Саратон касалликлари профилактикасида хабардорлик етишмайди

18:28 25 Май 2022 Жамият
905 0

Пойтахтимизда «Ўзбекистон Республикасида бачадон бўйни саратони олдини олишда ОАВнинг ўрни» мавзуида брифинг ўтказилди.

Унда журналистлар «Бачадон бўйни саратонини илк даврда аниқлаш учун инсон папилломаси вируси» қўшма лойиҳаси доирасида 30-55 ёшли аёллар орасида касалликни аниқлашнинг синов лойиҳаси ҳамда Япония ҳукумати молиявий кўмагида ўтказилаётган БМТ Тараққиёт дастури — ЮНФПАнинг «Орол денгизи ҳавзасида маҳаллий аҳолининг соғлиққа, экологик ва иқтисодий ҳимоясизликка бардошлилигини ошириш» дастурларининг натижалари билан яқиндан таништирилди.

Маълум қилинишича, лойиҳа доирасида 49 140 та текширув ўтказилган бўлиб, шундан 3290 ҳолатда организмда касаллик мавжудлиги тасдиқланган. Аниқланган паталогия бўйича барча беморлар тегишли доирадаги мутахассисларга консультация ва даволаниш учун юборилган. Мазкур лойиҳа эрта босқичларда касаллик олдини олишга қаратилган бўлиб, тўғри даволаш аёлнинг 100 фоиз даво топишига олиб келиши мумкин. Дастурни бажариш чоғида олинган натижаларнинг барчаси саратон касалликлар олдини олиш бўйича Миллий стратегияни ишлаб чиқиш учун Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этилади.

Синов лойиҳаси янги анжомларни сотиб олиш ва етказиш, скрининг тестлар ўтказиш ва унда ижобий натижалар кўрсатган бемор аёллар билан ишлайдиган тиббиёт ходимларини ўқитиш каби чора-тадбирларни ўз ичига олган. Лойиҳа доирасида 45 нафар гинеколог, 150 нафар шифокор, 270 нафар патронаж ҳамширалар ва 77 нафар Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимининг биринчи бўғинидаги акушерлари ўқитилди.

Тадбирда мутахассислар бачадон бўйни саратони Ўзбекистонда аёллар орасида энг кўп учрайдиган саратон касаллиги тури бўйича иккинчи, мазкур касаллик туфайли ўлим ҳолатлари бўйича эса учинчи ўринда туриши таъкидланди. У 90 фоиз ҳолатда одам папиллома вируси инфекцияси билан бошланади.

Ушбу инфекцияни эрта аниқлаш ва даволашни йўлга қўйиш билан даволаса бўлади. Бунинг учун мунтазам скрининг, эрта ташхис қўйиш ва ўз вақтида даволаш талаб этилади. Бу уч ёндашувни муваффақиятли амалга ошириш 2050 йилга келиб, янги ҳолатларни 40 фоизга камайтириши ва дунё бўйлаб 5 миллионга яқин ўлимнинг олдини олиши мумкин.

«Бачадон бўйни саратони йўқ қилинган биринчи саратон бўлиши мумкин. Аёлларни мунтазам скрининг қилиш ва қизларни одам папиллома вирусига қарши эмлаш орқали биз бачадон бўйни саратони билан касалланишни камайтира оламиз», — дейди тиббиёт фанлари доктори Н. Захирова. — Аммо республикамизда ҳамма ҳам скрининг афзалликларини тушунавермайди. Шунинг учун матбуот ва ОАВнинг ёрдамисиз керакли натижаларга эришолмаймиз. Бугунги ҳисобот ва профилактика кўринишидаги брифингни мақсади ҳам бу борадаги ишларни ОАВ орқали кенг тарғиб қилишдан иборат.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Ўзбекистондаги аёллар орасида саратоннинг бу тури тарқалиши бўйича олдинги ўринларда туришига қарамай, у ҳақидаги хабардорлик даражаси пастлигича қолмоқда. Айниқса, қишлоқ аёллари орасида. Агар 2021 йилда республикамизда 1827 та мазкур касаллик аниқлаган бўлса, уларнинг 997 таси ўлим билан якун топган. Агар тегишли чоралар кўрилмаса, 2030 йилга бориб, саратоннинг бу тури билан касалланиш кўрсаткичи йилига 2100 дан ошиши, ўлим билан тугайдиган ҳолатлар 1300 та етиши мумкин.

Пилот дастури Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида 6000, Қорақалпоғистонда 50 минг нафар аёлни қамраб олган ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида бачадон бўйни саратони учун бирламчи скринингнинг миллий стратегияси ва дастурини ишлаб чиқишга ўз ҳиссасини қўшиши керак. Дастурнинг мақсади — саратондан олдинги ҳолатларни тўғри даволашни таъминлаш, бачадон бўйни инвазив саратони билан оғриган аёлларни мутахассис шифокорларга юбориш, ушбу касаллик бўйича скрининг маълумотларининг электрон реестрини ишлаб чиқишни бошлаш ва сифатни назорат қилиш ҳамда баҳолаш тизимини жорий этиш ҳисобланади.

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?