Қуваликларнинг ўттиз беш йиллик орзуси ушалди

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Халқимизнинг саломатлигини мустаҳкамлаш фидойи шифокорлар ҳамда малакали хизматга боғлиқ. Давлатимиз томонидан тиббиёт соҳасини жаҳон андозалари даражасига кўтариш учун кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Биргина Фарғонада «Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар» ташаббуси доирасида Қува тумани танлаб олиниб, 35 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш, жиҳозлаш ишлари амалга оширилмоқда. Айни пайтда тумандаги 19 та тиббиёт муассасасида иш бошланган бўлса, 2 та шифо маскани бўйича қурилиш-лойиҳа ҳужжатлари тайёрланмоқда. Эзгу ташаббус доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш учун вилоят маҳаллий бюджетидан 10 миллиард сўм маблағ ажратилди.
— Бу ҳаётбахш дастур ҳар бир оила учун тиббий хизматдан муносиб фойдаланишга имконият яратади, — дейди Қува тумани соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи Равшанбек Исақов. — Тиббиёт бўлимига қарашли барча оилавий поликлиника, оилавий шифохона пункти, марказий поликлиника ва шифохоналарда таъмирлаш, бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари давом этмоқда. Кутиш жойларида қулай ўриндиқларни кўпайтириш, электрон навбатни йўлга қўйиш, она-бола хоналарини ташкил қилиш, ногиронлиги бор шахслар учун эркин ҳаракатланиш имкониятини яратиш, иссиқ сув, тозалик-гигиена шароитларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Кейинги йилларда соҳа ривожига қаратилган эътибор туфайли Қувада ўнлаб хусусий тиббиёт масканлари қад ростлади. Энди касалликка даво истаб, узоқ манзилларга бориш, ҳафталаб навбат кутишга ҳожат қолмади. Туманнинг ўзида энг мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказиш учун барча шароитлар яратилган. Тиббиёт туризми жадал ривожланиб, қўшни давлатлардан ҳам даволаниш истагида келувчилар сафи тобора кўпайиб бормоқда.
Қува тумани «Пастки Хўжаҳасан» МФЙда жойлашган 82-оилавий поликлиника ҳудуддаги учта маҳаллада истиқомат қилувчи 12 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатади. Бу бино ўтган асрда ҳашар йўли билан қурилган бўлиб, йиллар давомида бирламчи тиббиёт маскани абгор ҳолатга келиб қолганди. Қишда совуқ, ёзда иссиқ, тор, пастқам хоналарда шифокор ва беморлар учун оддий шарт-шароитлар етишмасди. Шу сабабли бу ерда яшовчи беморлар туман, вилоят марказидаги шифохоналарга бориб даволанишга мажбур бўларди. «Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар» дастури ижросини таъминлаш мақсадида бу ерда кенг кўламли қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
— Туман марказидан ўртача 10 км олисда жойлашган қишлоқ оилавий поликлиникасида анча йилдан буён ўзгаришлар бўлмаганди, — дейди поликлиника мудири Маъруфжон Эралиев. — Ёмғир ёғса томдан чакки ўтарди, тиббий хизмат хоналари тор, қоронғи бўлгани беморларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган. Таъмирлаш жараёнида муолажа хоналари кенгайтирилиб, қўшимча бинолар қурилмоқда. Электрон тиббий карта, телемедицина ва онлайн навбатга ёзилиш каби хизматлар йўлга қўйилади. Бу беморларга ортиқча вақт йўқотмай, белгиланган ва ўзи учун қулай бўлган соатда тиббий кўрикдан ўтиш имконини беради.
— Авваллари касалликни аниқлаб, ташхис қўйиш учун бемор бир неча маротаба тиббий текширувлардан ўтиб, УЗИ, лаборатория таҳлиллари топширишга мажбур эди, — дейди поликлиника патронаж ҳамшираси Шоҳида Бадалова. — Эндиликда бемор фақат бир маротаба текширувдан ўтади. Поликлиникада олинган таҳлил натижаси туман тиббиёт бирлашмасида марказлашган ҳолда ўрганилади. Бу ортиқча асаббузарликларнинг олдини олади. Вақт ва маблағни тежаш имконини беради.
Қува тумани юқумли касалликлар шифохонаси ҳам узоқ йиллар мобайнида ночор шароитда фаолият кўрсатган. Ҳаётбахш ислоҳотлар самараси туфайли ушбу муассасада қарийб 10 миллиард сўмлик қурилиш-бунёдкорлик ишлари бажарилди. Бош шифокор Мавлуда Мамарасулова бундай замонавий шароитларда ишлашни ҳамкасблари билан 35 йил орзу қилганини айтади.
Қува туманида «Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар» дастури аҳоли кайфиятига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Янги имкониятлар эзгу ташаббусларга қанот бағишлашига ишонамиз.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг