Шаффофлик коррупциянинг кушандаси

17:11 18 Декабрь 2025 Жамият
287 0

Навоийда ҳакамлик суди раиси ва котиб ўзаро тил бириктириб, қарийб 1 млрд сўмни ўзларига гонорар ва рағбатлантириш сифатида ёзиб, ўзлаштирган. Ушбу жиноий ҳаракатларни амалга оширишда улар бир қатор ҳужжатларни сохталаштириб, уларга қонуний тус берган.

Жорий йилнинг август ойида аниқланган мазкур жиноят Навоий вилоятида Аксилкоррупция ойлиги доирасида Республика Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) томонидан Европа Иттифоқининг (ЕИ) молиявий кўмаги ҳамда Олий Мажлис Сенати ҳамкорлигида ўтказилган семинар- тренинг пре-тестининг бош мавзуси бўлди.

“Ушбу жиноятнинг қандай олдини олиш мумкин эди”, “Қандай хулосалар чиқариш лозим”? Пре-тестда иштирок этган Навоий вилояти коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгаши аъзолари ҳамда Ўзбекистонда коррупцияга қарши миллий экотизимни мустаҳкамлаш” лойиҳасининг Навоийдаги вакили ушбу саволларга жавоб бериб, ўз таклифларини ҳимоя қилдилар.

  • Дунёда коррупция муаммосидан ҳоли мамлакатни учратиш мушкул. Ушбу иллат ҳар қандай жамиятда давлатнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларига ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги имижи ва инвестициявий жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатиб, тараққиёт барқарорлигига таҳдид солиб туради, — дейди семинар тренери юридик фанлар фалсафа доктори Дилафрўз Суфиева. — Шу боис сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш ҳамда ушбу турдаги жиноятларни содир этилишининг олдини олиш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупция омилларини келтириб чиқараётган тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар тизимли равишда амалга оширилмоқда. Бевосита юқоридаги мисолга тўхталадиган бўлсак, у қонунчилик ва меъёрий ҳужжат ҳамда низомларимиздаги номувофиқликлар туфайли содир бўлган.
  • Таъкидлаш жоиз, Республика Президентининг 2025 йил 21 апрелдаги “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида мамлакатимизда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ва бунда профилактика тадбирлари самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
  • Коррупцияга қарши курашишда муваффақиятга эришган давлатлар тажрибасидан маълумки, ушбу иллатнинг кушандаси жамоатчилик назорати ҳисобланади, — дейди медиа эксперт Беруний Алимов. – Албатта, жамоатчилик назорати ва фикри ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқлар блогерлари фаолияти орқали шаклланади. Бунда журналист суриштирувининг ўрни муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга маълумот ва ахборотлардан фойдаланишда холислик, мавзуни ёритишда ахлоқ меъёрларига қатъий риоя этиш каби ўта нозик нуқталар борки, буни пухта билмаган журналист турли ҳуқуқий нохушликларга рўбарў келиши мумкин.
  • Икки кун давом этган семинар-тренингда ижро органлари фаолияти ва иш юритуви шаффофлигини таъминлаш, чиқарилаётган қарорларни кенг жамоатчилик тўғридан тўғри кузатиб бориши имкониятини янада кенгайтириш бўйича бир қатор таклифлар билдирилди.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер