Россиянинг янги дрони, Эрон раҳнамосининг чақириғи ва Блинкеннинг баёноти (+видео)
Россия янги дронларини ишга туширди
Киевга яқин ҳудуддан узоқ масофага учувчи янги турдаги «Гербера» дронлари топилди.
Маълум қилинишича, «Шаҳед» дронининг «кенжа синглиси» деб аталган бу дрон Россиянинг «Сталин лочинлари» ҳарбий қисми томонидан эълон қилинган видеоларда илк бор кўриниш берган. Кўпикли пластмассадан тайёрланган ва Украина СИМ-картаси билан жиҳозланган «Гербера» дрони Украина мудофаа кучларига қийинчиликлар туғдирган.
«Гербера» дронининг жангга киритилиши Россия ва Украина ўртасида давом этаётган учувчисиз учоқлар конфликтларида янги босқичнинг бошланганидан дарак беради. Россия асосан Эрон томонидан ишлаб чиқарилган «Шаҳед» дронларига таяниб қолишдан қочиб, «Гербера» дан альтернатив вариант сифатида фойдаланаётган бўлиши мумкин.
Украина ҳарбий разведкаси Россия ҳозирда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини синаш ва четлаб ўтиш учун кўпикли пластмасса ёки фанерадан ясалган арзон, узоқ масофага учувчи учувчисиз самолётлардан фойдаланаётгани ҳақида хабар берган.
Қайд этилишича, жанг майдонларида синовдан ўтаётган янги авлод дронлари кўп функцияли ҳамда потенциал нишонларга зарба беришга қодир. Ушбу дроннинг Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳақида қимматли маълумотларни тўплаб, видеони Россия операторларига тезликда узатиши билан бошқа турлардан устунликка эгалиги тахмин қилинмоқда.
Чоршанба куни Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари Россия томонидан отилган 89 та «Шаҳед» дронларини йўқ қилган, аммо «Гербера» дрони Киев атрофидагача сездирмай келишни уддалай олган. Шунга қарамай, дрон жанговар ҳолатда бўлмаган. Боиси бу асосий модель эмас.
Украиналик ҳарбий мулозимлар Андрей Крамаров ва Самуел Бендеттлар эса арзон ва ишлаб чиқариш осон бўлган, кўп функцияли дронларга эҳтиёж ортаётганини қайд этдилар. «Гербера» эса барча талабларга жавоб беради.
Дронлар бўйича мутахассислар ҳам бундай арзон дронларнинг Украина учун хавф туғдиришини таъкидлади. Оддийлигига қарамай, бу дронлар разведкада ва ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларида самарали бўлиши мумкин.
Исроил Ҳаниянинг ўлими учун жавобгарликни олмади
Исроил ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилиши учун жавобгарликни ўз зиммасига олмайди. Бу ҳақда Исроил мудофаа кучлари томонидан маълум қилинди.
«Тел-Авив содир бўлган воқеа учун жавобгарликни ўз зиммасига олмайди», дейилади Исроил мудофаа кучлари матбуот хизмати баёнотида.
ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания шу йилнинг 31 июлга ўтар кечаси уюштирилган ҳужум оқибатида ҳалок бўлди. Фаластин ҳаракати ўз етакчиларидан бирининг ўлимини тасдиқлаб, ҳужумни «хоинлик» деб атади ва «ционистлар»ни айблади.
Ҳаракатнинг Ливандаги вакили Маҳмуд Тохнинг айтишича, Ҳания қотиллиги учун жавобгарлик Исроил ҳамда АҚШ зиммасида ва бу борада Вашингтон билан келишилган.
Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоманаий чоршанба кунги йиғилишда Ҳаниянинг ўлимига жавобан Исроилга зарба йўллашни буюрган. Шунингдек, АҚШ ва Британия авиакомпаниялари Исроилга парвозларни бекор қилди. Бунга Ливан, Эрон ва Ямандаги гуруҳларнинг Исроилга зарба бериш ҳақидаги баёнотлари сабаб бўлган.
«Правда» нашрига кўра, Исроилнинг «Моссад» разведка хизмати Ҳаниянинг Эрондаги манзилини Пегасус айғоқчи дастури орқали аниқлаган ва WhatsAppдаги профилига шифрланган хабар жўнатиш натижасида фойдаланувчи сезмайдиган дастур жойлаштирган. Дастур Исроилда ишлаб чиқилган. Исроилликлар Ҳаниянинг телефонидан бир қанча маълумотлар олгани ва кузатгани айтилмоқда.
Блинкен баёнот берди
Байден маъмурияти Яқин Шарқда давом этаётган можарога барҳам бериш учун Ғазода ўт очишни тўхтатишга интилмоқда. Шунга қарамасдан, Яқин Шарқда Исроил томонидан уюштирилаётган сўнгги суиқасдлар кўзланган мақсадга эришишни қийинлаштирди. «Бу ҳаракатлар минтақани кенг кўламли урушга яқинлаштирмоқда», деб ёзади «Politico» нашри.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Мудофаа вазири Ллойд Остин вазиятни тинчлантиришда дипломатия муҳимлигини таъкидлади. Блинкеннинг фикрича, Ғазода ўт очишни тўхтатиш Яқин Шарқ бўйлаб кескинликни камайтиришнинг калитидир.
«Ҳамма жойда вазиятни мўътадиллаштириш керак. Биз истаган энг яхши йўл бу Ғазода ўт очишни тўхтатишдир. Менимча, можароларнинг ортиши бошқа ҳудудларга ҳам таъсир кўрсатади. Бу ҳолат Исроил ва Ливан шимолида бўладими, Эронда бўладими, Қизил денгизда ҳусийлар билан бўладими, фарқи йўқ, муҳими кескинликнинг барҳам топиши», деди Блинкен Сингапурда берган интервьюсида.
АҚШ минтақавий можаронинг олдини олишнинг асосий ечими сифатида музокараларга таянишни режалаштирмоқда. Вашингтон расмийлари, агар бу музокаралар муваффақиятсизликка учраса, ҳеч қандай Б режа йўқлигини қайд этмоқда. Тахминларга кўра, Исроил ҳам, ҲАМАС ҳам янги имтиёзлар талаб қилар экан, ҳеч қандай келишув бўлмайди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Ўзликни англаш сари муҳим қадам: «Миллий қадриятлар атласи» китоб-альбоми тақдимот қилинди (+видео)
- ICCI 2026: Янги Ўзбекистоннинг қурилиш салоҳияти – ғоялардан кенг кўламли ечимларгача
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг