Қонун тақиқлаган иллатнинг иси чиқмай қолмайди
Olx, бу — муайян давлатларда онлайн майдон хизматларини тақдим этувчи эълонлар платформаси. У одамларни товар ёки хизматларни сотиб олиш, сотиш ва алмаштириш орқали бирлаштиради.
Мазкур платформа ёрдамида ҳар бир киши мобил мосламасидан ёки компьютердан эълонларни жойлаштириши мумкин. Бу қувонарли ҳамда қулай, албатта. Бироқ бундан ким қандай мақсадда фойдаланишига боғлиқ. Айни замонга келиб, турли онлайн хизматлар ниқоби остидаги беҳаё хизматлар, афсуски, кўпайиб бормоқда.
Мавзу қанчалик нозик бўлмасин, уни тилга олдикми, борини айтайлик. Эндигина 23 баҳорни қаршилаган, ҳали турмушга чиқмаган Дилара (исм ва жой номи шартли)нинг оилавий шароити оғир эди. Боз устига талаба, ўқишини тамомлаши учун ҳали яна бир йил бор. У ўйлаб-ўйлаб ишлашга қарор қилди ва интернет тармоғидаги “olx” платформаси орқали ўзига “маъқул келган бир иш” топди.
Ҳа, агар, ҳалол ишлаганида эди, иши, топиши ёмон эмасди. Аммо у ўтган кунлари, тотган қийинчиликларини тез унутди. Қўлига келиб турган ҳалолига қаноатсизлик қилди. Иш жойидан бошқача йўлда ҳам фойдаланса бўлишини идрок қилиб, ўйлаганини амалда қўлламоқчи бўлди.
Тошкент шаҳридаги соғломлаштириш марказларининг биридаги СПА салонида иш бошқарувчи бўлиб ишлаётган Д.Юнусованинг хизмат вазифаси салонга келган мижозлардан массаж хизмати учун тўланадиган ҳақ ва массажчи қизлар улушини бериш тартибларини ушлаб, бу ердаги ишларга бош-қош бўлиб туришдан иборат эди.
Тошкентдаги олийгоҳлардан бирининг 3-босқич талабаси бўлган Дилара бу ерга келаётган мижозлар ҳамда қизлар билан тиллашиб салонда қўшмачилик ишларини ҳам амалга ошириш мумкинлигини ўйлади-ю, бу ишнинг харомлиги, на шариат, на қонун уни ёқлашини ҳаёлига келтирмади. У салонга онлайн эълон асосида келаётган ўзи каби “ориятсиз овчилар”га массажнинг ғайритабиий усулларидан сўзлаб, уларни харом йўлга чалғитиш билан бирга, пулини “шилиш”ни бошлади.
Ижтимоий тармоқларда бир қарашда анчайин табиий кўринган бу каби “ов” жамиятда Дилара каби боқиманда авлод занжирини яратаётгани билан асоратли иллатдир. Аммо қонун тақиқлаган ҳар қандай иллатнинг иси чиқмай қолмайди.
Инчунун, ориятини йўқотган бу қизнинг кирдикори ҳам фош бўлмай қолмасди. Оқиб келиб турган мўмай даромаддан ўзгани тан олмай, кўзини шира босган Дилара навбатдаги мижозларни қабул қиларкан, массажнинг “классика”, “релакс”, “микс”, “каралевский”, “султанский” каби усуллари борлигини айтиб ишваланди. Мижозларнинг қайси турдаги массажни таклиф этасиз, деган саволларига эса “релакс”ни деди-ю, унинг “сир-синоатлари”ни тушунтириб ўтди.
— Нархи қанча бўлади буни энди?
— Ҳар бир кишига 700 минг сўмдан.
Мижозлар 1 400 000 сўм пулни ташлашди-ю, массажчи қизлар орасидан ўзларига маъқул келганини танлашди. Пулни кўриб кўзи қувнаган Д. Юнусова бу галги мижозлар холис иштирокчилар, бўлаётган ишлар эса махсус рейд тадбири эканлигини билмасди, албатта.
Орадан ярим соатлар ўтиб-ўтмай марказга ташриф буюрган ИИБ ходимлари Д. Юнусовадан бу ерда нималар содир бўлаётганлигини сўрашди.
Бамайлихотир, “қизлар массаж билан шуғулланишяпти”, дея жавоб қилган Диларанинг сўзларини ичкаридаги шармандали ҳолат, афсуски, инкор этди.
Тарихда отасининг изнисиз остона хатлашга ҳад қилолмаган қизларимизнинг айримлари бугунга кунга келиб нималарни қилиб юришибди, деган ачинарли савол қалбингни тирнайди.
Халқимизда шундай доно мақол бор: “Ким қилмагай, ким тортмагай”. Ўзи қийинчилик важидан талаба ҳолида иш ва пул топишни мақсад қилган, ҳалол-харомни унутган “ориятсиз овчи” Д.Юнусова суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 131-моддаси 2-қисми билан айбли деб топилиб, қонунда кўрсатилган жазога тортилди.
Акром АРИПОВ,
Олий суд бош консультанти.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг