррупция” айнан тиббиёт соҳасидаги кўп учрайди. Маиший коррупция деганда биз “давлат органларида асосий хизматлардан фойдаланишга уринган бевосита фуқаролар билан алоқа қилишда ҳокимиятнинг қуйи ва ўрта бўғинлари мансабдор шахсларининг кундалик ишончли ваколатларини суиистеъмол қилиши”ни тушунамиз.
Бизнинг фикримизча, соғлиқни сақлаш тизимидаги коррупция омилларини юзага келтиришда соҳа вакилларини ижтимоий ҳимояси ва ойлик иш ҳақларининг пастлиги, тиббий хизматларнинг автоматлаштирилмаганлиги ва шаффоф эмаслиги, баъзи хизматларда соҳа вакиллари томонидан “махфийлик” даражасининг ошириб юборилиши кабиларни келтириш мумкин.
Шу билан бирга, 2023 йилда соғлиқни сақлаш вазири томонидан келтирилган маълумотларга кўра, “коррупцион жиноятларнинг асосий қисми ходимларнинг иш ҳақини ўзлаштириш, ишга киритиш ёки иш соатини кўпайтириш, давлат харидлари, тиббиёт муассасаларига тегишли мол-мулк ва бюджет маблағларини ўзлаштириш, тиббий муолажалар учун пора олиш каби ҳолатлар билан боғлиқ. Тиббиёт ходимларини ишга қабул қилиш, лавозимга тайинлаш ва уларга иш ҳақини ҳисоблаш билан боғлиқ коррупцион жиноят содир этган шахслар сони соғлиқни сақлаш тизимидаги жами жиноят содир этган шахсларнинг деярли 50 фоизини ташкил этган”.
Мамлакатимизда соғлиқни сақлашни “коррупциясиз соҳа” сифатидаги мақомини белгилаш бўйича бир қатор амалий ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йил июль ойида Соғлиқни сақлаш тизимида коррупциянинг олдини олиш ишларининг ҳолати юзасидан Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши раиси Т.Нарбаева иштирокида ўтказилган мажлисда Республикада беморларнинг ягона маълумотлар базасини яратиш мақсадида “Электрон поликлиника”, “Электрон шифохона”, “Электрон тиббий карта”, “Лаборатория”, “Эмлаш (вакцинация)”, “Электрон рецепт” ва “Ҳомиладор аёллар ҳисоби” каби модулларни ўзида жамлаган Ягона тиббиёт ахборот тизими (DMED) ишлаб чиқилганлиги қайд этилди. Шу билан бирга, “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш бўйича йўл қўйилаётган камчиликлар, давлат харидларини амалга ошириш, очиқликни таъминлаш, тиббий хизмат кўрсатиш жараёнларидаги айрим муаммоли ҳолатлар қайд этилди.
Фикримизча, соғлиқни сақлаш тизимидаги коррупциянинг оқибатлари жуда ҳам аянчли бўлиши ва унинг салбий таъсири кенг қамровли бўлиши ҳам мумкин. Шу сабабдан бу соҳадаги коррупцияни олдини олиш ва бартараф этиш бошқа йўналишларга қараганда устуворлик касб этиши лозим. Қуйидаги таклиф этилаётган чоралар соҳадаги коррупцияни олдини олишда асосий ўрин тутиши мумкин:
- очиқлик (айниқса, тиббий хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ, тиббий буюмлар ва дори воситалари тендери каби);
- жамоатчилик вакилларининг соҳадаги иштироки ва назорати;
- тиббий хизматларни автоматлаштириш ва сунъий интеллект воситаларидан фойдаланиш;
- коррупция ҳолатлари ҳақида хабар берган шахсларни сир сақланиши кафолати.
Албатта соғлиқни сақлаш тизимидаги коррупцияни олдини олиш билан боғлиқ чоралар ушбу тизимнинг ўзига хослигидан келиб чиқиб амалга ошириш лозим. Зеро, соғлиқни сақлаш тизимидаги коррупцияни олдини олиш ва бартараф этишнинг қийинлиги шундаки, жуда кўп ҳолларда бунда “икки томонлама” розилик асосида амалга оширилади. Маълумки, коррупция жамиятда адолатсизлик билан бирга аҳолининг норозилигига ҳам сабаб бўлади.
Соғлиқни сақлаш тизимидаги коррупция хавф-хатарларини олдини олиш ва бартараф этиш комплекс чора-тадбирлар тизими ҳисобланади. Хусусан, бу ислоҳотлар ва тадбирлар ижтимоий-иқтисодий чоралар (масалан, соҳа вакилларини моддий рағбатлантириш), ташкилий чоралар (масалан, бюджет маблағларини тўғри сарфланиши, тиббий ташкилотлар фаолиятининг очиқлиги каби), сиёсий чоралар (жамоатчилик назоратининг амалга оширилиши), аҳоли ўртасида ҳуқуқий онг ва маданиятни ошириш (ижтимоий тенглик ғоясини доимий ривожлантириб бориш, соҳа вакиллари орасида профессионализм ва ҳуқуқий билимларни ошириш каби) чораларини қамраб олади. Зеро, Президентимиз Ш.Мирзиёев таъбирлари билан айтганда, “тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар аҳолининг ҳаётдан розилиги, эл-юртимиз тараққиётига хизмат қилсин”.
Мамуров Олимжон Исломович
Олий тоифали шифокор, т.ф.ф.д. (PhD)
Хонниёзов Достон Нурали ўғли
Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза
қилиш академияси магистри
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Электрон рецепт» тизими бўйича расмий баёнот берди
- Ўзбекистонда нақд пулга уй-жой ва машина олди-сотдиси бекор қилинади
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Учинчи Ренессансга элтувчи маърифат кўприги: Ўзбекистон—Покистон ҳамкорлигининг янги босқичи
- Муҳаммад Салоҳ фаолиятини Саудияда давом эттириши мумкин
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг