Шавкат Мирзиёев Tashkent City халқаро бизнес маркази қурилишини кўздан кечирди

Президент Шавкат Мирзиёев 20 ноябрь куни Tashkent City халқаро бизнес маркази қурилишини яна бир бор кўздан кечирди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати хабар бермоқда. Бу ерда замонавий архитектура ютуқларига мувофиқ лойиҳалар ва давлатимиз раҳбарининг аввалги ташрифлари чоғида берилган кўрсатмалар асосида жадал қурилиш кетмоқда.
Бизнес марказлар, меҳмонхоналар, конгресс-хол, офислар, кўп қаватли уйлар, ресторанлар ва бошқа объектлар еттита лотга ажратилган ҳолда бунёд этилмоқда.
Президентимиз беш юлдузли меҳмонхонада қуриладиган хоналар, заллар намуналари билан танишди. Хоналарнинг ҳар бир деталига эътибор қаратиб, уларнинг дизайни ва қулайликлари бўйича кўрсатмалар берди. Хоналар ёруғ ва баҳаво бўлиши, уларни безашда одамларнинг кайфиятини кўтарадиган, очиқ ранглардан фойдаланиш кераклигини таъкидлади.
Меҳмонхонага туташ тарзда яна бир йирик иншоот – конгресс-холл қурилмоқда. Унда олий даражадаги учрашувлар, халқаро анжуманлар ўтказиш учун барча шароит яратилади. Энг сўнгги техника ва технологиялар билан жиҳозланади.
Шавкат Мирзиёев конгресс-холлни халқаро стандартлар асосида қуриш, йирик делегацияларни қабул қилиш учун зарур қулайликлар яратиш бўйича топшириқлар берди.
Президент Gardens Residence турар жой комплексини ҳам бориб кўрди. Намуна сифатида қурилган 2 ва 4 хонали уйларни кўздан кечирди.
Саккиз гектар майдонни эгаллайдиган ушбу комплекс тўққизта кўп хонадонли уйдан иборат бўлади. Уларни лойиҳалашда барча жиҳатлар инобатга олинган. Болалар, ота-оналар, меҳмонлар учун алоҳида қулайликлар кўзда тутилган.
Давлатимиз раҳбари халқимиз мана шундай замонавий уйларда яшашга ҳақли экани, Европа ва Осиёнинг ривожланган мамлакатлари стандартлари асосида қурилган бу уйлар юртдошларимизга берилишини таъкидлади. Мазкур турар жойлар харидорларга узоқ муддатли имтиёзли кредитлар асосида тақдим этилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Экрандаги қабоҳатнинг ҳаётдаги акси ёки енгил-елпи сериаллар жамиятга нима беряпти?
- Нью-Йорк манзаралари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг