Саноат зоналари: қулай бизнес майдони

21:09 28 Июль 2024 Жамият
296 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Мамлакатимизда ташкил этилган кичик саноат зоналари ҳамда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарида ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйиш учун барча шарт-шароитлар яратилиб, сўнг муҳандислик-транспорт коммуникациялари билан таъминланган жой ёки бино танлов асосида тақдим этилади. Натижада ўзининг тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ёки кенгайтириш истагида бўлган юртдошларимиз электр, сув, йўл ва бошқа инфратузилма тармоқларини барпо этиш учун ортиқча вақт ва маблағ сарфламайди. Ҳамма шарт-шароитга эга, тайёр жойни оладию, фаолияти бошлайди.

Бизнес майдонидаги шу каби қулайликлар сабаб кичик саноат зоналари ҳам, уларга талабгорлар сони ҳам тобора ошиб бормоқда.

Биргина Қашқадарё вилояти мисолида оладиган бўлсак, бугунги кунда воҳада 300 гектардан ортиқ майдонда 59 та саноат зонаси барпо этилган, шундан 2 таси эркин иқтисодий, 15 таси ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари, 42 таси кичик саноат зоналари ҳисобланади.

Айни пайтда ҳудуддаги кичик саноат зоналарида 700 га яқин тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда.

Президентимизнинг 2018 йил 29 мартдаги «Қашқадарё вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ташкил этилган Қамаши кичик саноат зонасида бугунги кунда ўнлаб тадбиркорлик субъектлари фаолият олиб бормоқда. «Тошев Асқар металл гулсаф» масъулияти чекланган жамияти ҳам улардан бири.

Тадбиркор Асқар Тошев 2019 йилда кичик саноат зонасидаги лотлардан бирини олиб, шу ерда металлга ишлов беришни йўлга қўйган. Дастлаб якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб, оила аъзолари билан ишни бошлаган бўлса, ўтган йиллар давомида фаолияти ҳар томонлама ривожланди. Янги-янги лойиҳаларни амалга оширди. Бугунги кунда А. Тошев тумандаги иқтисодий жиҳатдан энг барқарор корхоналардан бирининг раҳбари саналади.

— Айни пайтда корхонамизда енгил автомобиллар учун юк қўйиш мосламаси (багаж), кийим илгак (вешалка), темир эшик, ошхона жиҳозлари ва шу каби ўндан ортиқ металл буюмлари ишлаб чиқарилмоқда, — дейди тадбиркор. — Бундан ташқари, енгил автомобиллар учун ўриндиқ жилдлари (чехол) тайёрлашни ҳам йўлга қўйганмиз. Йилига 2 минг донадан ортиқ ўриндиқ жилдлари ҳамда мингдан ортиқ автомобиллар учун юк қўйиш мосламалари, шунингдек, буюртма асосида яна бир қатор металл буюмларни ҳам тайёрлаб, ички бозорга етказиб берамиз. Корхонамизда 30 нафардан зиёд кишининг доимий иш билан таъминланган.

Шаҳрисабз туманидаги ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси Хонтепа маҳалласи ҳудудида, 1,42 гектар ер майдонида ташкил этилган. Бу ерда тадбиркорлар томонидан ўнлаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилди.

— Тадбиркорлар учун яратилган шарт-шароитлар фаолиятимизни янада кенгайтириш, ривожлантириш имконини бермоқда, — дейди тумандаги «Юнус Абдураззоқович» оилавий корхонаси раҳбари Юнус Мейлиқулов. — Ўзим мисолимда айтадиган бўлсам, тўрт йил аввал бир нечта зарур ускуналарини харид қилиб, ўз ҳовлимизда сим сеткалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган эдим. Бу орада бозорда ўз ўрнимизни топдик, маълум даражада иқтисодий имкониятларга эга бўлдик, бироқ фаолиятимизни кенгайтиришнинг имкони бўлмаётган эди. Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ташкил этилиши биз учун ҳам айни муддао бўлди. Ушбу ҳудуддаги лотлардан бирини олиб, қисқа фурсатда ўз ишлаб чиқариш мажмуамизни қуриб, ишга туширдик. Натижада бир йил ичида фаолиятимиз қарийб икки баробарга кенгайди. Ҳали олдинда янги режаларимиз, мақсадларимиз кўп.

Очиқ айтиб ўтиш жоиз, вилоятдаги айрим саноат зоналарида зарур инфратузилмаларни барпо қилиш ва ишни ташкил этиш билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Натижада ҳамон бўш турган ёки қайта-қайта онлайн аукцион савдоларига чиқарилсада, ўз эгасини топмаётган лотлар ҳам йўқ эмас. Муҳими шундаки, аксарият кичик саноат зоналари ҳамда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари бугун қизғин ишлаб чиқариш майдонига айланган, уларда минглаб инсонлар доимий иш билан таъминланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?