Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Мираббос Мирзааҳмедов вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
Миллий маданиятимиз ва санъатимизнинг атоқли намояндаси, машҳур режиссёр ва телебошловчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Мираббос Абдулҳақович Мирзааҳмедов шу йил 19 ноябрь куни 84 ёшида вафот этди.
М.Мирзааҳмедов 1941 йил 30 сентябрда Тошкент шаҳрида зиёли оиласида туғилди. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг Тошкент театр ва рассомлик институти (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти)да кино ва театр санъати актёри мутахассислиги бўйича таҳсил олди.
Меҳнат фаолиятини Ўзбекистон телерадиокомапаниясида режиссёр ёрдамчиси сифатида бошлаган истеъдодли санъаткор 60 йилдан зиёд вақт мобайнида “Ёшлар” таҳририяти режиссёри, бош режиссёри, “Ўзбекистон” телеканалининг олий тоифали режиссёри, “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” кўрсатувининг режиссёри ва бошловчиси каби лавозимларда самарали хизмат қилди. Унинг бевосита раҳбарлигида долзарб мавзу ва жанрларда тайёрланган эшиттириш ва кўрсатувлар, бадиий видеофильмлар миллий руҳи, теран мазмуни, халқчиллиги билан миллионлаб мухлислар қалбидан ўрин олди. Айниқса, устоз режиссёр томонидан тасвирга олинган “Баҳор қайтмайди”, “Излайман”, “Қалбингга қулоқ сол”, “Баҳс”, “Уч илдиз”, “Дунёнинг ишлари” каби асарлар ўз даврининг ёрқин телефильмлари сифатида маданиятимиз хазинасидан муносиб жой эгаллади.
М.Мирзааҳмедов ўзининг нуроний ва донишманд қиёфаси, кўп йиллик билим ва тажрибаси билан марказий телеканалларимиз орқали 40 йилдан буён намойиш этиб келинаётган “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” кўрсатувига янгича руҳ ва мазмун олиб кирди ҳамда ушбу дастур орқали жамиятимиз ҳаётидаги ижтимоий-маънавий муаммоларга жамоатчилик эътиборини қаратиш, эл-юртимиз, айниқса, ёшлар ўртасида оила ва Ватанга муҳаббат, одоб-ахлоқ, меҳр-оқибат ғояларини тарғиб этишга катта ҳисса қўшди.
Бутун умр доимо изланиб, халқимизга сидқидилдан хизмат қилиб келган заҳматкаш ижодкор ўзига хос маҳорат ва тажриба мактабини яратиб, кўплаб ёшларга устозлик қилди.
М.Мирзааҳмедовнинг мамлакатимиз маданияти ва санъатини ривожлантириш йўлидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони, “Меҳнат шуҳрати” ва “Дўстлик” орденлари билан мукофотланди.
Таниқли санъаткор, самимий ва камтарин инсон, ёшларнинг меҳрибон устози Мираббос Мирзааҳмедовнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.
Ш.Мирзиёев, Т.Норбоева, Н.Исмоилов,
А.Арипов, С.Турдиев
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
- Россия НАТОга ҳужум қилиш учун шай ҳолатда — Бундесвер генерали
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг