Сенат Раиси Ёшлар парламенти аъзолари билан учрашди
Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида «Парламент оромгоҳи» ўқув семинарида иштирок этаётган Ёшлар парламенти аъзолари билан учрашув ўтказди.
Ёшларнинг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлардаги ўрни ва фаоллигини кучайтириш, шунингдек, уларни қонун ижодкорлиги жараёнлари, жамоатчилик назорати ҳамда ҳудудий муаммоларни ҳал этишга кенг жалб этиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти ёшларнинг манфаатларини ифода этиш, уларнинг таклиф ва ташаббусларини тизимли равишда шакллантириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш ва давлат дастурларини такомиллаштиришга уларни жалб қилиш бўйича муҳим институт сифатида фаолият юритмоқда. Шу боис Ёшлар парламентининг ҳар бир аъзоси аниқ вазифа ва масъулият асосида иш олиб бориши зарурлиги таъкидланди.
Ёшлар парламенти аъзоларига қонунчилик фаолиятида фаол иштирок этиш, Сенат қўмиталари ва маҳаллий Кенгашлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, ҳудудларда ёшлар муаммоларини ўрганиш ва амалий таклифлар ишлаб чиқиш бўйича тавсиялар берилди. Қонунлар ва давлат дастурларининг ижросини жойларда ўрганишга ёшларни жалб этиш муҳимлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, ёшлар бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, хотин-қизларни STEM йўналишларига кенг жалб қилиш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, коррупцияга қарши курашиш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш масалаларида Ёшлар парламенти аъзоларининг ўрни алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, маҳаллий бюджетни шакллантиришда ёшлар манфаатларида таклифлар билдириш, энг муҳими бюджет назоратида фаол иштирок этиш ҳамда ёшлар орасида наркожиноятларга қарши курашиш борасида тарғиботни кучайтириш юзасидан аниқ вазифалар белгиланди.
Ёшларнинг парламентга оид ташаббусларини қўллаб-қувватлашга, хусусан 2026 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Ёшлар парламентлари аъзоларининг глобал конференциясини ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўз навбатида, Ёшлар парламенти аъзолари олий таълим муассасаларида сунъий интеллект асослари фанини жорий этиш, халқаро ёшлар ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, ёшлар бандлигини таъминлаш ҳамда велоспортни оммалаштириш каби таклифларни илгари сурдилар.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ Адлия вазирлиги Эпштейн иши бўйича 3 миллионта файлни эълон қилди
- Трамп Кубадан келаётган таҳдид сабаб АҚШда фавқулодда ҳолат эълон қилди
- Буюк шоирнинг Самарқанддаги табаррук излари
- Ўзликни англаш сари муҳим қадам: «Миллий қадриятлар атласи» китоб-альбоми тақдимот қилинди (+видео)
- Уруш, жасорат ва спорт: ҳафта давомида дунё эътиборини тортган 10 та сурат
- «Humans» Ўзбекистондан юзлаб миллион доллар зарарни қоплашни талаб қилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг