Сенат Раиси АҚШнинг мамлакатимиздаги янги элчиси билан учрашди
Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати
2023 йил 27 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева Америка Қўшма Штатларининг мамлакатимиздаги янги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Жонатан Хеникни қабул қилди.
Мулоқот аввалида Сенат Раиси элчини юксак ва масъулиятли вазифага тайинлангани муносабати билан самимий қутлади.
Учрашув чоғида Ўзбекистон – АҚШ ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, жумладан, парламентлараро алоқаларни кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди.
Жумладан, Сенат Раиси парламентлараро алоқалар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашнинг муҳим механизмларидан бирига айланиши лозимлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, стратегик ҳамкорликни ҳозирги босқичи парламент миқёсидаги яқин алоқаларни ҳам акс эттириши зарурлиги, ўзаро муносабатларни янада юқори босқичга кўтаришда мулоқотлар изчиллигини таъминлаш муҳимлигини алоҳида қайд этди.
Суҳбат давомида икки мамлакат парламентлари ўртасидаги алоқаларни кенгайтиришда АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатасида шакллантирилган «Ўзбекистон бўйича Кокус» (дўстлик гуруҳи)нинг ўрни ва фаолияти самарадорлиги таъкидлаб ўтилди.
Ўз навбатида элчи Жонатан Хеник самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, 26 йил аввал Ўзбекистонда бўлгани, ўтган вақт ичида мамлакатда барча соҳаларда жуда катта ижобий ўзгаришларнинг гувоҳи бўлганини айтиб ўтди. Жумладан, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, меҳнат муносабатлари, гендер тенглиги масалаларида эришилган натижаларни юқори баҳолаб, айниқса, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам бериш борасида Ўзбекистоннинг тажрибасини бутун жаҳонга намуна сифатида кўрсатиш мумкинлигини ва бу борада бошқа давлатлар ўзбек тажрибасини ўрганиши зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Учрашувда, шунингдек савдо-иқтисодий алоқаларни фаол ривожлантириш, бу жараённи фаоллаштиришда Ўзбекистон ва АҚШнинг турли соҳалари вакилларининг ўзаро ташрифларини амалга ошириш, бундай ёндашув икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан кенгайтиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Мулоқот давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, ижтимоий, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан аёллар тадбиркорлиги ҳамда хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини кучайтириш, гендер тенгликни таъминлаш борасида фикр алмашилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг