Сирдарёлик ижодкор 1000 та китобини совға қилди

12:48 24 Апрель 2025 Жамият
199 0

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ/«Халқ сўзи». Сўнгги йилларда Сирдарё вилоятида ижод қилаётган журналист, шоир ва ёзувчиларнинг кутубхоналарга янги нашр этилган китобларидан ўнлаб нусхада совға қилиши кўп кузатилмоқда.

V Республика «Китобхонлик ҳафталиги» кунларида Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари аъзоси, «Шуҳрат» медали соҳибаси Дилором Исмадиёрова ўзининг бир неча номдаги китобларидан кутубхоналарга туҳфа қилди. Ижодкорнинг ҳозиргача зиё масканлари, ҳарбий қисмлар, таълим муассасалари, маҳаллалар ҳамда китобхонларга тақдим этган тўпламлари 1000 нусхадан ошди.

— Дилором Исмадиёрованинг «Сирдарёча тўй қиламиз», «Сирдарёга қўниб ўтинг, дўстларим», «Сирдарёнинг бўйларида уйларимиз» деб номланган китоблари фойдаланувчиларимиз томонидан энг кўп ўқилаётган адабиётлар сирасидан, — дейди Сирдарё вилояти болалар кутубхонаси директори Шоира Шукурова. — Эътироф этиш лозимки, ушбу тўпламдаги ҳаётий ва халқчил руҳдаги асарларнинг ёш авлод учун тарбиявий-маърифий аҳамияти жуда катта. Шу ўринда Дилором Исмадиёрова каби яна кўплаб ижодкорлар ҳам янги чиққан китобларидан бир неча нусхасини кутубхоналар учун ажратаётгани жуда ибратли иш бўлаётганини таъкидлашни лозим деб ўйлайман.

Бинобарин кутубхонага китоб совға қилишнинг бир эмас, бир неча фойдаси борки, аввало, бу маскан жавонига тушган адабиётни кўпчилик ўқийди, ўз навбатида айни жиҳат муаллиф номини танитади, унга раҳмат ва олқиш олиб келади. Қолаверса, кутубхонадаги ҳар қандай адабиёт асраб-авайлаб сақланади ва у асрлар оша қўлма-қўл бўлиб ўқилади, токчада ўқувчисини кутиб сарғайиб турмайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер