Самарқанд — миллионлаб сайёҳларни жалб этаётган туризм маркази
2025 йилнинг ўтган 11 ойи давомида Самарқанд вилоятига 3 миллион нафардан зиёд хорижий ва 5,5 миллион нафар маҳаллий сайёҳ ташриф буюрди. Натижада сайёҳларнинг ўртача қолиш муддати 2,5 кундан 3 кунга етказилиб, туризм хизматлари экспорти ҳажми 606 миллион долларга етди.
Ўтган йил мобайнида вилоятда 3 789 ўринли 228 та меҳмонхона, хостел ва оилавий меҳмон уйлари ташкил этилди. Шунингдек, Самарқанднинг туристик бренди ва дизайн коди ишлаб чиқилиб, 50 дан ортиқ маданий-кўнгилочар тадбирлар ҳамда фестиваллар ўтказилди. Туризм салоҳияти юқори бўлган Ургут туманидаги Терсак ва Омонқўтон, Нуробод туманидаги Оқсой маҳаллаларига «туризм қишлоғи» мақоми берилди.
Вилоятнинг бой туристик салоҳиятини халқаро майдонда кенг тарғиб этиш мақсадида туризм соҳаси вакиллари томонидан дунёнинг ўндан зиёд давлатларида тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Шунингдек, 20 га яқин мамлакатнинг нуфузли оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда йирик туризм компаниялари ходимлари учун Самарқанд вилояти бўйлаб инфо-турлар уюштирилди. Натижада 600 миллиондан зиёд аудитория қамраб олинди.

Юртимизда Янги йил байрами муносабати билан белгиланган беш кунлик дам олиш кунлари ҳам аҳоли учун мазмунли ҳордиқ чиқариш, мамлакат бўйлаб саёҳат ва зиёрат қилишга қулай имконият яратди. Айниқса, Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар маҳаллий ва хорижий сайёҳлар билан ҳар қачонгидан ҳам гавжум бўлди. Турли вилоятлардан келган меҳмонлар оилавий тарзда саёҳат ва зиёрат қилишмоқда.
— Ёшим 76 да, — дейди Қашқадарё вилоятидан келган сайёҳ Алишер Раббанаев. — Кейинги йилларда байрамлар арафасида берилган дам олиш кунларида фарзандларим мени доим саёҳатга олиб чиқишмоқда. Бу йил ҳам Янги йил муносабати билан берилган беш кунлик таътилдан унумли фойдаланиб, фарзандларим ва невараларим билан Самарқандга келдик. Бундай саёҳатлар нафақат оила аъзолари ўртасидаги меҳр-оқибатни мустаҳкамлайди, балки ишлайдиган ёшлар учун ҳам руҳий дам олиш, янги куч ва илҳом манбаи бўлади.
Вилоятда туризм соҳасини янада ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилган мастер-режага мувофиқ, келгуси йил Ургут туманидаги Омонқўтон ва Қоратепа маҳаллаларида 80 гектар майдонда йирик туризм лойиҳалари амалга оширилади. Хусусан, Қоратепа сув омбори ва тоғ ёнбағирларида кемпинглар ҳамда капсула шаклидаги «Eco village» шаҳарчалари, Омонқўтон маҳалласида хизмат кўрсатиш нуқталари, «Омонқўтон» миллий қўриқхонасининг рекреацион зонасида сайёҳлар учун кузатув майдонлари ва йўлаклар ташкил этилади.

Шунингдек, Чорчинор маҳалласини туризм қишлоғига айлантириш режалаштирилган бўлиб, 25 миллион доллар инвестиция маблағлари ҳисобидан замонавий овқатланиш масканлари, канат йўли, экоуйлар, ўтовлар, меҳмонхона, сервис ва савдо объектлари барпо этилади. Натижада 300 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.
— Вилоятда тунги вақтда 24/7 режимида фаолият юритадиган туризм кўчалари ташкил этилиб, бешта маҳаллага туризм қишлоғи мақоми берилади, — дейди вилоят туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жўрабек Суюнов. — Шу билан бирга Ургут, Нуробод, Самарқанд туманлари ҳамда Каттақўрғон сув омбори ҳудудларини қамраб олган ягона туризм зонаси дирекцияси ташкил этилади. Дарғом канали соҳилидаги Ургут, Тойлоқ, Самарқанд ва Пастдарғом туманларида тадбиркорлар томонидан рекреацион масканлар барпо этилади.
Бундан ташқари, Булунғур туманида 25 гектар майдонда дам олиш масканларини ташкил этиш учун бўш турган ер майдонлари аукционга чиқарилмоқда. Ушбу ҳудудда экотуризм, рекреацион, гастрономик, маданий-кўнгилочар хизматлар, ресторанлар, тематик парклар ҳамда «эко қишлоқ» лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда
- Хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан Янги йилдан кейин амалда бўладиган қиймати эълон қилинди
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табриги
- Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентдаги “Шарқ баҳори” турар жой мажмуасининг қурилиш майдонига ташриф буюрди
- Ўзбекистоннинг Ғазодаги вазиятга нисбатан ҳозирги аниқ позицияси қандайлиги айтилди
- Шавкат Мирзиёев Нурсултон Назарбоевни Янги йил билан қутлади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг