Самарқандда янги корхона ишга туширилди

15:53 29 Апрель 2025 Жамият
175 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Бугун Самарқандда йирик инвестиция лойиҳаси — замонавий рух ва полимер қопламали металл маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят раҳбари Адиз Бобоев иштирок этди ва ушбу корхона минтақада металлургия саноатини ривожлантиришда муҳим қадам бўлиб, маҳаллий иқтисодиётга янги туртки беришини таъкидлади.

Ҳозирги кунда Самарқанд металлургия заводида қопламали прокат ишлаб чиқариш учун йиллик қуввати 120 минг тонна бўлган икки дона узлуксиз рухлаш агрегати ва икки дона полимер қоплама агрегати ишламоқда. Бўялган прокат ишлаб чиқаришга тахминан 90-95 минг тонна рухланган металл рулонлар йўналтирилади, қолган ҳажм товар маҳсулотлари сифатида сотилади.

Янги корхона энг замонавий технологиялар билан жиҳозланган бўлиб, юқори сифатли, халқаро стандартларга жавоб берадиган рухланган ва полимер қопламали металл маҳсулотлари ишлаб чиқаришга қодир. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 500 минг тоннани ташкил этади. Бу кўрсаткич 2026 йилга бориб 600 минг тоннага оширилади.

Шунингдек, узлуксиз рухлаш агрегати ва полимер қоплама агрегати линиялари билан бирга йиллик қуввати 1,2 миллион тонна бўлган совуқ прокатлаш агрегати ҳам ишга туширилди.

— Маълумот ўрнида айтиш керакки, заводда 2018-2022 йилларда хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда умумий қиймати 110 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилган. Бу маблағнинг 33 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициядир, — дейди Самарқанд металлургия заводи бош директорининг ривожлантириш ва инвестициялар бўйича ўринбосари Одилжон Болтаев. — Дастлаб 2018 йил декабрда рух ва полимер билан қопланган металл листлар тайёрлаш бошланган бўлса, иккинчи босқичда 2021 йилдан металл қувурлар ва профиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 2022 йил февралдан иссиқ ўрамали металл листлар ва қурилиш учун профиллар ҳам ишлаб чиқарилмоқда.

Ушбу маҳсулотлар импорт ўрнини босиши ва экспортбоплиги билан аҳамиятли. Самарқанд металлургия заводида иккита шундай – рух ва полимер қопламали металл маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси мавжуд бўлиб, уларда 400 нафарга яқин иш ўрни яратилган.

Янги қувватнинг иш бошлаши муносабати билан бўлиб ўтган тадбирда иштирок этган хитойлик инвесторлар, вилоят ва шаҳар ҳокимлиги ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари корхона имкониятлари билан танишиб, унинг фаолиятига муваффақият тилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?