Самарқанд шаҳрида «РК-2» марказий қозонхонаси реконструкция қилинди

13:16 15 Декабрь 2025 Жамият
215 0

Самарқанд шаҳрининг «Сартепа», «Суғдиёна» ва «Микрораён» ҳудудларида кейинги 20 йил мобайнида марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизими ишламаган. Бу ҳолат қиш мавсумида аҳоли учун қатор қийинчиликлар келтириб чиқарар эди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилдаги 306-сон қарорига мувофиқ Самарқанд шаҳридаги «РК-2» марказий қозонхонасини қайта реконструкция қилиш ишлари белгиланган. Лойиҳа доирасида Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан умумий қуввати 100 МВт бўлган (2 та — 30 МВт, 1 та — 40 МВт) 3 та қозон модернизация қилинди ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Шунингдек, 39,4 километр иссиқлик тармоқлари тортилиб, 381 та кўп қаватли уй-жой ҳамда мактаб, боғча ва тиббиёт муассасаларини ўз ичига олган 22 та ижтимоий соҳа объектини иссиқлик билан таъминлаш кўзда тутилди.

Вилоят ҳокимлиги ва тегишли масъул ташкилотлар вакиллари иштирокида реконструкция қилинган қозонхона фойдаланишга топширилди. Тадбир давомида амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишилди.

Реконструкция ишлари якунига етказилиши натижасида «РК-2» марказий қозонхонаси орқали 19 250 та хонадон жойлашган кўп қаватли уйларни иссиқлик энергияси билан узлуксиз таъминлаш имконияти яратилди. Бу эса 53 046 нафар аҳолини барқарор ва самарали иссиқлик таъминоти билан қамраб олишга хизмат қилади. Айни пайтда хонадонларни иссиқлик тизимига улаш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Иссиқлик таъминоти жорий этилаётган ҳудудларда кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи бошқарув органлари ва масъулларга хонадонларни тизимга улаш ишларини сифатли ва ўз вақтида бажариш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, энергосамарадорликни ошириш ва марказлаштирилган иссиқлик таъминотини модернизация қилиш лойиҳаси Самарқанд шаҳрида замонавий иссиқлик таъминоти моделини жорий этиш имконини беради. Лойиҳа тўлиқ якунлангач, шаҳардаги кўп қаватли уй-жойларнинг иссиқлик таъминоти қамрови 80 фоизгача етказилиши режалаштирилган.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер