Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот совриндорлари маълум бўлди
Фото: "Халқ сўзи"
Бугун Ўзбекистондаги янгиланишлар руҳи, давлатимиз раҳбарининг адабиёт ва маданиятга, хусусан, адабий алоқалар ривожига қаратган доимий эътибори миллий маънавий ҳаётда янги даврни бошлаб берди. Айни пайтда миллий адабиётимизни жаҳонга кенг тарғиб қилиш, чет эл адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш ҳамда китобхонлик маданиятини юксалтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу эътибор адабиёт орқали халқлар ўртасида маънавий кўприклар қуришга хизмат қилмоқда.
Мамлакатимиз Президенти таъкидлаганидек, “Адабий дўстлик — абадий дўстлик” сари ташланган маънавий қадамдир. Ушбу ғоя бугунги адабий жараёнларнинг мазмун-моҳиятини белгилаб бермоқда. Айни дамда жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида Ўзбекистон адабиёти, унинг бой адабий мероси ва замонамиз ижодкорларига бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Ўтган йиллар давомида жаҳон адабиётининг кўплаб дурдоналари ўзбек тилига, миллий адабиётимизнинг нодир намуналари эса жаҳон тилларига таржима қилинди.
Шу жараённинг мантиқий давоми сифатида мамлакатимиз Президентининг 2024 йил 4 июндаги “Бадиий таржима соҳасида Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофотни таъсис этиш тўғрисида”ги қарори адабий ҳаётда улкан воқеа бўлди. Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофотнинг таъсис этилиши таржимон меҳнатига юксак эътироф, бадиий таржиманинг маънавий ва маданий аҳамиятини янада оширган муҳим қадам сифатида эътироф этилди. Бугун пойтахтимиздаги Ренессанс кино уйида ана шу юксак мукофотнинг илк совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Таъкидлаш жоизки, мазкур мукофот миллий адабиётимизни жаҳонга, жаҳон адабиётини эса ўзбек китобхонига яқинлаштираётган фидойи таржимонлар меҳнатига муносиб рағбат ҳам бўлди. Танловга жами 60 нафар таржимоннинг ижодий ишлари қабул қилиниб, улар хорижий тил мутахассислари, таржимашунослар ва адабиётшунослардан иборат экспертлар томонидан чуқур таҳлил қилинди. Асарларни баҳолашда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти олимлари фаол иштирок этди.
Танлов якунларига кўра, “Ўзбек адабиётининг насрий асарларидан хорижий тилларга таржима” йўналишида Саудия Арабистони вакили Саид Маҳмуд Саид Мубашшир ғолиб деб топилди.
“Ўзбек адабиётининг шеърий асарларидан хорижий тилларга таржима” йўналишида россиялик ижодкор Михаил Синельников, “Ўзбек болалар адабиёти намуналаридан хорижий тилларга таржима” йўналишида эса ҳиндистонлик адиба Шаменаз Бано халқаро мукофот соҳиби бўлди.
Шунингдек, “Хорижий тилларда яратилган насрий асарлардан ўзбек тилига таржима” йўналишида Иброҳим Ғофуров, “Хорижий тилларда яратилган шеърий асарлардан ўзбек тилига таржима” йўналишида Абдулла Шер ва Тоҳир Қаҳҳор, “Хорижий тилларда яратилган болалар адабиёти намуналаридан ўзбек тилига таржима” йўналишида эса Нодирабегим Иброҳимова нуфузли мукофот билан тақдирландилар.
Қўшимча рағбатлантирувчи номинацияларда эса Вафо Файзуллоҳ, туркиялик Вали Саваш Елок ҳамда ёш ижодкор Саиджалол Саидмуродов муносиб эътироф этилди.
Ёш таржимон Саиджалол Саидмуродовнинг тақдирланиши ёш ижодкорларга бўлган юксак ишонч ва эътиборнинг ёрқин ифодаси бўлди.
— Бундай нуфузли мукофотлар ёшларни бадиий таржима соҳасида янада жиддий изланишга, тил ва адабиётни чуқур ўрганишга руҳлантиради, — дейди у.
Халқаро мукофот совриндори Шаменаз Бано эса Ўзбекистонга бўлган меҳрини алоҳида илиқлик билан ифода этади:
— Ўзбекистонга бу гал учинчи марта ташриф буюрдим. Илк бор 2020 йилда бир ҳафталик дастур доирасида Фарғона давлат университетида дарс бериш учун келгандим. Шу қисқа вақт ичидаёқ бу юртнинг бағрикенглигига, инсонларининг самимиятига гувоҳ бўлдим. Айнан шу сафарларим давомида кўплаб ёзувчи, шоир ва адиб дўстлар орттирдим, улар билан маънавий жиҳатдан яқинлашдим.
Зулфия, Аъзам Ўктам, Анвар Обиджон каби таниқли ижодкорларнинг асарлари билан яхши танишман. Ўзбек адабиёти чуқур маъно, юксак инсонпарварлик ва миллий руҳ билан суғорилган жуда бой адабиёт эканини алоҳида таъкидламоқчиман. Айниқса, болалар адабиётидаги самимийлик ва ҳаётийлик менда катта таассурот қолдирди. Шу муҳаббат ва қизиқиш таъсирида Анвар Обиджоннинг “Мешполвон” қиссасини ҳинд тилига таржима қилдим. Ишонаманки, бу асар кўп сонли ҳинд китобхонларига манзур бўлади, улар томонидан катта қизиқиш билан ўқилади. Бу эса халқларимиз ўртасидаги маънавий яқинликни янада мустаҳкамлайди.
Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот нафақат алоҳида таржимонларни рағбатлантиради, балки бадиий таржима соҳасининг умумий ривожига ҳам хизмат қилади. Бу мукофот орқали таржимашунослик учун янги тадқиқот объектлари яратилади, ўзбек адабиёти тарғиботи учун уфқлар кенгаяди, ёш таржимонларни тарбиялаш ишлари янги босқичга кўтарилади. Энг муҳими, адабиёт орқали халқлар ўртасидаги маънавий мулоқот янада мустаҳкамланиб, адабий дўстлик абадий дўстликка айланаверади.
Улуғбек РЎЗИМАТОВ, (“Халқ сўзи”).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- Ўзбекистонда ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар QR-кодсиз фаолият юритса жаримага тортилади
- Ҳоким ёрдамчиси кимга ёрдамчи?
- Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот совриндорлари маълум бўлди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг