Сирдарё ва Хайду-Бихар ўртасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатилади

19:26 05 Июнь 2025 Жамият
214 0

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ/«Халқ сўзи». Сирдарё вилояти ҳокимлигида вилоят раҳбари Эркинжон Турдимов Венгриянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Йожеф Рожа билан учрашув ўтказди.

Унда жорий йилнинг 20 май куни Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг таклифига биноан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Венгрияга расмий ташрифи икки давлат муносабатларини янада мустаҳкамлашдаги муҳим тарихий воқеа бўлганлиги таъкидланди.

Ушбу ташриф доирасидаги учрашувлар ва келишувлар барча даражадаги ҳамкорликни, жумладан, ҳудудлараро иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга янги суръат бахш этиши билдирилди. Шу маънода таъкидлаш лозимки, мазкур учрашувда Сирдарё вилояти ва Венгриянинг Хайду-Бихар (Hajdú-Bihar) вилоятлари ўртасида ҳудудлараро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш таклиф этилди.

Мулоқот жараёнида Венгрия билан дўстона ва стратегик шериклик асосидаги муносабатлар турли соҳаларда муваффақиятли ривожланаётганлиги эътироф этилиб, Сирдарё вилоятида таълим, тиббиёт, фармацевтика ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида инновацион ёндашувларни жорий қилиш, экспортбоп маҳсулот етиштириш ва янги иш ўринларини яратиш борасида икки томон учун манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича истиқболли таклифлар муҳокама этилди.

Якунда истиқболли инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги ишларни ҳамкорликда изчил олиб борилишига келишилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?