Шаффофлик ва рақамлаштириш кадастр хизматлари кўрсатиш сифатини оширмоқда

16:11 05 Сентябр 2025 Жамият
146 0

Абдунаби АЛИҚУЛОВ/«Халқ сўзи». “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларга қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонунга кўра Давлат кадастрлари палатаси томонидан “Кўчмас мулкларни хатлов йўли билан техник инвентаризациядан ўтказиш ва электрон йиғмажилдини тайёрлаш тартиби тўғрисида” услубий қўлланма тайёрланди. Мазкур ҳужжат билан палатанинг электрон манзилида танишиш, мабодо саволлар туғилса, уларга кадастр идорасига бориб ўтирмасдан, яна интернет орқали керакли жавобларни олиш мумкин. Бу ўнғайлик Давлат кадастрлари палатаси иш самарадорлигини ошириш, соҳада шаффофликни тўлиқ таъминлаш, мутахассисларнинг тез ва аниқ ишлашига шароит туғдирмоқда.

— Агар сизга бирор танишингиз қўнғироқ қилиб, ҳовли-жойингиз ё ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган жойни зудлик билан расмийлаштириб бераман, кадастр идорасида танишим бор, деса бунга асло ишонманг. Чунки тизим тўлиқ рақамлаштирилган, қўлингиздаги смартфонда, махсус иловалар орқали бу ҳақда бир зумда маълумот олишингиз мумкин, — дейди Давлат кадастрлари палатаси раисининг биринчи ўринбосари Нозимжон Иномов.

Маълумотларга кўра, тегишли ҳужжатларга мувофиқ, республикамиз бўйича жами 48 200 гектар қишлоқ хўжалиги ерларининг тоифаси ўзгарди. Жумладан, 18 560 гектар ер саноат фондига, 610 гектар ер аҳоли пунктлари ихтиёрига, 2,5 гектар ер тарихий маданий аҳамиятга молик ерлар фондига, минг гектари табиатни муҳофаза қилиш йўналишига, 27 840 гектари эса сув фонди ҳисобига ўтказилди. Давлат кадастр­лари палатаси томонидан қўшимча равишда 128 700 та кўчмас мулк объекти ҳисобга олинди ва уларнинг сони бугунги кунда жами 8 548 300 тани ташкил этмоқда.

— Аҳолидан тушаётган ҳар бир мурожаат, у хоҳ ёзма, хоҳ ижтимоий тармоқ орқали юборилган бўлсин, ўз вақтида кўрилиб, эгасига тегишли жавоблар берилмоқда. Тушунмовчилик ва коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик учун жойларда халқ билан бевосита мулоқотлар, маҳаллаларда учрашувлар ташкил этяпмиз. Шу йилнинг ўзида тизимда аҳоли билан 167 маротаба сайёр қабул ўтказилди ва шу жараёнда ўн минглаб саволларга тушунтиришлар берилди, аксарият муаммолар ўша жойнинг ўзида ҳал қилинди, — дея сўзини давом эттиради Нозимжон Иномов. — Рақамларга назар ташласак, айни чоғда якка тартибдаги тураржойлар 6 305 700 тани, нотураржойлар 738 500 тани ва кўп қаватли уйлардаги хонадонлар сони 1 632 800 тани ташкил қилмоқда. Бу рақам ҳар куни, ҳар соат ортиб боряпти. Чунки республикамиз бўйича хатлов ишларига 4 ярим мингдан ортиқ мутахассисларимиз жалб этилган. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан шу йилнинг 1 август ҳолатига кўра, республикамиз бўйича жами 534 956 та турли объект хатловдан ўтказилди ва уларнинг 364 130 таси “Uzkart” дастурига киритилди. Шунингдек, жами 211 548 та объект ҳужжатлари “Etirof” автоматлаштирилган тизимда ўз аксини топди. Тез орада муҳокамада турган 167 052 та объект бўйича ҳам тегишли хулосалар чиқарилади.

Афсуски, иш жараёнида аҳолининг тушунмовчилиги оқибатида айрим муаммолар ҳам кўзга ташланмоқда. Баъзи кишилар гўё ҳовли-жойи кадастр идораси мутахассислари томонидан кўздан кечирилса, ҳақиқий ҳолат расмийлаштирилса, мол-мулк ва ер солиғи кескин ошиб кетади, деган хавотирга бормоқда. Шу боис кадастр ходимларини уй-жойига киритмаслик ё ўша маҳал уйда бўлмасликка интилиш ҳолатлари учраб турибди. Ваҳоланки, уй-жойларга бўлган ҳуқуқни ўз вақтида расмийлаштириш, бу ҳақдаги маълумотларни кадастр идоралари расмий электрон манзилида акс эттириш нафақат давлатга, балки мулк эгасининг ўзига ҳам бир қатор қулайликлар туғдиради. Уй-жойингизни сотишингиз, кредит олиш учун шу мулкни гаров сифатида тақдим этишингиз, қариндош-уруғларни шу жойга ҳисобга қўйишингиз учун ҳам кадастр ҳужжати керак. Бу борада аниқликка эришмоқ келгусида сиз учун беқиёс имкониятлар эшигини очади.

Қонун талабига кўра, республикамиз бўйича йил якунига қадар 3 878 та маҳаллада хатлов ишлари ўтказилиши режалаштирилган ва бугунгача 1 766 та маҳаллада бу ишлар ниҳоясига етказилди.

Давлат кадастрлари палатаси томонидан бугунги кунда аҳолига 17 турдаги хизматлар кўрсатилмоқда ва тизимнинг тўлиқ рақамлаштирилиши эса хизмат кўр­сатиш сифатини янги поғонага олиб чиқди. Илгари одамлар арзимаган ҳужжатни ё ўз ҳовлисида амалга оширилган янги қурилишни деб кадастр идорасига зир-зир қатнашига тўғри келарди. Баъзан унинг ёнида кадастрдаги муаммонгизни тезда битириб бераман, деган шоввозлар ҳам пайдо бўлиб қоларди. Давлатимиз раҳбарининг оқилона ва узоқни кўзлаган сиёсати туфайли бошқа тармоқлар қатори кадастр хизматида ҳам иш юритиш буткул ўзгарди.

Ҳар бир янгилик, ҳужжатларнинг электрон нусхалари компьютерлар миясидан жой олмоқда. Энг муҳими, жамиятни издан чиқарадиган, одамларнинг ҳақли эътирозига сабабчи бўладиган коррупцион ҳолатлар буткул барҳам топмоқда. Давлат кадастрлари палатасидан олинган маълумотларга қараганда, биргина кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш учун 1 119 500 та мурожаат тушгани, уларнинг асосий қисми ижобий ҳал этилгани, қолгани эса мутахассислар томонидан ўрганилаётгани бунинг яққол далилидир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?