Сирдарёда 20 миллион метр кубдан зиёд сув тежалди
Фото: Аҳмадали Шерназаров / «Халқ сўзи»
Сирдарё вилоятида томчилатиб суғориш технологиясидан амалиётда унумли фойдаланилаётгани боис жорий йилда 20 миллион 960 минг метр куб сув тежалди. Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас.
СУВ ЁҚАЛАШ МУАММОСИ БАРҲАМ ТОПДИ
Гулистон туманида Холмўмин Кубаев раҳбарлигидаги “Садоқат-Саодат” фермер хўжалиги ери ариқнинг охирги “қулоғи”да жойлашган, шу боис хўжалик ишчилари учун энг оғир юмуш – бу суғориш. Устига-устак сув танқислиги муаммоси ҳам бор. Бу йил фермер хўжалиги жамоаси учун сув ёқалаш ташвиши кун тартибидан олиб ташланди. Кетмон ва фонар кўтариб, гоҳ ариқ бўйлаб, гоҳ дала ичра юрилган уйқусиз тунлар ортда қолди. Негаки, хўжаликда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилди. Ва ушбу янгилик жуда мақбул, самарали усул эканлиги ўз исботини топди.
Дейлик, анъанавий усулда 6 марта культивация ва бир неча бор жўяк олиш ишлари бажарилиб, гектарига 750-850 килограмм минерал ўғит солинган бўлса, жорий йилда ғўзага икки марта ишлов ва 250 килогача минерал озуқа берилди. Яна хўжаликнинг 31 гектар ерида суғоришни амалга ошириш учун йил давомида 70 кун вақт кетарди. Томчилатишда эса бу рақам 14 кунни ташкил этмоқда, холос. Албатта, энг муҳим натижа бу – ҳосил миқдори. Холмўмин Кубаевнинг айтишича, жорий йилда ҳар гектардан пахта ҳосилдорлиги 35 центнердан кам бўлмаётир. Ўтган йилги 27 центнер билан таққосланса, салкам 10 центнерга ўсиш дегани бу. Асосийси, таннарх, харажат сезиларли пасайди. Бундан фермер ғоятда мамнун.
СУВ САРФИ ТЕНГ ЯРИМГА ҚИСҚАРДИ
- Бугун тобора кучайиб бораётган сув тақчиллиги ҳамда сув ресурсларига бўлган эҳтиёж қишлоқ хўжалигида илғор суғориш технологияларини татбиқ этишни тақозо қилмоқда, - дейди “Ўзагроинспекция”нинг Сирдарё вилоят бошқармаси қишлоқ хўжалигига мўжалланган сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш бўлими бош инспектори Баҳодир Мамиров. - Шунга кўра вилоятимизда ҳозирга қадар 8 минг 384 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияси йўлга қўйилди. Натижада 20 миллион 960 минг метр куб сув иқтисод қилинди. Таъкидлаш ўринлики, агар шунча майдон анъанавий усулда суғорилганида 41 миллион 920 минг метр куб сув сарфланар эди. Кўриб турганимиздек, сув сарфи тенг яримга қисқарди.
ЯНА 142 ТА ШАРТНОМА ИМЗОЛАНГАН
Сирдарё вилоятида бу йил жами 18 087 гектар майдонда тежамкор суғориш технологияларини жорий этиш режалаштирилган. Яъни 17 937 гектарда томчилатиб, 50 гектарда ёмғирлатиб ва 100 гектарда дискрет суғоришга ўтилади.
“Ўзагроинспекция”нинг Сирдарё вилоят бошқармаси маълумотларига кўра, айни мақсадда сув тежовчи ускуналар хариди бўйича 125 та фермер хўжалиги ва 17 та кластер ташкилоти билан шартнома тузилди. Бунинг учун вилоят бўйича фермер ва тадбиркорларга тижорат банклари томонидан 254 миллиард сўм маблағ молиялаштирилган. Шу кунларда 302 та фермер ва тадбиркорлик субъекти томонидан 10 703 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиясини ўрнатиш учун қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.
...Фермер Холмўмин Кубаев томчилатиб суғориш технологиясининг афзалликларини санар экан, “Томчилар кетмонга дам берди” деган иборани қўллади. Бу оддий ва халқона таърифга яна қўшимча қилиш, назаримизда, ортиқча.
Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ. “Халқ сўзи” мухбири.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг