Сирдарёда «Обиноввот» ва «Жўрақанд» қовунлари қайта ишланади

12:34 08 Январь 2026 Жамият
194 0

Ўтган йили Хитойнинг Фуцзян провинциясида жойлашган салқин ичимликлар ишлаб чиқарувчи «Pan Pan Foods» компанияси лабораториясида Сирдарё вилоятидан жўнатилган «Оқ уруғ», «Обиноввот», «Кўкча» ва «Жўрақанд» навли қовунларни саноат усулида қайта ишлаш имкониятлари таҳлил қилинди. Ўрганишлар натижасида «Обиноввот» ва «Жўрақанд» навлари энг мақбул деб топилди.

Мутахассислар ушбу навлар табиийлиги, тозалиги, хушбўйлиги ва ширин таъми билан ажралиб туришини, ҳатто 85 даражагача совитилган ҳолда ҳам ўз хусусиятларини йўқотмаслигини қайд этди. Хитойлик экспертлар хулосасига кўра, мазкур қовун навларини бемалол саноат усулида қайта ишлаш мумкин.

Сирдарё вилояти ҳокими бошчилигидаги делегациянинг ўтган йил октябрь ойида Хитойга амалга оширилган хизмат сафари давомида ҳам қовунни саноат усулида қайта ишлаш, ундан турли озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш масаласи атрофлича муҳокама қилинди.

— Ҳозирда туманларимиздан бирида қовунни қайта ишлашга ихтисослашган корхона ташкил этиш режалаштирилмоқда, — дейди Сирдарё вилояти инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғи ўринбосари Умиджон Алманов. — Бу борада «Pan Pan Foods» компанияси билан қиймати 25 миллион доллар бўлган инвестиция лойиҳаси юзасидан келишувга эришилди. Айни пайтда ишлаб чиқариш параметрларини аниқлаш бўйича якуний музокаралар олиб борилмоқда. Лойиҳани 2026–2027 йилларда амалга ошириш мўлжалланган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, қовунни қайта ишлаш йўлга қўйилиши деҳқонлар даромадини сезиларли оширади. Қолаверса, соҳани сифатли уруғлик билан таъминлаш ва интенсив агротехнологияларни кенг жорий этиш орқали қовун етиштирувчиларнинг даромади ҳозирги кўрсаткичга нисбатан камида икки баробарга ошиши кутилмоқда.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер