Эронни қаттиқ қурғоқчилик қамраб олди: Теҳронни эвакуация қилиш масаласи кун тартибида
Теҳронда сув сотилмоқда. 2025 йил 10 ноябрь (Reuters / Scanpix / LETA)
Эрон бугун ўз тарихидаги энг оғир сув тақчиллиги инқирозини бошдан кечирмоқда. Йирик шаҳарларга сув етказиб берувчи сув омборларининг тўлдирилганлик даражаси 10 фоиздан ҳам паст; Теҳронга яқин ҳудудларда эса бу кўрсаткич 5 фоизга етмаслиги айтилмоқда. Айрим сув ҳавзалари бутунлай қуриб бўлган ёки қуриш арафасида. Президент Масъуд Пезешкиён агар қиш бошида ёмғир ёғмаса, 10 миллион аҳолиси бор пойтахтни эвакуация қилишга тўғри келишини маълум қилди. Аммо аҳолининг бундай улкан оқимини қайси ҳудудга кўчириш мумкинлиги ойдин эмас — чунки Эроннинг бошқа вилоятларидаги аҳвол ҳам бундан фарқ қилмайди. Масалан, мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри Машҳадни сув билан таъминловчи омборлар 3 фоизгача қисқарган.
Сўнгги ҳафталарда Эрон ғарбидаги Загрос тоғларида ёмғир ёғди, Теҳрон яқинидаги Точал тоғига қор ҳам тушди. Аммо мамлакат бўйлаб ёғингарчилик миқдори иқлимий меъёрдан атиги ўндан бир қисмини ташкил қилмоқда. Бу эса камида сўнгги эллик йил ичидаги энг қуруқ куз бўлаётганини кўрсатади.
16 ноябрь куни ҳукумат сунъий ёғингарчилик чақириш — булутларни уруғлантириш жараёнини бошлаганини эълон қилди. Бу жараён шимоли-ғарбдаги шўр сувли Урмия кўли ҳавзаси устида амалга оширилмоқда. Бир пайтлар Эроннинг энг йирик кўли ҳисобланган Урмия бугун кескин саёзлашиб, катта қисми шўрхок майдонга айланган.
Бироқ булут уруғлантириш фақат ҳавода етарлича намлик бўлгандагина самара беради. Айни пайтда эса мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида, шу жумладан одатда булутлар тўпланадиган тоғ минтақаларида ҳам ҳаво ниҳоятда қуруқ.
Теҳрон ва бошқа йирик шаҳарларда сув тақсимлаш жадвали жорий қилинди. Аҳоли сув ташийдиган махсус машиналар олдида навбатда турибди. Давлат телеканалларида эса одамларнинг ёмғир учун қилаётган дуо маросимлари намойиш этилмоқда.
Сув танқислиги туфайли ГЭСлар ишлаб чиқариши қисқарди. Саноат корхоналари ҳам сувга боғлиқ совитиш ва технологик жараёнлар сабаб жиддий муаммоларга дуч келмоқда. Қишлоқ хўжалиги экинлари кескин камайгани эса яқин ойлар ичида озиқ-овқат нархларининг янада ошишига олиб келиши кутилмоқда.
Иқтисодий инқироз шундоқ ҳам юқори эди — маҳсулотлар нархи ҳар ой 3–4 фоизга кўтарилмоқда. Парламент спикери Муҳаммад Боқир Ғолибоф ҳатто айрим оилалар товуқ гўшти харид қила олмаётганини айтди: 1 килограмм товуқ филеси қарийб 3,5 доллар туради, ўртача ойлик даромад эса 200 доллар атрофида. Айрим ҳудудларда ҳатто картошка ҳам бўлиб-бўлиб сотилмоқда.
Ҳукумат сув импорти ёки денгиз сувидан фойдаланиш учун опреснител (шўр сувни ичимлик сувига айлантириш) технологияларни олиб кириш масаласини ўйламоқда. Лекин санкциялар ва қўшни давлатлар билан мураккаб муносабатлар Эроннинг халқаро ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кескин чеклаб қўйган.
Эрон платоси катта дарёларга эга эмас. Тоғ тизмалари минтақани денгизлардан айириб қўйган, шу сабаб ёғингарчилик табиатан кам. Сўнгги йиллар эса одатдагидан ҳам иссиқ ва қуруқ бўлиб келяпти.
Мамлакат қишлоқ хўжалиги сунъий суғоришга тўла таянади — бутун чучук сув захирасининг 90 фоизи айнан шу соҳада сарфланади. Ҳукумат йиллар давомида кўп сув талаб қиладиган экинларни — гуруч, қанд лавлаги, писта каби маҳсулотларни экишни рағбатлантириб келди, чунки улар экспортдан валюта олиб келарди. Суғоришнинг энг оддий ва самарасиз усули — далаларни сув билан тўлдириб қўйиш кенг тарқалган эди. Натижада сувнинг катта қисми ерга сингиб кетар ёки бевосита ҳавога учиб кетарди.
Мамлакат бўйлаб лицензиясиз минглаб қудуқлар қазилди. Грунт сувлари ҳаддан ташқари тортиб олингани тупроқнинг чўкишига ҳам олиб келди — ҳатто қадимий Персепол муқаддас ёдгорлиги хавф остида қолди. Авваллари ҳокимият ноқонуний қудуқларни легаллаштириш орқали вазиятни янада мураккаблаштирган.
ГЭСлар ва йирик сув омборлари қуриш бўйича сиёсий лойиҳалар ҳам вазиятни оғирлаштирди. Кам сувли дарёларни тўсиш натижасида Урмия кўли кескин саёзлашди, янги сув омборларидан эса сув тез буғланиб кетмоқда.
Сув истеъмолини ҳисобга олиш тизими ҳам заиф: айниқса қишлоқ хўжалигида сув нархи ҳаддан ташқари субсидияланган. Бу сувдан тежамкор фойдаланишга ҳеч қандай туртки бермади.
21 ноябрь куни президент Пезешкиён Эрон пойтахтини кўчириш масаласи қабул қилинган қарор эканини таъкидлади. Янги пойтахт Мокрондаги чўл ҳудудида қурилиши мумкин. Бу минтақа Эроннинг бошқа қисмларига нисбатан ҳам иссиқ ва қуруқ бўлсада, денгизга яқин жойлашгани туфайли уни денгиз сувини опреснител орқали тозалаб таъминлаш имконияти бор.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг ОАВ эркинлиги бўйича вакили Ян Брату билан учрашув ўтказди
- Тилда пайдо бўладиган ўзгаришлар саратон касаллигининг нозик аломати бўлиши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг