Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Америка Қўшма Штатлари Президентининг глобал шерикликлар бўйича махсус вакили Паоло Замполлини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 август куни мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Америка Қўшма Штатлари Президентининг глобал шерикликлар бўйича махсус вакили Паоло Замполлини қабул қилди.
АҚШ маъмуриятининг юқори мартабали вакили давлатимиз раҳбарига Президент Дональд Трампнинг самимий саломи ва Ўзбекистон мустақиллиги куни муносабати билан табрикларини етказди.
Учрашувда Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Турли даражаларда самарали алоқалар давом этаётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Конструктив сиёсий мулоқот ривожланмоқда, фаол парламентлараро алмашинувлар амалга оширилмоқда. Ўтган ойда Конгрессда Ўзбекистон куни доирасидаги тадбирлар ўтказилди, бу йил кузда Кенгайтирилган стратегик шериклик мулоқотининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтади.
Хавфсизлик соҳасида, терроризм, экстремизм ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш борасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.
АҚШ анъанавий равишда Ўзбекистоннинг муҳим иқтисодий ҳамкори ҳисобланади. 2024 йилда товар айирбошлаш ҳажми 15 фоизга кўпайди. Лойиҳалар портфели 11 миллиард доллардан ошган.
Жорий йил июнь ойида ўтказилган Тошкент инвестиция форумида АҚШнинг 100 дан ортиқ етакчи компаниялари иштирок этди.
Минерал ресурслар, авиация, электротехника, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар, молия, инновациялар, таълим ва бошқа устувор йўналишларда кооперация лойиҳаларини илгари суриш учун катта салоҳият мавжудлиги қайд этилди.
“С5+1” формати доирасида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш муҳим экани таъкидланди.
Бўлажак мулоқотлар ва қўшма тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Экрандаги қабоҳатнинг ҳаётдаги акси ёки енгил-елпи сериаллар жамиятга нима беряпти?
- Нью-Йорк манзаралари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг