Самарқандда 18 нафар боланинг ўлимига сабабчи бўлган масъуллар ишдан олинди
18 нафар боланинг ўлимига сабабчи бўлган масъуллар
Хабарингиз бор, Самарқанд шаҳрида Док-1 Макс дори воситасини қабул қилиш натижасида болаларда турли ножўя таъсирлар кузатилгани ҳақида хабар берилган эди. Ҳолат юзасидан Док-1 Макс сиропининг ўрганиш натижаларини Соғлиқни сақлаш вазирлиги эълон қилди.
Маълум қилинишича, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғига асосан махсус ишчи гуруҳ аъзолари томонидан жойига чиққан ҳолда хизмат текшируви ўтказилган.
Унга кўра, Ҳиндистоннинг “Marion Biotech Pvt. Ltd” компаниясига тегишли Док-1 Макс таблетка ва сироп дори воситаcи мамлакатимизда 2012 йилдан рўйхатга олиниб, шу йилдан савдога чиқарилган. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги берган маълумотга кўра, ҳар бир дори сериялари текширилиб, уларга мувофиқлик сертификати берилган. Юртимизга ушбу препарат “Quramax Medical” МЧЖ томонидан импорт қилинганлиги маълум бўлди.
Текширув жараёнида мамлакатимизда ўткир респиратор касалликларга чалинган 21 нафар боланинг 18 нафарида Док-1 Макс сиропини ичиш натижасида ўлим ҳолати кузатилди.
Вафот этган болалар стационар даволанишга келгунига қадар ушбу препаратни уй шароитида бошқа дорилар билан бирга, 2-7 кун давомида, кунига 3-4 маҳал 2,5-5 миллилитргача қабул қилган. Табиийки, бу болага меъёридан анча ортиқ миқдор ҳисобланади.
Барча болаларга препарат шифокорлар рецептисиз берилган. Дори воситаси таркибидаги асосий модда паратсетамол бўлгани учун Док-1 Макс сиропи ота-оналар томонидан мустақил ёки дорихона сотувчиларининг тавсияси билан шамоллашга қарши восита сифатида нотўғри қўлланилган. Бу эса беморларнинг аҳволи янада ёмонлашишига сабаб бўлган.
Шунингдек, паратсетамол фақат тана ҳарорати 38-38,5 даражадан юқори бўлгандагина кунига 1 ёки 2 марта 1 ёшгача болага 100-125 миллиграмм, 1 ёшдан 3 ёшгача 200 миллиграмм, 3 ёшдан 5 ёшгача болаларга эса 250 миллиграмм дозада берилиши керак. Тана ҳарорати меъёрида бўлганда ушбу дори воситасини истеъмол қилиш қатъиян ман этилади, дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.
Бундан ташқари, олиб борилган дастлабки лаборатор ўрганишлар Док-1 Макс сиропининг ушбу серияси таркибида этиленгликоль мавжудлигини ҳам кўрсатди. Ушбу модда заҳарли бўлиб, тахминан 1-2 мл/кг 95 фоиз концентрланган эритмаси бемор саломатлигида жиддий ўзгаришларни, яъни қусиш, ҳушдан кетиш, тутқаноқ, юрак-қон томир тизимидаги муаммолар ва ўткир буйрак етишмовчилигини келтириб чиқаради.
Вазирлик ишчи гуруҳи ўрганиш давомида аниқланган барча қонунбузилиш ҳолатлари эътиборга олиниб, хизмат вазифасига лоқайд ва беэътибор муносабатда бўлгани, болалар ўлими таҳлилини ўз вақтида юритмагани ва керакли чораларни кўрмагани учун 7 нафар масъул ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва қатор мутахассисларга интизомий жазо чоралари қўлланилди.
Тўпланган барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди.
Айни пайтда Док-1 Макс таблетка ва сироп дори воситалари юртимиздаги барча дорихоналар савдосидан ўрнатилган тартибда қайтариб олинган. Ўрганиш материаллари асосида аниқланган камчиликлар, тиббиёт ходимларининг масъулияти масаласи Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алоҳида Ҳайъат йиғилишида кўриб чиқилади.
Шу ўринда вазирлик ота-оналардан фарзандлари саломатлигига бефарқ бўлмасликларини, дорихоналардан фақат шифокор рецепти билангина дори воситаларини харид қилишларини сўраб қолади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- “Лўлилар фақат тиланчими?...” Улар яшаётган маҳалладан фоторепортаж
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг