Қулай имкониятлар янги марраларга йўл очмоқда

19:21 29 Ноябрь 2023 Жамият
164 0

Мамлакатимизда етиштириладиган пахта толасининг салмоқли қисми Қашқадарё вилояти ҳиссасига тўғри келади. Бу эса ҳудуднинг енгил саноатни жадал ривожлантириш ва мазкур соҳада кўплаб иш ўринлари яратиш борасида катта салоҳиятга эга эканлигини англатади.

Аммо кўп йиллар мобайнида ана шу имкониятлар деярли ишга солинмай, етиштирилган тола асосан хомашё сифатида бошқа ҳудудлар ва хорижий мамлакатларга жўнатилар эди.

Сўнгги йилларда етиштирилган хомашёни вилоятнинг ўзида қайта ишлашни ташкил этиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Натижада енгил саноат вилоят иқтисодиётининг стратегик муҳим ва жадал ривожланаётган тармоқларидан бирига айланиб бормоқда. Бу эса минглаб янги иш ўринларини яратиш, фаолиятдан бир неча баробар кўпроқ даромад олиш имконини бераётир.

Китоб туманида фаолият юритаётган “Китоб ип йигирув” АЖ фаолияти бунга яққол мисолдир. Бундан 10 йил аввал ушбу корхона иқтисодий ночор аҳволга тушиб қолган, деярли фаолият кўрсатмаётган эди. Бу соҳага қаратилган эътибор, татбиқ этилган имтиёз ва имкониятлар жамият таъсисчиларини ҳам янги ташаббусларга илҳомлантирди.

Шу тариқа корхона фаолиятида янги давр бошланди. Корхона Германия технологияси асосида тўлиқ қайта жиҳозланиб, замонавий сифат ва андозалар асосида йилига 7200 тоннагача калава ип ишлаб чиқариш имконияти яратилди.

— Айни пайтда корхонада калава ип ишлаб чиқаришнинг барча босқичларини қамраб олинган, — дейди “Китоб ип йигирув” АЖ цех бошлиғи Рауф Махмаризаев. — Масалан, кластер усулида пахтани ўзимиз етиштирамиз. Хомашё пахта тозалаш заводида дастлабки қайта ишланиб, чигити ажратилгач, бу ерга олиб келинади. Бу ерда эса у яна бир маротаба махсус технологиялар ёрдамида тозаланиб, саралангач, йигирув цехига ўтказилади. Ундан кейинги босқичда эса тайёр ип махсус ўлчамлар асосида ўралиб, қадоқланади ва сотувга тайёр ҳолатга келтирилади.

Корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулот халқаро бозор талабларига мос. Шу боис ҳам бу ерда йигирилган ип-калаванинг атиги 30 фоизи ички бозорга йўналтирилаётган бўлса, 70 фоизи Туркия, Хитой каби давлатларга экспорт қилинмоқда.

Эътиборли томони, ушбу фаолият ортидан 330 нафар кишининг доимий иш билан бандлиги таъминланган. Корхона жамоаси эса фаолиятдан келаётган даромадни яна янги-янги лойиҳаларга йўналтирмоқда. Хусусан, жорий йил бошида корхона томонидан Қарши шаҳридаги “Буюк Турон” кичик саноат зонасида умумий қиймати 3 миллион долларлик, йилига 5 миллион дона тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга текстиль корхонаси фойдаланишга топширилган эди. Айни пайтда корхонада 300 нафардан зиёд маҳаллий аҳоли вакиллари меҳнат қилмоқда.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?