“Сардоба” сув омборини қуриш нега керак бўлган? Президент шу саволнинг жавобини айтди

15 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Сардоба” сув омборидаги техноген офатдан талафот кўрган Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида бўлиб, аҳоли билан мулоқот қилди. Учрашувдан лавҳа “Ўзбекистон 24” телеканали томонидан намойиш этилди. Унда давлат раҳбари Сардоба сув омборининг ҳудуд учун аҳамиятига тўхталди.
“Албатта, кимдир савол бериши мумкин: шу сув омбори керакмиди-йўқмиди? Бунақа саволлар ҳозир ҳам кўп.
Нима учун Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ривожланишда ортда қолган? Сув бўлмагани учун. Деҳқон одам билади, пахтага 5-6 марта сув бериш керак. Нимага бошқа жойларда 40-70 центнер ҳосил олинарди-ю, бу ерда 15 центнер? Чунки икки марта ҳам сув бера олмасдик-да.
Иккинчидан, бирон марта такрорий экин эка олармидик? Сув йўқ эди-ку. Шунинг учун 2010 йилда тўғри хулосага келинган”, – деди президент.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев техноген офатни таҳлил этиш учун Франция, Туркия ва Россия каби мамлакатлардан дунёнинг етакчи экспертлари таклиф этилиши ва улар воқеага холисона баҳо беришини маълум қилди.
Давлат раҳбари “Сардоба” сув омборини тиклашда ундан келгусида қандай фойдаланилиши ва бундай ҳодиса такрорланмаслиги ҳисобга олинишини қайд этди.
“Сирдарё ва Жиззах вилоятларини ривожлантириш нуқтайи назаридан – чорвага ҳам, экинларга ҳам, парранда, балиқларга ҳам сув керак. Бу тўғри қарор бўлган. Лекин шундай талафот бўлди, [энди] келажакда ҳар бир қилган ишимизни янада пишиқроқ, пухтароқ, мукаммал қилишимиз керак”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, мазкур сув омборининг қурилиш ишлари 2010 йилда бошланиб, 2017 йилда якунига етказилган эди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг