Сиз ўз овозингизни пулга сотасизми?

17:53 27 Август 2025 Жамият
186 0

Бугунги кунда одамлар гавжум жойларда “Ташаббусли бюджет” учун овозни пулга сотиб олувчилар ёки салқин ичимликка алмаштирувчиларнинг “савдоси” авжида. Ижтимоий тармоқда эса ҳатто машҳур шахслар ҳам очиқдан-очиқ тарғиботга киришиб кетган. Кимдир бир овоз учун 200 минг сўм таклиф қилса, бошқаси минглаб овозлар учун автомобиль ваъда қилмоқда. Аксарият юртдошлар эса ўзи яшаб турган чанг кўчанинг аҳволига ачинмай қўйди, негаки овоз “нархи” ошишини кутишмоқда. Чунки, овоз бериш якунлангани сари бир “баклажка” сув ёки пахта ёғига алмаштирилишини яхши билишади. Бу ҳолат қонунга зид хатти-ҳаракатдир. Негаки, бунда жараённинг адолатлилигига путур етади.

—Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасида ёзилганидек “Фуқаролар давлат ва жамият ишларини бошқаришда бевосита, шунингдек, ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга”,—дейди Андижон вилоят адлия бошқармаси ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи Умидбек Ҳакимов. —Демак, ташаббусли бюджетда овоз бериш ҳам фуқароларнинг ушбу ҳуқуқи ичига киради ва унинг эркинлиги давлат томонидан кафолатланади. “Бюджет кодекси” эса фуқаролар ташаббуслари асосида маҳаллий бюджет маблағларини ажратиш тартибини белгилайди. Унда жараённинг шаффоф ва холис бўлиши шартлиги қайд этилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ҳам қатор нормалар мавжудки, улар бевосита овоз бериш жараёнида пул таклиф қилиш ёки ёлғон ваъда бериш каби хатти-ҳаракатларга нисбатан ҳам қўлланилиши мумкин. Бу эса “овозингизга пул тўлаймиз” деган чақириқлар ахлоқсизлик эмас, балки қонунбузарлик эканлигини ҳам тасдиқлайди.

“Очиқ бюджет” портали халқнинг давлат маблағлари тақсимотида бевосита иштирокини таъминлайдиган янгича механизм. Бу жараёнда ҳар бир фуқаро овозидан ўринли фойдаланса маҳалла ва тумандаги муҳим муаммоларга ечим топиш тезлашади. Шу боис, аҳоли ўз овозини қадрлаши, шахсий иродаси билан иштирок этиши юртимиздаги демократик ислоҳотларнинг самарасини таъминлайди.

Саминжон ҲУСАНОВ,

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер