“Сарқамиш” — қиёфаси янгиланган маҳалла

11:46 02 Октябр 2025 Жамият
200 0

Хўжаобод туманидаги “Сарқамиш” маҳалласида аҳоли турмуш шароитини яхшилаш мақсадида қатор ишлар амалга оширилди. Ҳудуднинг инфратузилмаси янгиланиб, кўркам қиёфаси янада обод кўриниш касб этди.

Ушбу манзилда янги электр ва газ тармоқлари ўрнатилди. 2,5 километр ички йўллар текисланиб, айрим кўчаларга шағал ётқизилди. Шунингдек, 20 та хонадон ичимлик суви тармоғига уланди, 1 километр дренаж зовурлари тозаланди. Маҳалладаги 2000 дан зиёд дарахтларга шакл берилди ва кўчалар чиқиндилардан тозаланди.

— Олиб борилган ишлар одамларнинг кундалик ҳаётида катта қулайлик яратди, — дейди меҳнат фахрийси Марҳабохон Сотволдиева. —Аввал йўлларимиз ўйдим-чуқур бўлиб, ҳаракатланиш қийин эди. Энди эса равон бўлди. Электр ва газ таъминоти яхшиланиши билан турмушимизда катта енгиллик сезиляпти. Бу каби ишлар аҳоли турмуш тарзини тубдан ўзгартириб юборди.

Амалга оширилган бундай хайрли ишлар “Сарқамиш” аҳолиси учун нафақат қулайлик, балки маҳалланинг янада обод ва кўркам бўлишига хизмат қилмоқда.

Саминжон ҲУСАНОВ

«Халқ сўзи».                                                                

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?