Қозоғистондан сенсация, Испаниядан йирик ғалаба
Кеча, 15 ноябрь куни Европа минтақасида Жаҳон чемпионати саралашининг навбатдаги тур ўйинлари бўлиб ўтди.
Қозоғистон кучли рақибга муносиб қаршилик кўрсатди
Кун доирасида ўрин олган баҳсда Қозоғистон терма жамоаси ўз майдонида «J» гуруҳида етакчи бўлиб турган Белгия терма жамоаси билан куч синашди.
Гуруҳларда жамоалар сони 5 та бўлгани сабабли ҳар турни 1 тадан жамоа ўтказиб юбормоқда. Шу сабаб Қозоғистон терма жамоаси ушбу ўйинда саралашдаги сўнгги ўйинини ўтказди ва кучли рақибга муносиб қаршилик кўрсатди.
Ўз навбатида мазкур ўйинда қўлга киритилажак ғалаба Белгия терма жамоасини муддатидан аввал мундиалга олиб чиқиши ҳам мумкин эди. Аммо амалда бундай бўлмади.
Учрашувда ҳисоб 9-дақиқада Достон Сатпаев томонидан очилди. Ушбу голи орқали Достон Қозоғистон терма жамоаси тарихида гол киритган энг ёш футболчига айланди. Сатпаев ушбу голни киритганда 17 ёш 3 ой-у 2 кунлик эди. Биринчи бўлим 1:0 ҳисобида якунланди.
Иккинчи бўлимнинг 48-дақиқасида «Брюгге» футболчиси Ҳанс Ванакен ҳисобни тенглаштирди. 1:1 ҳисоби ўйин якунига қадар сақланиб қолди. Шу тариқа Қозоғистон терма жамоаси FIFA рейтингида ўзида 107 поғона олдинда бораётган терма жамоадан 1 очко олишни уддалади.
Қозоғистон — Белгия 1:1
Голлар: Сатпаев (9) — Ванакен (48).
Қозоғистон — Анарбеков, Каиров, Қасим, Алип, Ворговский, Оразов, Тапалов, Чесноков, Самородов (Караман, 80), Кенжабек (Ашурбек, 56), Сатпаев (Свиридов, 56).
Белгия — Зелс, Кастан, Теате, Де Винтер, Сейс (Де Куйпер, 81), Раскин, Онана (Тилеманс, 71), Доку, Ванакен, Де Кетеларе (Опенда, 71), Троссар (Салемакерс, 71).
Испания терма жамоасидан йирик ғалаба
«E» гуруҳида етакчи бўлиб турган Испания терма жамоаси ушбу тур Тбилиси шаҳрида меҳмон бўлди. Луис де ла Фуэнте шогирдлари бу гал Грузия терма жамоасини йирик ҳисобда мағлубиятга учратди.
Учрашувда ҳисоб 11-дақиқадаёқ очилди. «Реал Сосьедад» ҳужумчиси Микел Ойарсабал пеналтидан унумли фойдаланди.
22-дақиқа «Арсенал» футболчиси Мартин Субименди ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. Тайм сўнгида «Барселона» футболчиси Ферран Торрес испанларнинг учинчи голини киритди. Биринчи бўлим 3:0 ҳисобида якунланди.
Иккинчи бўлим ҳам «қизил фурия»нинг тўлиқ устунлиги остида ўтди. 63-дақиқада Микел Ойарсабал ўйиндаги сўнгги голни киритди. Якуний ҳисоб 4:0, Испания фойдасига.
Ушбу ғалаба эвазига Испания терма жамоаси деярли мундиал йўлланмаси масаласини ижобий ҳал этишни уддалади. Жамоа сўнгги турда ўз майдонида Туркияга 7 та тўп фарқи билан ютқазмаса, Жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри йўлланма олади.
Грузия — Испания 0:4
Голлар: Ойарсабал (11 пен., 63), Субименди (22), Торрес (34).
Грузия — Гочолейшвили, Лочошвили, Гогличидзе (Кашиа, 46), Мамучашвили, Табатадзе (Квернадзе, 57), Меквабишвили (Цитаишвили, 71), Китеишвили, Давиташвили (Абуашвили, 71), Зивзивадзе (Квилитая, 71), Кварацхелия.
Испания — Симон, Порро (Льоренте, 46), Кубарси, Лапорт, Кукурелья, Мерино (Фермин, 62), Субименди, Руис (Барриос, 62), Торрес (Пино, 80), Баэна, Ойарсабал (Иглесиас, 71).
Туркия курашда давом этади
Туркия терма жамоасининг ҳужум чизиғи Жаҳон чемпионати саралашида жуда яхши ишлади. Турклар 5 та ўйинда рақиблари дарвозасига 15 та гол киритишни уддаладилар. Аммо жамоанинг мудофааси мақтайдиган аҳволда эмас. Монтелла бошчилигидаги жамоа саралаш давомида 10 та гол ўтказиб юборганидан буни тушуниш мумкин.
Айнан шу ҳолат саралаш якунига келиб Туркиянинг зарарига ишламоқда. Жамоа сўнгги турда Испанияни 5:0 ёки 6:0 ҳисоблари билан мағлуб этса ҳам мундиалга йўл ола олмайди. Туркларни фақат 7 та гол фарқи билан қўлга киритиладиган ғалаба қаноатлантиради.
Аслида ушбу турнинг ўзида Монтелла бошчилигидаги жамоа мундиалга тўғридан-тўғри чиқарилувчи йўлланмадан маҳрум бўлиши мумкин эди. Аммо жамоа мазкур турда ғалаба қозонишни уддалади.
Болгарияга қарши кечган ўйиннинг 18-дақиқасида ҳисоб очилди. «Интер» футболчиси Ҳақан Чалҳонўғли пеналтидан ҳисобни очди. Биринчи бўлим 1:0 ҳисобида якунланди.
Иккинчи бўлимнинг 83-дақиқасида Болгария терма жамоаси ҳимоячиси Атанас Чернев ўз дарвозасига гол киритиб қўйди. Шу тариқа ўйин Туркиянинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Туркия — Болгария 2:0
Голлар: Чалҳонўғли (18, пен.), Чернев (83, автогол).
Туркия — Чақир, Челик (Айхан, 61; Каразор, 81), Демирал (Ақайдин, 46), Бардакчи, Кадивоғли (Мулдур, 61), Чалҳонўғли, Юксак, Айдин, Гулер (Сари, 88), Йилдиз, Актуркўғли.
Болгария — Митов, Георгиев, Димитров, Чернев, Петров, Крастев, Груев, Краев (Чочев, 72), Димитров (Петков, 72), Русев (Николов, 85), Десподов (Минчев, 63).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Лўлилар фақат тиланчими?...” Улар яшаётган маҳалладан фоторепортаж
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг