Риштонда Европадан келтирилган қулупнай нави пишди

15:05 21 Январь 2026 Жамият
207 0

Туманнинг “Қошқайрон” МФЙда икки йилдан буён Европадан келтирилган ва совуққа чидамли янги қулупнай навларидан мўл ҳосил олинмоқда.

Шу тарзда Италия, Польша, Туркиядан олиб келинган эртапишар ва серҳосил, муҳими экспортбоп истиқболли навлар маҳаллий иқлим шароитига осон мослашди. Шунингдек, маҳалла миришкорлари қулупнайнинг Жанубий Корея навларидан ҳам мўл ҳосил олиб келмоқдалар.

Айни кунларда Фаррух Каримжонов томонидан ташкил этилган замонавий иссиқхонада илғор агротехнологиялар ёрдамида интенсив усулда парваришланаётган қулупнай илк ҳосил нишоналарини кўрсатди. Яқин кунларда сифатли ва экологик тоза маҳсулот ички бозорга ҳамда савдо тармоқларига етказиб берилади.

—Ҳозирда 50 га яқин аҳоли хонадонларидаги иссиқхоналарда илм-фан ютуқлари ва инновация ғоялари асосида жаҳон бозори талабларига мос маҳсулот етиштирилмоқда,—дейди “Қошқайрон” МФЙ раиси Дилмуроджон Ҳамраев.—Бу йил ҳам маҳаллада оилавий тадбиркорлик, томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида 40 та микролойиҳа ишлаб чиқилди.

Боғдорчилик, хусусан, қандак ўрик етиштириш маҳалла драйвери бўлиб, аҳоли тасарруфида 350 гектарга яқин ўрик боғи мавжуд.

Марғилонда “Қувончли уй“ очилди

Марғилон шаҳрининг “Пичоқчи” МФЙ ҳудудида “Қувончли уй” номли ногиронлиги бўлган болалар учун кундузги парваришлаш хизмати ташкил этилди.

Эзгу мақсад ижобати йўлида тадбиркор Мунисахон Бобобекова ташаббуси Марғилон шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан фаол қўллаб-қувватланди. Натижада шинам марказда жаҳон андозалари даражасида малакали хизмат кўрсатиш фаолияти йўлга қўйилди. У қарийб 40 ўринга мўлжалланган бўлиб, 3 ёшдан 18 ёшгача ногиронлиги бўлган бемор болалар парваришланади. Бу ерда дефектолог, терапевт ҳамда психолог муолажаси амалга оширилади.

—Маскан ишга туширилиши туфайли 16 та янги иш ўрни яратилди,—дейди лойиҳа ташаббускори М. Бобобекова.—Бу ишга болаларни чин дилдан ардоқлайдиган ва ўз касбининг ҳақиқий фидойиси бўлган мутахассислар саралаб олинди.

Айтиш жоиз, марказ фаолиятини йўлга қўйишда Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 27 февраль куни қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган болалар учун кундузги парвариш хизматини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим ҳуқуқий асос бўлди.

Атлас ва адрас либосдаги қўғирчоқлар

Қувасой шаҳридаги “Ҳамдўстлик” МФЙда ўзбек, қирғиз, тожик ва татар миллатига мансуб ҳамюртларимиз ўзаро аҳил-иноқликда умргузаронлик қилиб келади.

Шу маҳаллада истиқомат қилувчи Розияхон Маллабоева бир неча йиллардан буён миллий андозаларга мос қўғирчоқлар тайёрлаш билан шуғулланиб, маҳалладош хотин-қизларга ушбу ҳунарини ўргатиб келмоқда. Айни кунларда ҳам маҳалладаги 15 нафар қизлар Розияхондан мазкур ҳунар бўйича ҳаётий ва амалий сабоқларни олмоқдалар.

Болаларнинг севимли эртак қаҳрамонлари тимсолида яратиладиган кенг ассортиментдаги маҳсулотлар табиий ипакдан тайёрланиши ва миллий либослар билан безаниши харидорларга жуда ҳам манзур. Тажрибали ҳунарманд ижтимоий тармоқда махсус савдо платформасини ташкил этиб, ўз маҳсулотларини Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятида жойлашган туризм масканларига етказиб бераётир. Шунингдек, Қирғизистонга ҳам экспорт қилишга эришмоқда.

—Қўғирчоқ тайёрлашда болаларга хос беғуборлик, ижодий фикрлаш жуда ҳам муҳим,—дейди моҳир ҳунарманд.—Шунинг учун мазкур ҳунар билан шуғулланиш жуда ҳам завқли. Зиёлилар оиласи сифатида барчамиз асосий ишимиздан сўнг биргаликда меҳнат қилиб, ҳар ойда қўшимча 5-6 миллион сўм даромадга эга бўламиз.

Ҳозирги кунда маҳаллада қарийб 2,5 минг нафар аҳоли яшайди ва ҳар бир оила муқим даромад манбаига эга.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер