Сирдарё ва Гулистон туманига янги ҳокимлар тайинланди

11:58 28 Февраль 2025 Жамият
182 0

Сирдарё вилоятининг Сирдарё ва Гулистон туманига янги ҳокимлар тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Гулистон туманида Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилган. Таҳлилий-танқидий руҳда ўтган сессия ишида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов ҳам иштирок этган.

Турдимов ўз нутқида туманда камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, янги инвестицион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, экспорт ҳамда қатор соҳалар бўйича қолоқликка йўл қўйилаётганлигини таъкидлаб, туманни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш борасида туман биринчи раҳбарининг ҳаракатлари етарли эмаслигини билдирди.

Шунингдек, сессияда ташкилий масала ҳам кўрилиб, шу кунга қадар туман ҳокими лавозимида ишлаб келган Мамадаминов Ўлмасжон Ёрмахамматович эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Депутатлар томонидан шу кунга қадар туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи лавозимида фаолият олиб борган Жўраев Олимжон Ўразалиевич номзоди туман ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланди.

Маълумот ўрнида, Жўраев 1982 йилда Сирдарё вилояти Гулистон туманида туғилган. 2004 йилда Гулистон давлат университетини тамомлаган, мутахассислиги иқтисодчи.

Бундан ташқари, Сирдарё туманида ўтказилган Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида депутатлар томонидан шу кунга қадар Сирдарё вилояти ёшлар ишлари агентлиги бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият олиб борган Турдимуродов Азизбек Махамматқул ўғли номзоди туман ҳокими лавозимига тасдиқланган.

Турдимуродов 1994 йил Сирдарё вилояти, Боёвут туманида туғилган. 2019 йил Тошкент ахборот технологиялари университети, 2022 йилда эса Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтини тамомлаган. Мутахассислиги ахборот технологиялари ва сервис, лойиҳаларни бошқариш.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?