Қўштепада иш бошлаган ижтимоий устахонада қисқа даврда 45 нафар хотин-қизлар ҳунар ўрганиб, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйди

13:57 22 Январь 2026 Жамият
248 0

Қўштепа тумани “Инсон” марказида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, айниқса, оила бекаларини касб-ҳунарга ўргатиш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилган.

Яқинда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида марказ қошида ижтимоий устахона ўз фаолиятини бошлади. Бу ерда тумандаги кам таъминланган оилалар вакиллари учун тўқувчилик ҳунари бепул ўргатилмоқда.

—Ўтган қисқа даврда 45 нафар хотин-қизлар миллий ҳунар – тўқувчилик сир-асрорларини мукаммал ўрганиб, ҳозирда мустақил равишда фаолият олиб бориш орқали кичик бўлса-да ўз тадбиркорлигини йўлга қўйди,—дейди марказ психологи Муҳаррамхон Узоқова.—Эзгу ташаббус ушбу оилаларни муқим даромад манбаи билан таъминлаши, жамиятимизнинг фаол ва тўлақонли аъзосига айлантириши билан ғоятда аҳамиятлидир.

Эътиборлиси, янги иш бошлаган ҳунармандлар қўл меҳнати асосида тайёрлаган маҳсулотларини ижтимоий тармоқлар орқали онлайн тарзда сотиши учун махсус платформа ташкил этилди. Ўз навбатида мазкур платформада доимий буюртмалар олиш ҳамда ҳамкорлик кўламини тобора кенгайтириб бориш имконияти мавжуд. Бу кучли рақобат шароитида бироз тажрибасиз бўлган янги тадбиркорлар барқарор даромад олишига кўмаклашади.

Туманнинг “Янги дўкон” маҳалласида истиқомат қилувчи Раҳимахон Рустамова болаликдан тўқувчиликка қизиқарди. Ижтимоий устахона очилгани ҳақида эшитиб, машғулотларда мунтазам қатнашди ва қисқа вақт ичида ушбу ҳунарни тўлиқ ўрганиб олди. Ҳозирда у оддий рангли иплардан фойдаланган ҳолда 50 турдан зиёд табиий маҳсулотлар тайёрламоқда. Тайёр маҳсулотларини онлайн савдо платформаси орқали Фарғона вилоятининг исталган шаҳар ва туманидаги харидорларга етказиб беришида ҳеч қандай муаммо йўқ.

Марказ психологининг қайд этишича, момолардан мерос тўқиш ҳунари шунчаки даромад манбаигина эмас. Бу жараён асаб тизимини тинчлантиради, турли стресс ва руҳий зўриқишларни енгишга ёрдам беради. Демак, опа-сингилларимизнинг ҳам руҳий, ҳам ижтимоий барқарорлигини таъминлашда бундай саъй-ҳаракатлар катта самара беради.

Айтиш жоиз, марказ масъуллари яқин истиқболда ижтимоий устахона фаолиятини янада кенгайтириш ҳамда бугунги давр талаби асосида қўшимча ҳунарлар ўргатишни йўлга қўйишни мақсад қилишган.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?