Самарқандда “Устозлар миллий форуми” ўтказилди

Келажак сари дадил қадам ташлаётган ёшлардан бири — Анора Багирова Самарқанддаги 72-умумий ўрта таълим мактабини олтин медаль битириб, олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида 186,8 балл тўплашга муваффақ бўлди. Айниқса, тест синовларида Давлат ва ҳуқуқ асослари фанидан 30 та саволнинг барчасига тўғри жавоб бергани эътирофга моликдир.
— Мен оилада уч нафар фарзанднинг каттасиман. Ота-онам Автомотоҳаваскорлар мактабида инструктор бўлиб ишлайди. Билим олишимизга алоҳида эътибор билан қарайди. Бунинг учун барча шароитни яратиб беришга ҳаракат қилади. Натижада ўқувчилик давримда тил билиш бўйича IELTS сертификати, она тили ва адабиёт ҳамда тарих фанларидан ҳам сертификатга эга бўлдим, — дейди А.Багирова. — Мактабни тугатганимдан сўнг олий таълим олиш учун тест синовларини топшириб, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат юридик университети ва яна бир қатор олий таълим муассасаларининг юридик йўналишларига грант асосида ўтдим. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида 4 босқичли саралаш ва ички имтиҳонлардан ўтиб, тестда олган юқори балларим ҳисобига ўқишга қабул қилиндим. Академиянинг тергов фаолияти йўналиши бўйича Самарқанд вилоятидан 2 минг нафар ёшлар ҳужжат топширган экан. Улар орасида энг юқори балл тўплаганимдан жуда мамнунман.
Анора Багирова ҳуқуқни муҳофаза қилиш йўналишда таҳсил олиб, жамият ривожига муносиб ҳисса қўшишига ишончимиз комил, албатта.
Шу ўринда айтиш керакки, 2024-2025 ўқув йилида Самарқанд вилоятидаги умумий ўрта таълим мактабларининг 11-синф ўқувчиларидан 1889 нафари олтин, 348 нафари кумуш медаль билан битирган бўлса, 342 нафари муддатидан олдин талаба бўлди.
Вилоятдаги умумтаълим мактабларида фаолият олиб бораётган 5887 нафар хорижий тиллар фани ўқитувчиларидан 64,5 фоизи чет тилини билиш даражаси бўйича миллий ёки халқаро даражадаги сертификатларга эга бўлишди.
— Бундан ташқари, вилоятга 24 нафар хорижий мутахассислар — “Зўр” (“Класс”) лойиҳаси бўйича Россиядан 12 нафар, Филиппиндан 9 нафар, Ҳиндистон, Канада ҳамда Франциядан 1 нафардан ўқитувчи жалб этилди, — деди Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Музаффар Ҳамдамов. — Янги ўқув йилидан жами 149 нафар хорижий мутахассисларни олиб келиш режалаштирилган.
Жорий йилда ҳар бир туман (шаҳар)да биттадан, вилоятда жами 16 та “Жасорат мактаблари” ташкил этилиб, 5-синф ўқувчилари учун икки босқичда имтиҳон жараёнлари ўтказилди.
Вилоятдаги 104 та умумий ўрта таълим мактабларида 166 нафар алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган ўқувчилар 132 та инклюзив синфларда соғлом ўқувчилар билан бир синфда таълим-тарбия олишди. 16 та туман (шаҳар)да биттадан мактаб инклюзив таълимнинг “тўсиқсиз муҳит” талабларига жавоб берадиган мактаби этиб белгиланди.
Булар ҳақида Самарқанд вилоят педагогик маҳорат марказида ўтказилган “Устозлар миллий форуми”да маълум қилинди.
300 нафар илғор ўқитувчи ва тарбиячилар иштирок этган форумда мактабгача ва мактаб таълими соҳасида эришилган ютуқлар таҳлил қилинди, галдаги муҳим вазифалар белгилаб олинди. Дарслик ва методикалар, замонавий ўқитиш усуллари, eMaktab имкониятлари, Жанубий Корея тажрибаси асосида ўйинга асосланган таълим каби мавзуларда маҳорат дарслари ташкил этилди.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Экрандаги қабоҳатнинг ҳаётдаги акси ёки енгил-елпи сериаллар жамиятга нима беряпти?
- Нью-Йорк манзаралари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг