Самарқандда шу йилнинг ўтган даврида 21 та янги туризм йўналиши ташкил этилди
Фото: Халқ сўзи
Яқин-яқингача юртимизга келаётган сайёҳларнинг асосий ташриф манзиллари тарихий шаҳарлар, улуғ қадамжолар ва айрим маданий мерослар билангина чекланар эди. Шу сабабдан асосан ҳаво салқин бўлган баҳор ва куз ойларида сайёҳлик бироз жонланарди, холос.
Соҳа ривожига берилаётган давлат даражасидаги эътибор натижасида ҳозирга келиб кўплаб янги сайёҳлик йўналишлари, туризм манзиллари пайдо бўлмоқда.

Биргина жорий йилнинг ўтган даврида Самарқанд вилоятида 21 та янги туризм йўналиши ташкил этилди. Жумладан, экотуризм бўйича янги 12 та, этнотуризмда 3 та, экстремал туризм бўйича 5 та йўналиш сайёҳлар учун хизмат қилмоқда.
Сув ҳавзалари қирғоқларида ҳам дам олиш масканлари, кемпинглар ташкил этилмоқда. Каттақўрғон ва Қоратепа сув омборлари негизида ташкил этилган дам олиш масканлари шулар жумласидандир.
— Таҳлилларга кўра, саёҳат давомида сув ҳавзасида ҳордиқ чиқаришга туристларнинг қизиқиши катта, — дейди Самарқанд вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшод Нарзиқулов. — Шу талабдан келиб чиқиб, вилоятимиздаги сув ҳавзалари, хусусан, сув омборлари қирғоқларида дам олиш масканлари комплексини ташкил этяпмиз. Бу, албатта, маҳаллий ҳамда хорижий сайёҳларнинг оқими ортишига сезиларли таъсир қилди.
Каттақўрғон сув омбори қирғоқларида ташкил этилган дам олиш масканлари ушбу йўналишдаги самарали лойиҳалардан бири. Бу ерда тадбиркорлар томонидан сайёҳларнинг мароқли дам олишлари учун барча шароитлар яратилган. Чўмилиш ҳавзаси, ошхона ва бошқа зарур хизматлар йўлга қўйилган.

Шу йил май ойида сув омборига яқин ҳудуддаги Қозоқовул қишлоғида 30 ўринли «Нуршод» меҳмонхонаси иш бошлади.
— Меҳмонхонанинг умумий лойиҳа қиймати 3 миллиард сўмни ташкил қилади, — дейди «Гулазизам сервис» МЧЖ раҳбари Шамшод Узоқов. — Банкдан бир миллиард сўм кредит олиб фаолиятимизни бошлаган эдик. Бир ойда беш юздан ортиқ мижозга хизмат кўрсатиш имкониятига эгамиз. Яқин келажакда сув омборига олиб борувчи йўл таъмирланиши, ушбу йўналишда сайёҳлик маршрути йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Сув омбори қирғоқларида тадбиркорлар томонидан дам олиш масканлари ташкил қилиниб, бу ерда дам олувчиларга катамаран ва қайиқда сайр қилиш хизматлари йўлга қўйилган.

Ургут туманининг Қоратепа сув омбори ҳам сайёҳларнинг ана шундай севимли манзилларидан бири. “Tourist SKD” МЧЖга қарашли хизмат кўрсатиш ва дам олиш масканида рекрацион ва пляж ҳудуд ташкил этилган.
Бу дам олиш маскани Тешиктош табиат мўъжизаси экотуризм объектига ташриф буюрувчилар ҳамда Самарқанд-Шаҳрисабз йўналишида саёҳатга чиқувчилар учун қўшимча дам олиш ва ҳордиқ чиқариш маскани сифатида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Унинг сайёҳлар бориши учун қулай, гўзал табиат билан ҳамоҳанг ҳудудда, тоғлар бағрида жойлашгани хорижий сайёҳлар эътиборини тортади. Бу ерда дам олувчилар катамаран ва қайиқларда сайр қилиши мумкин.
Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг