Сирдарёда ўқувчилар давомати «Ҳокимлик соати»да муҳокама қилинди
Ўқувчилар давомати жараёнида йўл қўйилган айрим камчиликлар Сирдарё вилояти ҳокими раислигида ўтган ҳокимлик соатида танқидий руҳда кўриб чиқилди, деб маълум қилди Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.
Мазкур масала юзасидан вилоят ҳокимлиги ҳамда вилоят прокуратураси иштирокида тузилган ишчи гуруҳ томонидан ҳудудларда тўлиқ ва атрофлича ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганишлар давомида таълим муассасалари фаолиятида давомат юритиш жараёнига оид бир қатор ташкилий камчиликлар мавжуд экани аниқланди.
Жумладан, ўрганишлар натижасида вилоят бўйича турли сабабларга кўра чет элга чиққан 139 нафар мактаб ўқувчиси мавжуд бўлиб, айрим ҳолатларда улар таълим жараёнида иштирок этмаганига қарамасдан давомат юритилгани маълум бўлди.

Шунингдек, 2025 йил ноябрь–декабрь ойларида вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларида бўлган ўқувчиларга нисбатан ҳам улар марказда бўлган вақтларда давомат юритилган ҳолатлар қайд этилди. Айрим туманларда эса дарс машғулотларига умуман қатнашмаган ўқувчиларга бир неча чорак давомида электрон тизим орқали қайдлар қўйиб борилган. Мазкур ҳолатлар ҳокимлик соатида атрофлича таҳлил қилиниб, масъулият масаласига принципиал ёндашув зарурлиги қайд этилди.
Йиғилишда бундай ҳолатларни келгусида олдини олиш мақсадида маҳалла, мактаб, оила ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича аниқ топшириқлар берилди. Назорат ва ахборот алмашинуви тизимини такомиллаштириш муҳим вазифа сифатида белгиланди.
Таълим соҳасида тартиб-интизомни мустаҳкамлаш, ҳар бир боланинг таълим олиш ҳуқуқини тўлиқ таъминлаш ва жамият ишончини ошириш устувор вазифа экани таъкидланди.
Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- АҚШ Адлия вазирлиги Эпштейн иши бўйича 3 миллионта файлни эълон қилди
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Ўзликни англаш сари муҳим қадам: «Миллий қадриятлар атласи» китоб-альбоми тақдимот қилинди (+видео)
- Буюк шоирнинг Самарқанддаги табаррук излари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг