Самарқандда янги автовокзал фойдаланишга топширилди

Самарқанд шаҳрининг Чўпон ота ҳудудида давлат-хусусий шериклик асосида барпо этилган янги, замонавий ва кўп тармоқли инфратузилмага эга бўлган автовокзал мажмуасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 12 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтирилди. Янги автовокзал замонавий архитектура, энергия тежамкор ечимлар ва хавфсизлик стандартлари асосида қурилди.
Бу масканда йўловчилар учун барча қулайлик яратилган. Кенг ва ёруғ кутиш зали, она ва бола хонаси, болалар майдончаси, тиббиёт хонаси, электрон таблолар орқали қатновлар жадвалини кўрсатиш, имконияти чекланган фуқаролар учун махсус пандуслар ва йўлаклар, автобус, микроавтобус ва йўналишсиз таксилар учун алоҳида кутиш майдонлари, ҳайдовчилар дам олиш хонаси, автотранспортни техник кўрикдан ўтказиш хизмати, 24 соат ишловчи видеокузатув тизими шулар жумласидандир.
Автовокзал нафақат транспорт маркази, балки кенг кўламли хизмат кўрсатиш ва савдо ҳудуди сифатида ҳам фаолият юритади. Бу ерда 120 та савдо дўкони, 3 та замонавий ресторан, 14 та сервис шохобчаси, 1 та автосалон, 2 та меҳмонхона жойлашган. Янги автовокзалнинг ишга туширилиши натижасида 300 нафар аҳоли учун доимий иш ўрни яратилди.
— Мазкур автовокзал орқали 4 та шаҳар йўналиши, 19 та шаҳар атрофи йўналиши, “Тошкент — Самарқанд” ўртасидаги 7 та боғловчи йўналиш, Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларини қамраб олган вилоятлараро ва шаҳарлараро қатновлар амалга оширилади, — дейди Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси бошлиғи Равшан Тожиев. — Яна бир қувонарли жиҳати, келгусида узоқ йиллар тўхтаб қолган “Самарқанд — Санкт-Петербург”, “Самарқанд — Панжакент”, “Самарқанд — Душанбе” ва “Самарқанд — Олмаота” халқаро автобус қатновлари қайта тикланиб, энди ушбу янги автовокзал орқали амалга оширилади.
Автовокзалнинг очилиш маросимидан сўнг маданий дастур ташкил этилди. Унда санъаткорлар куй-қўшиқлари билан тадбир қатнашчиларига янада кўтаринкилик улашди.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда доллар курси ўзгарди
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг