Сифатли таълим қайғуси

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўртинчи йилига ҳам тобора яқинлашмоқдамиз. Бу вақт тарих учун қисқа бир даврни ташкил этса-да, маълум бир хулосалар, сабоқлар чиқаришга етарли деб ўйлайман.
Тўғриси, биз мустақилликнинг дастлабки ўн йилини тирикчилик ғамида ўтказдик. Етишмовчилик, хавф-хатар, инқирозга учраган иқтисодиёт, бутунлай таназзулга юз тутган алоқалар исканжасида қолгандик. Ғалла мустақиллиги биз учун ҳаёт-мамот масаласига айланганди. Одамлар иқтисодиётни эмас, иқтисодиёт одамларни бошқарган замонларни кўрдик.
Ўша даврларда биз йўл қўйган энг мудҳиш хатолардан бири — таълим-тарбия соҳасига етарли даражада эътибор бермаганимиз бўлди. Аччиқ бўлса ҳам айтаман, бунинг бадалини ҳали-ҳалигача тўлашга тўғри келмоқда.
Ўзи шундоқ ҳам етишмайдиган, ота-оналар фарзандларини жойлаштириш учун йиллаб навбат кутадиган болалар боғчалари тугатилди. Бинолари талон-торож қилинди. Болалар ақлий жиҳатдан ривожланадиган энг муҳим даврида уйларига қамалди. Бобо-бувилар, ота-оналар ишдан қайтгунча уларга интизор бўлишди.
Мактаблар аянчли аҳволга келиб қолганди. Асосан ота-оналардан мажбуран йиғиб олинган арзимас пул эвазига номига таъмирланарди. Ўқитувчининг бўйнига эса мустамлака тузумдан ўтиб келган мажбурий меҳнат бўйинтуруғи осиб қўйилганди. Бунинг натижасида Ўзбекистонда таълим тизими таназзулга юз тутди. Муаллим мактабни ташлаб кетишга мажбур бўлди. Олий ўқув юртларига ўқишга киришнинг коррупцион усуллари ўйлаб топилди. Мактаб таълими қайсидир маънода ўқувчиларга нимадир бераётган бир ҳолатда коллежлар қурилиб, ўқувчилар таҳсилни у ерда давом эттиришга мажбур қилинди. Ўтган давр шуни кўрсатдики, бу борада ҳам биз хатога йўл қўйган эканмиз. Қисқаси, қайси томондан қарасангиз ҳам таълим аянчли, ожиз аҳволга келтирилди. Бундай бир вазиятда таълим сифати ҳақида гапиришнинг ўзи мантиқсизлик эди.
Хуллас, Ўзбекистоннинг янги раҳбари Президент Шавкат Мирзиёевга таназзулга юз тутган таълим соҳаси мерос бўлиб қолганди. Ўтган ўн йил йиғилиб қолган муаммоларни бартараф этишга сарфланди.
Бу даврда мактабгача таълим соҳаси тикланди. Нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилди ва бу муассасалар эътибордан четда қолаётган болаларни тўла қамраб олишга киришди. Фарзандларимиз мактабга тайёрланиш босқичидан баҳраманд бўлишди. Мамлакатда бу борада бутун бошли тизим янгидан яратилди.
Ўн бир йиллик умумий таълим қайтадан жорий этилди. Янги мактаблар қурилди, мавжудлари капитал таъмирланди, моддий-техника базаси яхшиланди. Ўзини оқламаган коллежлар эса тугатилиб, самарасиз уринишларга барҳам берилди.
Энг муҳими, мактаб ва олий ўқув юрти ўқитувчиларининг елкасидан “мажбурий меҳнат” деган “тоғ” олиб ташланди. Маошлари кўтарилди. Шу билан бир қаторда, олий таълим даргоҳларига ўқишга киришнинг бутунлай шаффоф механизми яратилди, ёшларни қамраб олиш даражаси бир неча баробар оширилди.
Назаримда бу натижаларга осонликча эришилгани йўқ. Президент Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси билан жуда катта ютуқлар қўлга киритилди. Ва бу жараён давом этмоқда. Бунинг учун улкан маблағ сарфланяпти. Меҳнат ва заҳматларни эса айтмаса ҳам бўлади.
Бир қарасак, таълим ислоҳига дахлдор муаммолар ечилгандай туюлади. Бироқ бугун миллат, мамлакат, Президент нимага эҳтиёж сезмоқда? Таълим соҳасида туб бурилиш ясаш учун қайси масалаларга эътибор қаратиш жоиз? Нима қилсак, жаҳон таълим стандартларига мослашамиз? Бугун бизни нима ташвишга солиши керак?
Бугун Ўзбекистон айнан сифатли таълимга муҳтож.
Миллатнинг қайғуси ҳам фақат ва фақат сифатли таълим бўлиши керак. Сифатли таълим бериш, энг аввало, барча даражадаги ўқитувчиларнинг бош вазифасига айланиши зарур. Фарзандининг чуқур билим олиши борасида ота-онанинг ҳам, жамоатчиликнинг ҳам масъулияти оширилиши керак. Аслида сифатли таълимдан энг манфаатдор инсонлар ота-оналардир. Бу манфаат кўлами янада кенгайиб, давлат ва жамиятни ҳам қамраб олади.
Бугун биз англамаётган ҳақиқатлар эртага биздан шафқатсизларча “қасд олиши” мумкин. Шу боис сон ортидан қувишни тўхтатиб, тезроқ сифатга қайтишимиз керак. Сифат мактабгача таълим тизимидан бошланиб, мактабда ривожланиши, олий ўқув юртида мустаҳкамланиши шарт. Таълим сифати атрофида ўқитувчи ҳам, ота-она ҳам, жамият ҳам бирлашиши, бир ёқадан бош чиқариши даркор.
Бахт-саодатга фақат ва фақат фарзандларга сифатли таълим, билим бериш орқали эришилади. Бошқа йўл билан ҳеч қандай ижобий натижага эришиб бўлмайди. Сифатли таълимгина миллатни юксалтиради, мамлакатни тараққий эттиради. Бу жараёнлар табиий юз беради — инқилобий эмас, эволюцион ривожланиш содир бўлади.
Мамлакатимиз миллий мустақиллигини таъминлайдиган, барқарор сақлайдиган ягона омил бу — сифатли таълим!
Янги дунёда мустақилликка сифатли ва замонавий таълим орқали эришиш, илм-фанни ривожлантириш орқали уни сақлаб қолиш ва юксалтириш қонунияти ҳукм сурмоқда. Ҳаёт сифати ошишини истаган халқ буни яхши англаб етиши керак. Ривожланган мамлакатлар ўзидан ўзи бугунги ҳаёт даражасига келиб қолмаган. Бунинг замирида, аввало, сифатли таълим ётибди. Ислоҳот аслида айнан шундан бошланиши керак. Акс ҳолда муқаррар мағлубиятга юз тутади.
Дунё харитасидаги мамлакатларни бир кўз олдингизга келтиринг. Қайси заминда таълим сифатига бош масала сифатида қаралган, илм-фан юксалган бўлса ўша мамлакат тараққий этган бўлиб чиқади. Бугунги Европа мамлакатлари ҳам айни шу йўлдан боргани кундай равшан. Бусиз ҳеч нарсага эришиб бўлмасди.
Муаммолар, қийинчиликлар, қашшоқлик, қарамлик, қуллик фақат бир восита — илм-фан ва сифатли таълим орқали бартараф этилади.
1945 йил 6, 9 август кунлари Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига АҚШ томонидан атом бомбаси ташланади. Бу ҳақда ўша пайтдаги АҚШ Президенти Гарри Трумэн шундай деган эди: “Биз инсоният тарихида жуда ҳам даҳшатли қурол яратдик. Бу қуролдан фақат бир давлат — Японияга қарши фойдаланамиз. Бунда ҳарбий объектлар, аскарлар ва денгиз кучлари нишонга олинади. Майли, японлар ёввойи, қаттиққўл ва раҳмсиз миллат бўлса ҳам, биз халқ манфаати йўлида на янги, на эски пойтахтга бу бомбани ташлай олмаймиз...”
1945 йил 2 сентябрда Токио қўлтиғида Япониянинг сўзсиз таслим бўлгани ҳақидаги ҳужжат имзоланади. Японияга нисбатан халқаро ҳамжамият жуда катта чекловлар киритади.
Бундай таназзулли кунларни японлар қандай енгиб ўтди? Қандай қилиб японлар дунёнинг энг ривожланган давлатлари сафига қўшилди? Қандай қилиб Япония ҳеч қандай табиий бойликларсиз дунёнинг энг юксак иқтисодиётига эга бўлди? Бу саволларга биргина жавоб бор: сифатли таълим Японияни таназзул ботқоғидан олиб чиқди.
Нега Япониянинг ўтган аср ўрталаридаги аҳволига тўхталдим? Бунинг боиси нажот сифатли таълимда эканлигига эътиборингизни қаратишдир. Сифатли таълим ва илм-фан дунёни, куч-қудратни, жаҳолатни тиз чўктира олганига барчамиз гувоҳмиз. Бугун бутун дунёни ҳайратга солаётган Хитой мўъжизаси, Сингапур салоҳияти, Малайзия маърифати замирида ҳам, энг аввало, сифатли таълим турибди.
“Сифатли таълим” иборасини бежиз такрор ва такрор ишлатаётганим йўқ. Ижтимоий-иқтисодий талабдан паст, самарасиз таълим, айниқса, у солиштирма миқдори жиҳатидан сифатли таълим улушига нисбатан устунлик қилганда, тескари самара бериб, жамиятнинг барқарор ривожланиш векторига салбий таъсир кўрсатади ва тузатиш қийин бўлган вазиятга олиб келади.
Бугун дунё ўта рақобатли маконга айланди. Фақат жуда сифатли товарлар ва хизматлар тан олинмоқда. Бунга эса сифатли таълим туфайлигина эришиш мумкин. Шу жиҳатдан, уни муболағасиз, локомотивга қиёсласа бўлади.
Сифатли таълимнинг бошида миллат ойдинлари, зиёлилар туриши керак.
Агар ўқитувчи ватанпарвар, миллатпарвар бўлса, энг аввало, ўқувчига яхши таълим беради. Ўз навбатида, ўқувчи ҳам сохта баҳонинг, дипломнинг орқасидан қувмайди.
Инкор этиб бўлмайди — кўпчилик, керак бўлса, жамият сифатли таълимнинг темир қонуниятларига тайёр эмас. Бардош беролмайди. Чунки сифатли таълимда ёлғон бўлмайди. Ўқитувчи сифатли дарс ўтади ва ўқувчидан ҳам қаттиқ талаб қилади. Ўқитувчи ва ўқувчи муносабатларига четдан ҳеч ким аралашмайди.
Ота-она ҳам таълим муассасасини, муаллимни айблаш позициясидан чекиниши, воз кечиши, бунинг ўрнига боласининг яхши таълим олиши учун курашиши, мутасаддилардан талаб қилиши муҳим аҳамиятга эга. Ўшанда биз босқичма-босқич сифатли таълимга ўта оламиз. Акс ҳолда сифатсиз таълимнинг аянчли оқибатлари ичида яшашга мажбурмиз.
Хўш, сифатсиз таълим нима дегани? Аввало, у билим бермайдиган мактаб, мутахассис тайёрламайдиган олий ўқув юрти, саводсиз ўқитувчи, нолойиқ домла дегани. Бундай муаллим қўлида сабоқ олган ўқувчиларнинг умри беҳуда ўтади. Улар жамиятнинг билимсиз қатламига айланади. Сифатсиз таълим, бу — билимсиз шифокор дегани. Унинг қўлига тушган одам ўлиб қутулади. Бу — фикрлаш қобилияти йўқ, чаласавод одам дегани. У жамиятнинг қайси бўғинида ишламасин, ўша бўғинни чўктиради.
Сифатсиз таълим дегани, бу — мамлакатнинг, миллатнинг истиқболи йўқ дегани. Бундай халқ рўшнолик кўрмайди. Сифат йўқ жойда самара ҳам бўлмайди.
Шу боис сифат ўзгаришлари таълимнинг барча бўғинида юз бериши керак. Ҳамма механизмлар тенг ишлаши зарур. Бутун таълим тизими сифат учун баробар жавобгар ҳисобланиши керак. Акс ҳолда мактаб мактабгача таълим ташкилотини, олий ўқув юрти эса мактабни айблаб юраверади.
Дунёда мамлакатлар кўп, халқлар кўп. Уларнинг ҳаммаси ҳам мустақил, озод эмас. Ўша мамлакатлар, миллатлар тарихига кўз ташласангиз, улар ўз эркини бировларнинг қўлига бериб қўйганига, тўғрироғи, бошқаларнинг интеллектуал қудратига қарам бўлиб қолганига гувоҳ бўласиз. Чуқурроқ эътибор берилса, ўша даврларда улар маърифатдан узоқлашган бўлиб чиқади. Бунинг оқибатида тараққиётдан ортда қолишган. Лоқайдликка, бепарволикка берилиб, ёшлар таълим-тарбияси аросатда қолган. Натижада ўз-ўзларини қулликка маҳкум этишган.
АҚШнинг биринчи Президенти Жорж Вашингтон айтган: “Қачонки аҳолини саводли, ҳунарли, бир сўз билан айтганда, маърифатли қилсаккина, ривожланиш бўлади.”
Бу сўзлар бугун ҳам ўта долзарб. Зеро, XXI аср интеллектуал бойлик асри ҳисобланади. Эндиликда интеллект даражаси юқори бўлган миллатлар ва мамлакатлар ҳукмрон бўлади. Бу борада ер ости ва ер усти бойликлари ҳеч қандай ўрин тутмайди. Аллақачон интеллект биринчи даражага кўтарилиб бўлган.
Хомашёларга бой бўлган давлатларни интеллекти юқори мамлакатлар “ютиб” юбораётганини, табиий ресурсларга эга юртлар уларга қарам бўлиб қолаётганини кўриб турибмиз. Бутун дунёнинг ақли ва билими интеллекти ривожланган давлатларга тўпланаётгани ҳам бор гап. Натижада интеллект жам бўлган давлатлар тобора тараққий этаверади. Бошқалар эса ортда қолаверади. Оқибатда ақлий қарамлик юзага келади. Бу эса ҳар қандай иқтисодий-сиёсий қарамликдан ёмонроқ, даҳшатлироқдир.
Модомики шундай экан, миллат ўз келажагини интеллектуал салоҳиятнинг асоси бўлган сифатли таълимда кўриши, у бўлмас экан, ёруғлик, рўшнолик йўқлигини англаши керак. Бинобарин, сифатли таълим бериш ҳам, сифатли таълим олиш ҳам аслида ҳақиқий ватанпарварлик намунасидир.
Рустам ХОЛМУРОДОВ,
Самарқанд давлат университети ректори,
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг