Шоир яшаган хонадонда хотира лавҳаси ўрнатилди

18:16 12 Май 2023 Маданият
1229 0

Ўзининг ибратли ҳаёти, серқирра фаолияти билан ёш авлодга намуна бўлган инсонларнинг номи унутилмайди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир, публицист, таржимон Тошпўлат Аҳмад ана шундай юртдошларимиздан эди. 

“Табассум боғи”, “Гавҳари жоним”, “Қутлуғ остона”, “Имон қалъаси” каби ўнлаб китоблар муаллифи бўлган устознинг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, “Бухоронома” вилоят газетаси бош муҳаррири, республикамизда номи тилга тушган “Бухоро мавжлари” журналини ташкил этиш ташаббускори ва шу нашр бош муҳаррири сифатидаги фаолияти тўғрисида узоқ тўхталиш мумкин. 

Тақдирнинг иноятини қарангки, Тошпўлат ака Бухоро шаҳрининг улуғ аллома Муҳаммад Наршахий номи билан аталувчи маҳалласида, шу ҳудудда жойлашган Фитрат номли кўчада умргузаронлик қилди. Бир умр юртимизни, Бухорони, шу муқаддас заминда яшаб ўтган буюк аждодларимизни мадҳ этувчи шеъру достонлар битди. 

Бугун устознинг ёр – биродарлари, маҳалладошлари,шогирдлари, зиёлилар, шеърият, адабиёт мухлислари Тошпўлат Аҳмад хонадонида тўпландилар. Вилоят ҳокимлиги томонидан тузилган чора – тадбирлар доирасида шоир яшаган хонадонда хотира лавҳаси ўрнатишга бағишланган маросим бўлиб ўтди. Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, шоир Шодмон Сулаймон, вилоят ҳокимлиги вакиллари Акбар Рустамов, Олимжон Жўраев ва бошқалар Тошпўлат Аҳмедовнинг инсоний фазилатлари, унинг маънавий мероси ҳақида сўз юритдилар. 
- Тошпўлат ака юртимизнинг фахру ифтихорига сазовор ижодкорлардан бири эди,- дейди маросимда сўз олган “Нуроний жамғармаси Бухоро шаҳар бўлими раҳбари У. Носиров. - Худди кечагидек эсимда. Бундан бир неча йил муқаддам биз, бир гуруҳ фаоллар Туркиянинг Бухоро билан биродарлашган Малатия шаҳрида бўлгандик. Ўшанда устоз бир кечада ўзбек – турк биродарлигига оид сермазмун шеър битиб, учрашувларда ўқиб берганди. Бу шеър турк матбуотида эълон қилинган ва эътирофларга сазовор бўлганди. Тошпўлат акани чин маънода Бухоро куйчиси деб айтиш мумкин. Бундай улуғ инсонлар номини ёд этиш, уларнинг ибратли ишларини тарғиб қилиш ёшларимизни она – юртга, миллий қадриятларимизга меҳр – муҳаббат руҳида тарбиялашга хизмат қилади, албатта. 

Тадбирда Бухоро давлат университети талабалари ҳамда маҳалла ҳудудида жойлашган 22 – умумтаълим мактаби ўқувчилари томонидан шоир шеърлари ёд айтилди. 

Шу куни ижодкорлар, адабиёт мухлислари, ёшлар Тошпўлат Аҳмад таҳсил олган Шофиркон туманидаги 4 – умумтаълим мактабида бўлдилар. Мазкур билим даргоҳида ҳам таниқли ижодкор хотирасига лавҳа ўрнатилди. 

Вилоят ҳокимлигининг тегишли чора – тадбирлар дастурига кўра, бухоролик ардоқли ижодкорлар – Тилак Жўра, Самандар Воҳидов, Садриддин Салим Бухорий, Ғулом Шомуродов яшаб ўтган хонадонларда ҳам худди шундай маросимлар ўтказилиб, улар хотираси ёд олинади. 

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер