Самарқандда Наврўз шодиёналари

18:38 20 Март 2025 Жамият
280 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқандда Наврўз байрами бағишланган асосий тадбирлар Алишер Навоий номли марказий истироҳат боғи ва унинг атрофидаги кўчалар, Регистон майдони, Университет хиёбони, Қорасув массиви ҳамда шаҳар марказидаги диққатга сазовор жойларда умумхалқ сайллари шаклида ўтказилмоқда.

Бир томонда ўлану лапарлар янграса, яна бир томонда миллий қадриятларимиз намойиш этилди, варраклар сайли, расмлар кўргазмаси, спортчиларнинг чиқишларию болажонларимизнинг шўх-шодон яйраши барчага завқу шавқ улашди. Байрам тантаналари моҳиятида янгиланиб бораётган Ўзбекистонда кечаётган барча ҳаётбахш ислоҳотлар инсон ва унинг қадри учун, деган чуқур мазмун ўз ифодасини топаётганига гувоҳ бўласиз.

Гастрономик фестиваль доирасида ош чемпионати, сумалак ва ҳалим сайллари, кабоб, кўк сомса ва кўк бичак танловлари ўтказилди. Ҳунармандчилик маҳсулотлари, Самарқанднинг машҳур нонлари, турфа гуллар кўргазмаси байрам иштирокчиларию сайёҳларда унутилмас таассурот қолдирди.

— Халқингизнинг миллий байрамида иштирок этаётганимдан жуда хурсандман, — дейди туркиялик сайёҳ Салиҳ Унар. — Кўриб гувоҳи бўлаяпманки, бу байрамда жуда кўп инсонлар қатнашяпти. Айниқса, миллий ўйинлар, қадриятлар намойиши менга жуда манзур бўлди. Бизда ҳам Наврўз нишонланади. Аммо бу даражадаги кенг миқёсда эмас. Наврўз ҳақиқий тинчлик, бирдамлик, дўстлик байрами.

Байрам шодиёналари Самарқанд шаҳридаги «Мўъжиза» амфитеатрига кўчди. Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев барча самарқандликлар ва меҳмонларни Наврўз байрами билан қутлади. Концерт дастурида халқимизнинг севимли санъаткорлари ижросидаги Наврўзни, истиқлол ва тинчликни тараннум этувчи қўшиқлар янгради.

Байрам тадбирлари вилоятнинг барча ҳудудларида давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер